ЯНГИ ТИЗИМНИНГЯНГИ ВАЗИФАЛАРИ

Давлатимиз раҳбари 2023 йилнинг сентабрь ойида маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш бўйича республика, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари ташкил этилишини эълон қилар экан, «Маҳаллалар — давлатимизнинг энг катта замини. Маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантиришимиз зарур»,  деганди.

Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-204 Фармонида мамлакатимизда маҳаллалар уюшмасини ташкил этилиши белгилаб берилди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилиб, 17 январда унинг раҳбарлар тарки тасдиқланди. Эндиликда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларини ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдували Мустанов бошқариб борган йиғилишда Маҳаллалар уюшмасининг раиси Қаҳрамон Қуронбоев сўзга чиқиб, уюшма олдига қўйилган вазифаларга алоҳида тўхталди:

—  Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим биринчи галда маҳалланинг халқ билан давлат ўртасидаги «кўприк» вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилмага айланишига кўмаклашади. Маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, маҳалла бошқарувида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга оширади. Ҳар бир фуқаро ўзи ва оиласининг келажаги, молиявий аҳволи ва фаровонлигини таъминлашда масъулиятни сезиши, боқимандаликка ўрганмаслик ҳиссини янада кучайтириш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширади. Фуқароларни ўз уйи ва кўчасини озода сақлашга, миллий қадрият ва урф-одатларни ҳурмат қилишга чақириш, маънавий ва маърифий ишларда маҳалланинг ўрнини кучайтириш, аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш чораларини кўради. «Маҳалла еттилиги» томонидан маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этишда кўмаклашади.

Шунингдек, маҳаллалардаги муаммоларнинг ўз вақтида ва самарали ечилишида давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллалардаги вакилларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мувофиқлаштириш ва йўналтиради. Маҳалланинг молиявий имкониятларини ошириш, камбағал оилаларга ажратилаётган бюджет маблағлари ва бошқа маблағларнинг мақсадли ва манзилли йўналтирилишини таъминлаш, маҳаллаларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш, уларга ажратиладиган маблағларни марказлашган тарзда тақсимлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, маҳалла масъулларининг малакасини ошириш, уларда замонавий бошқарув кўникмалари шаклланишига кўмаклашиш каби долзарб ишлар уюшманинг биринчи галдаги вазифаси ҳисобланади, -деди Қ. Қуронбоев.

Йиғилишда Бахтиёр Соатов вилоят Маҳаллалари уюшмаси бошқармасининг раҳбари этиб тайинлангани эълон қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 204-сонли фармонига кўра бошқарма бошлиғи лавозими вилоят ҳокимининг ўринбосари мақомига тенглаштирилади.

Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов раҳбар ҳам, ишчи ҳам, нуроний ҳам маҳаллада яшашини, шунинг учун Президентимиз уюшма олдига қўйган вазифаларни бажаришга барча ҳисса қўшиши лозимлигини таъкидлади.

Асад МУСТАФОЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *