Банкдан кредит олиб тадбиркорлик қилмоқчи бўлаётган фуқаролар жуда кўп. Ана шундай имконият ва имтиёз баъзи банк ходимларининг ҳам иштаҳасини очиб юборди. Улар худди булоқ бошида туриб сувда оқиб келаётган пулларни олишолмаса камабағал бўлиб қолаётгандек сезишди ўзларини. Шу боис минглаб фирибгарлик йўлларини излашди. Битта жиноий гуруҳга бирлашган фирибгар банкирлар оддий кишиларнинг паспортлари асли ва нусхаларини топиб, маҳаллаларидан зарур маълумотномаларни олишган. Уларга кредит расмийлаштириб, кредит маблағларини ўзлаштирганлар, талон-тарож қилганлар. Бироқ охир-оқибат қинғирликнинг қийиғи чиқди.
Судланувчи Парда Сардоров (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 2021 йил июль ойидан 2022 йилнинг 16 ноябрига қадар “Микрокредитбанк” АТБ Жиззах вилоят минтақавий филиали Зилол банк хизматлари марказида менежер вазифасида ишлаб келган. У филиалнинг банк хизматлари маркази бошлиғи Узоқ Бўтаев ва бошқа шахслар билан жиноий тил бириктириб, кўплаб қинғирларга қўл уришади. У фуқаро О.Маликованинг шахсига оид маълумотларни ғайриқонуний йўл билан қўлга киритиб, кредит шартномаси ва бошқа ҳужжатларни унинг номидан имзолаб, филиал томонидан 33 миллион сўм кредит маблағи ажратилишига эришади. Кредит маблағини ўзи норасмий раҳбарлик қилиб келаётган “Чўққили боғ замини” МЧЖга ўтказиб, нақдлаштириб олади.
Иштаҳаси карнай бўлиб кетган П.Сардоров филиалнинг Зилол банк хизматлари марказида шартнома асосида агент вазифасида ишлаб келган Карим Хаитов ҳамда У.Бўтаевлар билан жиноий тил бириктириб, яна бир фуқаронинг шахсига оид маълумотларни ғайриқонуний қўлга киритадилар. Яна 33 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилишига эришадилар.
Фуқаро Ш.Ботирова яхши ниятда Зилол банк хизматлари маркази бошқарувчиси номига имтиёзли кредит маблағи ажратиш ҳақида ариза ёзади. Фирибгарлар аёлнинг номига 40 миллион сўмлик кредит маблағи расмийлаштириб, унга масъулияти чекланган жамият томонидан тикув машиналари етказиб берилганлиги тўғрисидаги ҳисобварақ-фактураларини маҳалладаги ҳоким ёрдамчисига имзолатиб ҳам олишади. 40 миллион сўмни эса нақдлаштириб, чўнтакларини қаппайтирадилар. Тикувчи аёлга эса унинг номига кредит ажратилмаганлигини маълум қилишади. Шу тарзда қаллоблар 20 нафардан зиёд фуқароларнинг кредитларини ўзлаштириб, талон-тарож қилиб юборадилар.
Яна бир ҳолатда судланувчи П.Сардоров Фориш тумани давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтказилган МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, боғдорчилик ва полизчиликни ривожлантириш учун АТ “Халқ банки” Фориш филиалидан 223 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиш мақсадида яна бир қинғирликни бошлайди. У таъминотчи МЧЖ раҳбари Султон Турдиев билан 33-сонли юк хатига 100 млн. сўмлик кўчатлар, 45 млн. сўмлик трансформатор, 2 дона 10 млн. сўмдан бўлган сув насоси, 58 млн. сўмлик сим етказиб берилганлиги ҳақидаги сохта маълумотларни киритадилар. АТ “Халқ банки” Фориш филиали ходимларини туман ҳокимининг қарорига асосан ажратилган контурдаги ерга олиб бормасдан, бошқа фуқаро томонидан барпо этилган боғни гўёки ўзи барпо этганлигига ишонтириб, 223 млн. сўм кредит маблағлари ажратилиши мувофиқлиги тўғрисида қалбаки мониторинг далолатномаси расмийлаштирилишига эришади. Ажратилган маблағни таъминотчи жамият ҳисобига ўтказиб, унинг раҳбаридан 209 млн. 620 минг сўмини олиб, яна ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Судланувчилардан яна бири Карим Хаитов ҳам 2021 йилдан 2022 йил ноябрь ойига қадар Зилол банк хизматлари марказида шартнома асосида агент вазифасида ишлаб келиб, қуйидаги жиноий ҳаракатларни амалга оширади:
У ўзига олдиндан таниш бўлган Имрон Собировга марказда ишлашини, унга кредит маблағи ажратиб берилишида ёрдам бериши мумкинлигини шипшитади. Карим Хаитов унга иссиқхона қуриш учун 24 млн. 750 минг сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағи ажратилишига эришади. Имронга “Сизга кредит ажратилиши рад этилди” деб жавоб беради. Орадан бироз вақт ўтгач, Имрон ўзининг номига кредит расмийлаштирилганлигини билиб қолади ва тегишли ташкилотларга арз қилишини айтади. Банкир миси чиқиб қолмаслиги учун унга 14 миллион сўмини бериб, қолган қисмини ўзига олиб қолади.
Нафс балоси банкирларга тинчлик бермасди. Шу боис улар янги-янги ҳийла-ю найрангларни ўйлаб топишарди. К.Хаитов У.Бўтаев ва бошқа шахслар жиноий тил бириктириб, Жиззах шаҳридаги МЧЖ ҳамда Зилол банк хизматлари маркази ўртасида кредит шартномасига асосан автомобилларга техник хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун ускуналар ва жиҳозлар сотиб олиш учун ажратилган 100 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағига ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириб, маблағни нақдлаштириб олади. К.Хаитов 30 нафардан зиёд фуқароларнинг номига кредит расмийлаштириб, пулларни нақдлаштириб олади. У яна кўплаб фуқароларни чув туширади.
Судланувчи Ў.Бўтаев 2020 йил 9 июндан ҳозирга қадар “Микрокредитбанк” АТБ Жиззах вилоят минтақавий филиали Зилол банк хизматлари маркази бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, марказда ишловчи бир неча ходимлар билан жиноий тил бириктириб, киссасини қаппайтирганлардан бири. У билан бирга банкнинг 10 нафар ходимлари кўплаб фуқароларни чув туширишди, кредит маблағларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб, талон-тарож қилдилар.
Одамларни норози қилган банкирларнинг қинғирликлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан фош қилинди. Суд хукмига биноан П.Сардоров 7 йилу 6 ойга, унинг жиноий шериги К.Хаитовга 7 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Бу ишларга аралашиб, кредит маблағларини нақдлаштириб берган жамият раҳбари С.Турдиев эса 5 йилу 6 ойга қамаладиган бўлди. Қолган банкирлар ҳам тегишли жазосини олди. Шундай қилиб банкдаги қинғирликлар ўз интиҳосига етди.
Аммо, юқорида зикр этилган банкирларнинг қисмати бугунги кунда банк ва бошқа молия муассасаларида фаолият кўрсатаётган ходимлар учун огоҳлик қўнғироғидек жаранглаган бўлса, ажабмас. Қинғирликнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади. Жиноят эса жазосиз қолмайди.
Лочин БЕК.
(“Жиззах ҳақиқати”)