“ЖАДИД” ГАЗЕТАСИНИ ВАРАҚЛАБ…

 “Жадидлар ғоялари Янги Ўзбекистонни  барпо этиш стратегияси билан ҳамоҳанг”

Шавкат Мирзиёев.

 

Маълумки, 2023-йилнинг 22-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган эди. Ушбу йиғилиш ҳозирги кундаги ҳаётий муаммоларни маънавият ва маърифат орқали енгиб ўтишга бағишланди, десак муболаға бўлмайди.  

Замон шиддат билан ривожланиб бораётган бир пайтда ёш авлодни илм-фанда илғорлаштириш билан бирга миллий қадриятларимизнинг билимдони этиб тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга. Буюк мутафаккирларимиз Абу Наср Форобий қарашларида фозил инсон, фозил шаҳар деб қайд этилган бўлса, қомусий олим Абу Али Ибн Сино асарларида ахлоқнинг оиладан бошланиши маърифатли давлат барпо этилишининг асосий омили эканлиги илгари сурилган. Буюк ҳадисшунос олим Имом ал-Бухорий ҳадисларидаги инсонийлик, ҳалоллик, одиллик, ватанпарварлик ғоялари ҳамон чексиз зиёга эга қуёш каби бутун дунё доҳийларини мафтун этмоқда.

Шундай буюк меросимиз бўлсаю, биз ундан оқилона фойдаланмаслигимиз, атрофимизда турли ёт ғояларни, жаҳолатни тарғиб этгувчиларнинг кўпайишига йўл қўйишимиз мумкинми? Йўқ албатта. Ижтимоий тармоқларда, театр, кинода, мақолаларда, болажонлар учун яратиладиган адабиётлар, саҳна асарларида тарихимизнинг бой қирраларини, Тўмарису Широқдан тортиб жадид маърифатпарварларнинг ҳаёт йўлини кўрсатиш ёшлар олдидаги фарзимиздир.

Президентимизнинг “Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти”, деган ҳақли эътирози барчамизни ҳушёрликка ундайди.

 Яқинда пойтахтимизда ўтказилган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги илмий конференсия жаҳон маданий жамоатчилиги ўртасида катта қизиқиш билан эътироф этилди.

ХХ аср бошларида халқимизни озодлик ва илм-маърифат учун курашга чорлаган жадид боболаримизни эслайлик. Улар миллатни уйғотиш, уни тараққиёт сари ундаш учун ҳам ишни энг аввало газета таъсис этишдан бошлашган. “Таржимон”, “Ойина”, “Тараққий”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона”, “Нажот”, “Ҳуррият”, “Ал-ислоҳ” каби босма нашрлар орқали миллий истиқлол, ҳуррият, маърифат каби ҳаётбахш ғояларни халқ ичига олиб киришга интилганлар.  

Президентимиз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, Маънавият ва маърифат маркази, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Шаҳидлар хотираси” жамғармаси ҳамда жамоатчилик вакилларининг “Жадид” номли янги газетасини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Ушбу нашр Ватан ва халқ манфаатлари йўлида жон фидо қилган миллат ойдинлари – жадид боболаримизнинг ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб этишда ўзига хос тафаккур майдони бўлиши мақсад этилди.

Газета илк сонининг мазмун-мундарижасига келсак, у ниҳоятда ранг-баранг ва қизиқарли мавзуларни қамраб олган. Хусусан, бош муҳаррир Иқбол Мирзонинг “Муҳаррир минбари” рукни остидаги “Бирлашмоқ даври” сарлавҳали бош мақоласида газета саҳифаларининг мақсад-муддаолари ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, бугун дунёда янгиланаётган Ўзбекистон сифатида эътироф этилаётган мамлакатимизда кечаётган маърифий ислоҳотлар, жадид боболаримизнинг ғоя ва интилишларига нечоғлик ҳамоҳанг эканлиги равон, халқчил тарзда ифода этилган. Бундан ташқари газета саҳифаларида “Манбалар”, “Тамаддун”, “Ойина”, “Боқий мерос”, “Давр руҳи”,  “Мерос”, “Мозий сабоғи”, “Фикр майдони” каби рукнлар остида  таниқли адабиётшунослар,  ёзувчилар, публицистлар, олимлар, тарихчиларнинг илмий-оммабоп  мақолалари жой олган.   

Дарҳақиқат, “Жадид” газетаси том маънода маърифатпарвар  боболаримиз орзу қилган янги замоннинг шукронаси, Ватан ва халқ манфаатлари йўлида бугун яна миллат ойдинларини бирлаштиришдек эзгу ғоя тантанасидир. Ушбу нашр халқимиз зиёлилари, кенг жамоатчилик томонидан янги фикр уфқларини очгувчи маърифий нашр сифатида катта кўтаринкилик  билан кутиб олинди. 

 Президентимиз табири билан айтганда “Жадид” газетаси юқорида айтилган эзгу анъаналарни давом эттириб, улуғ аждодларимизнинг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси билан муштарак бўлган ғоя ва дастурларини атроф­лича ёритиш, бу қутлуғ меросни эл-юртимиз, биринчи навбатда, ёшларимизнинг қалби ва онгига етказишда, жамоат­чилик фикрини шакллантиришда ўзига хос эркин минбар бўлади, деб ишонамиз.

 

Мавлонбек ДОНИЯРОВ,

Жиззах давлат педагогика университети,

Бошланғич таълим факултети ўқитувчиси.  

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *