ТАРАҚҚИЁТ НОМИГА МУНОСИБ МАҲАЛЛА БЎЛАДИ

 “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла”

—Тинчликми, Баҳриддин ака, шу кунларда маҳаллаларинг биноси атрофида бегона машиналар турганига, идорага    нотаниш  кишилар тез-тез кириб чиқаётганидан хавотирдаман,—дейди киракаш амаки  ёнида ўтирган олтмиш ёшлар атрофидаги  таниш йўловчига.

—Маҳалламиз худо хоҳласа энди янада обод бўлади, каттаю кичик раҳбарларнинг барчаси шу ерда. Кеча маҳалла раиси Ҳусниддин  уйимизга келиб, “Эртага қабристонга ҳашарга боринг” деб кетди. Ўғлимни жўнатдим, тушдан сўнг ўзим ҳам бораман. Хуллас, Наврўз байрамигача маҳалламиз  қиёфаси ўзгача бўларкан.

 Давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маҳалла тизимига дахлдор бўлган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз ҳар бир ҳудуддан вилоят секторлари кесимида ҳар чоракда 1 тадан маҳаллада “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича топшириқ берди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, маҳалла институтини жамиятдаги ролини тубдан ошириш, маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича топшириқлар ижросини самарали таъминлаш мақсадида чора-тадбирлар режаси белгиланди.

Жумладан, Зарбдор туман ҳокимлиги томонидан 2024 йилнинг I чорагида “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича танлаб олинган “Тараққиёт” МФЙда аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш бўйича туман штабининг таркиби, ишчи комиссия гуруҳи аъзолари ҳамда масъулларнинг рўйхати тасдиқланиб,  “Йўл харитаси”  ишлаб чиқилди.  

“Тараққиёт” МФЙда 5905 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд майдони 52,5 гектардан иборат бўлиб,  Тараққиёт маҳалласи, Олтинсой қишлоғи ҳамда Янги ҳаёт (Хутор) аҳоли яшаш пунктидан таркиб топган.  Маҳалланинг драйвери деҳқончилик ва чорвачилик ҳисобланади. Ҳудудда 3 та мактаб, 1 та қишлоқ врачлик пункти, маҳалла биноси, шунингдек, 15 та озиқ-овқат дўкони, 2 та workout спорт майдончаси бор. Ягона ижтимоий ҳимоя реестрига 518 нафар аҳоли киритилган. “Аёллар дафтари”да 118 нафар, “Темир дафтар”да 3 нафар, “Ёшлар дафтари”да 1 нафар киши туради. 36 нафар ногирон, 28 нафар ишсиз аҳоли  рўйхатга олинган.

 —Уйма-уй юриб, аҳолини хатловдан ўтказдик, уларнинг муаммолари ва мурожаатларини ўргандик,—дейди “Тараққиёт” МФЙ раиси Ҳусниддин Шерматов.

          “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш учун аҳоли томонидан қатор  таклифлар билдирилди. Маҳалла ҳудудида мактабгача ёшдаги 341 нафар болалар бўлиб,  айни пайтда 4 та оилавий боғча фаолият олиб бормоқда. Мактабгача таълим муассасалари сонини кўпайтириш, шу жумладан, қишлоқдаги 1990 йилдан буён бўш турган собиқ боғча биносида (бугунги кунда хусусий мулкка айлантирилган) давлат хусусий шерикчилик асосида таълим ташкилотини ташкил этиш  зарурати мавжуд.

 Янги ҳаёт аҳоли яшаш пунктида жойлашган 23-сонли умумтаълим мактабини капитал таъмирлаш,  бўш турган бинонинг қолган қисмини ҳам мослаштирилган мактаб биноси учун реконструкция қилиш зарур. Шу қишлоқ аҳолисининг маҳалла марказидаги оилавий шифокорлик пунктига бориши учун йўл олислик қилади. Шу мақсадда қишлоқ оқсоқоллари масъуллардан тиббий хизмат кўрсатишга мослаштирилган бир дона контейнер ўрнатишни таклиф этишди.

“Йўл харитаси”га мувофиқ   Олтинсой қишлоғидаги Олтинсой кўчасининг 1 километр,  “Тараққиёт” МФЙ марказида жойлашган Боғишамол ва Гулистон кўчаларининг 1,2 километр қисмига асфальт қопламаси ётқизилиб,  Янги ҳаёт қишлоғига олиб борувчи 5 км. йўлни асфальт билан ямаш ишлари амалга оширилади. Ипак йўли кўчасидан маҳалла марказига  қатновчи аҳоли ва мактаб ўқувчилари  учун  1,3 км. пиёдалар йўлакчаси барпо этилади.

Маҳалла аҳолиси ва хонадонлар сонининг ўсиши ҳисобига қўшимча янги учта трансформатор, Ипак йўли кўчасида яшовчи
25 та хонадон учун   72 дона бетон-таянч  устунлари ва 1,3 км. электр тармоғи тортилади.  Маҳалла марказидаги  Боғишамол, Гулистон, Тиббиёт ва Зомин кўчаларига 40 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилади.

 —Маҳалламиздаги  мавжуд 728 та хонадонда ободонлаштириш ишлари бошланди, — дейди “Тараққиёт” МФЙга бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Даврон Абдуваитов. —  37 та кўчага бириктирилган туман ташкилотлари томонидан аҳолининг инфратузилма билан боғлиқ муаммолари ижобий ҳал этилмоқда. 10 гектарлик Олтинсой қабристонида айни пайтда туман ободошлаштириш бошқармаси, ҳудуд аҳолиси ташаббуси билан ҳашар ташкиллаштирилди. Унда 150 нафарга яқин  киши иштирок этмоқда.  Ҳашар йўли билан қабристоннинг бир километр атрофи девор билан ўралади.

“Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида тараққиётликлар ҳам  ота-боболари умргузаронлик қилган гўшани янада обод қилиш учун бел боғлашди.  Маҳалла аҳли Наврўз сайлини қўшалоқ байрам сифатида обод хонадонда, обод кўчада, обод маҳаллада нишонлаш учун бугун ҳар қачонгидан эрта уйғонмоқда. Бу уйғониш одамларни, қалбларни бир мақсад, бир ният  шу юртни обод этиш йўлида  бирлаштирмоқда.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *