Аҳоли мурожаатларини ўрганиш, уларни қийнаб келаётган масалаларга ижобий ечим топишда жойларда ўтказилаётган оммавий қабулларнинг ўрни катта аҳамият касб этмоқда. Энг асосийси, қабулларда нафақат шахсий, оилавий, балки маҳаллалар инфратузилмаси билан боғлиқ қатор муаммолар бартараф этилиб, фуқароларнинг турмуш шароити яхшиланмоқда.
2023 йилнинг якунлари бўйича Дўстлик туманида жами 234 бор туман сектор раҳбарларининг аҳоли билан сайёр қабули ўтказилди. Сайёр қабулларда 1330 нафар фуқаронинг 1384 та масаласи ўрганилди. 989 та мурожаат ижобий ҳал этилган бўлса, 167 та мурожаатга ҳуқуқий, 23 тасига эса асосли тушунтиришлар берилди. Фуқаролардан келиб тушган 159 та мурожаат ўрганиш жараёнида, 32 таси муддатли назоратга олинган.
—Ҳар бир мурожаат назоратга олинган, унинг замирида инсон қадри, омили турибди, —дейди Дўстлик туман халқ қабулхонасининг етакчи мутахассиси Эргаш Алиев. —Ҳудудимизда ўтган йилги вилоят ҳокимининг оммавий қабулида қаҳрамонлик Турсун Жўраев кўзини хорижда операция қилдириш учун, Наврўз маҳалласидан Наргиза Тошпўлатов фарзанди Темурбекни, чинободлик Ҳалим Идрисов отасининг соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам сўраб, вилоят раҳбарига қилган мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилганди. Сайёр қабулда учта оила вакиллари вилоят ҳокимига ўшанда севинч кўз ёшлари ила миннатдорчилик билдиришганди.
Ўтган шанба куни “Манас” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги маданият марказида вилоят ҳокимининг туман аҳолиси билан оммавий қабули бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов кириш сўзи билан очиб, Президентимиз ташаббуси билан республикамизда илк бор 2018 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури ижроси амалга оширилган манзилда сайёр қабулнинг бежизга ўтказилмаётганлигига эътиборни қаратди.
Оммавий қабулда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдували Мустанов сўзга чиқиб, туманда ўтган йили амалга оширилган давлат дастурлари ижросига алоҳида тўхталиб ўтди.
Туманда 2023 йилда 6 та дастур доирасида 57 та иншоотда 127,2 млрд. сўмлик қурилиш –таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан,
Чинобод маҳалласидаги 46 та кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа иншоотлари учун 4 км. канализация тармоғи ва 1 та оқова сув насос станцияси қурилди. Мевазор, Манас маҳаллаларининг электр таъминоти тизими яхшиланди. “Дўстлик – Янгиер” автомобиль йўлининг Қаҳрамон ва Олтин водий маҳаллаларидан ўтувчи 17 км. қисми жорий таъмирланди. Наврўз ва Манас маҳаллаларига борувчи автомобиль йўлидаги кўприк мукаммал таъмирланди. “Манас” МФЙ ҳудудидаги 5 та кўчага 4,6 км. асфальт қопламаси ётқизилди.
“Хўжам Исроилов”, “Янги тараққиёт” ва “Жиззах остонаси” фермер хўжаликлари уюшмалари ҳудудларида ёпиқ ва ётиқ дренаж тармоқлари қурилди. “Мингчинор” массивидаги янги қурилаётган кўп қаватли уйларга ичимлик ва оқова сув тизимлари барпо этилди. Алишер Навоий, Ғофур Ғулом, Чинобод ва Саноатчилар маҳаллалари ҳудудларида 7 та тик дренаж қудуғи қурилиб, 9 км. ички коллектор тозаланди. Боғзор ва Манас маҳалласидаги янги аҳоли хонадонларига ичимлик суви тармоғи тортилди.
“Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида Раҳим Есенқулов, Деҳқонобод, Сумбула ва Манас кўчаларида 2,3 млрд. сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди.
2024 йилга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига мувофиқ тумандаги 9,18-умумтаълим мактабларини қурилиш-таъмирлаш, Саркисов, “Янги тараққиёт”, “Жиззах остонаси” ва “Истиқлол” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаларида 14 км. ёпиқ –ётиқ дренаж тармоғи барпо этиш учун республика бюджетидан 15 млрд. сўм маблағ ажратилади.
“Манас” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб вилоят ҳокимининг оммавий қабулида 31 нафар фуқаронинг 45 та масаласи тингланди. Мурожаатларни қонун доирасида белгиланган муддатларда ўрганиб, ижобий ҳал этиш учун вилоят ҳокими ўринбосарлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Зоир ЭРГАШЕВ.