БЎШЛИҚ ТЎЛДИРИЛИШИ ШАРТ

Яқиндагина бутун жамиятни ларзага солган суд иши – Хоразмдаги педофил амалдорларга уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши ҳолатига эътибор берадиган бўлсак, асосий айб вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ҳисобланди.

Нима учун мақола аввалида бу мисолга мурожаат қилдим? Чунки шахс эркинлиги деганда ҳар бир шахснинг ким билан интим алоқаларга киришиши ҳам тушунилмоқдаки, бу ўта аянчли оқибатга – оилалар ажримига олиб келаяпти.

Фориш туманида 2023 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 61 та ажрим қайд этилди. Афсуски, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 тага кўп. Ҳар бир ҳолат туман оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан синчиклаб ўрганилиб, ажримларнинг деярли барчасига хиёнат сабаб бўлаётгани маълум бўлди.  Агар хиёнаткор аёл бўлса, бу иснод, гуноҳ ва қабоҳатдир. Аммо эркакларнинг бу йўлга кириши ҳаттоки, очиқ-ошкора тус олаяптики, бу мувозанат нормалари бузилишига энг ёмон мисолдир.

Биргина мисол. Туманда яқинда турмуш ўртоғига алам устида пичоқ уришга бориб етган аёл билан суҳбатлашганимизда, уларнинг аслида бир-бирларини севиб турмуш қурганлиги, фарзанди борлиги, аммо сўнгги вақтларда эрининг бир қиз билан танишиб қолиб, унинг ҳомиладор бўлиб қолиши ҳамда унга уйланишини очиқ айтгани сабаб бўлгани ойдинлашди. Ҳозирда бу оиланинг ажрими аниқ-равшан бўлиб турибди. Аммо аёл аччиқ ва алам устида ўзини назорат қила олмаслик даражасига етишига, эркакнинг енгилтаклик ва сурбетлик билан қилган хатти-ҳаракати бошига бало бўлишига  уларнинг оила аъзолари ҳам айбдор. Чунки ўғилнинг шу йўлга кирганидан она, ота, ака-укалар бохабар, фақатгина келин бехабар бўлган. Бу сизга Габриэл Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси”ни эслатмаяптими?

Оиласи хиёнат сабаб ажрим ёқасига келган аёлларнинг изтироб ва ўқинчи шундаки, улар ўзлигини, умрини, ёшлиги, соғлигини бир инсонга бағишлаб, фарзандларига жонини ва бутун борлиғини фидо этиб, эвазига ёқмас, “хунук” бўлиб қолишганига чидай олишмайди. Оилали эркак билан билиб туриб муносабат ўрнатган аёллар билан суҳбатлашганимизда эса, улар “ҳаётда бир марта яшашларини, ўзлари ёқтирган инсон билан умр кечиришни афзал билишлари”ни ошкор қилишади. Бир қараганда, уларни инсон сифатида тушуниш мумкин. Аммо юриш-туришига ҳаром оралаб, оиласи ва кўзмунчоқдек фарзандларидан кўнгли совушига, ота-онаси берган тарбиядан юз ўгиришига сабаб бўлувчи бундай хатти-ҳаракатлар эр йигитларимизни  йўлдан уриб, нопоклик сари бошлаяпти. Ўртада шаръий никоҳ бор ҳам дейлик, аммо бу билан нима яхшиланиб қолади? Қайтага бу  оилага хиёнатни далилловчи қилмиш эмасми? Оғриқли саволлар шу қадар кўпки, бу кетишда жинсий эркинлик тушунчаси янада оғир кўринишларда ҳаётимизда пайдо бўлиши ҳеч гап эмас.

Шахсан менга 10 дан ошиқ аёл турмуш ўртоғининг хиёнат кўчасига кирганлигидан шикоят қилиб, уни йўлдан урган аёлга нисбатан чора кўришни сўраб мурожаат қилди. Аммо бу масалада тушунтириш, суҳбат ўтказишдан бошқа ҳеч қандай таъсир чорасига эга эмасмиз. Аёл ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат этган тақдирда ҳам масала қонунчиликдаги бўшлиқ сабаб таъсирли ечим топмайди.

Аёллар муаммоларига дахлдор мутасадди сифатида мен хиёнат иштирокчиларига қонунчиликда махсус жазо белгилашни таклиф қиламан. Амалдаги қонунчиликда шаръий никоҳ ўқиган диний уламога ва қўшхотинли эркакка МЖтК  ва Жиноят кодексига асосан жарима белгиланади. Кўриниб турибдики, бу таъсир чораси етарли ва таъсирчан эмас. Акс ҳолда ён-атрофимизда хиёнат отли илллат бу қадар урчиб кетмаган бўлар эди.

Оилада аёлнинг жозибали ва латофатли умр йўлдоши бўлиши, умр йўлдошига садоқат ва меҳр кўрсатиши – бу бошқа мавзу. Оила бошининг ҳам ўзига яраша бурчлари борки, бу асло таъминот масаласи эмас. “Эпласа, бўлди-да”, “Йигитчиликда бўлади” каби гапларни айтишдан олдин бир оиланинг тинч-хотиржамлиги, файзу баракаси, болаларнинг тақдирига қора бўёқ суркаётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Хиёнат ҳеч вақт кечирилмайди, аммо қонундаги бағрикенглик хиёнаткорларнинг осон қутулиб кетишига сабаб бўлиб қолмоқда. Мен қонун ижодкорларидан ажримларнинг энг катта сабабчиси бўлиб қолаётган хиёнаткорларга оғирроқ жазо белгиланиши тарафдориман.

 

Элнора УММАТОВА,

Фориш тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.   

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *