ЖИЗЗАХДА АВТОСПОРТ ШОУСИ

Жиззах шаҳридаги “Ёшлар шаҳарчаси”да авто-мотоспорт туризмини ривожлантириш мақсадида “DRIFT SHOW CARAVAN” лойиҳаси бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий мақсади — ёшлар ўртасида авто-мото спортга бўлган қизиқишни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда вилоятнинг туризм салоҳиятини юксалтиришдан иборат бўлди. Вилоят ҳокимлиги ва туризм бошқармаси томонидан ўтказилган ушбу шоу мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ҳамда қўшни Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларидан келган 50 га яқин “дрифтчилар” ва шу йўналишга бефарқ бўлмаган юзлаб мухлисларни қамраб олди.

— Икки йилдан бери Жиззах шаҳрида “DRIFT SHOW CARAVAN” лойиҳасини ўтказиб келяпмиз, — дейди вилоят Туризм бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Азизбек Эгамбердиев. — Йил давомида ҳамкорликда ўтказиладиган автотуризм йўналишга доир халқаро ва маҳаллий тадбирлардан кўзланган асосий мақсад Жиззах вилоятининг туризм жозибадорлигини хорижий давлатларга тарғиб қилиш, вилоятга республика ҳудудларидан маҳаллий туристлар ташрифини кўпайтириш ва ёшларни авто-мотоспортга бўлган қизиқишларини кучайтиришдан иборат.

Автоспортнинг дрифт турида спортчи юқори тезлик остида трасса бўйлаб турли бурилиш ва сирпанишларни амалга оширади. Ўзбекистонда ушбу йўналишда ўтган йилдан бошлаб турли расмий мусобақалар ўтказиб келиняпти.

 – Бугунги тадбир жуда юқори савияда ташкил этилган, – дейди мусобақага Тошкент шаҳридан ташриф буюрган Рустам Умаров.  – Жиззахлик ёшларнинг автоспортга бўлган қизиқиши мени хурсанд қилди. Улар билан ўзим қизиққан соҳада тажриба алмашиш имконига эга бўлдим. Дрифтда биргина тезлик асосий аҳамият касб этмайди, бу диққатни бир ерга жамлаш ва техник билимларни ҳам синовдан ўтказади.

Тадбир давомида автоспортчилар томонидан автомобилларнинг тюнинг кўргазмаси ҳамда турли кўнгилочар дастурлар йиғилганларга ўзгача кайфият улашди. Шунингдек, мутасаддилар билан келгусида вилоятда авто-мотоспорт туризмини ривожлантириш борасидаги янги келишувларга ҳам эришилди.

С.ЮСУПОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *