Маҳалла раиси хонасида ўтиравериб зерикди. Бирорта маҳалладоши эшигини очиб ҳеч бўлмаганда салом-алик қилиб кетганида ҳам майли эди. Ишга келганига икки соат бўлди, аммо хонасига ҳеч ким кирмади. У ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Маҳаллага келганлар ҳоким ёрдамчисини, аёллар хотин-қизлар фаолини, йигит-қизлар ёшлар етакчисини сўраб, ишларини битириб кетишмоқда. Раис ўзини маҳаллада кераксиз одамдай ҳис этди.
Маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлашга масъул бўлган шахслар фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини юргазиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишда кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йилнинг 21 декабрида «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонга имзо чекди.
Албатта фармон билан кўпчилик танишиб, унинг моҳияти ва мақсадларини англаб олишга улгурди. Шу мақсадда мазкур меъёрий ҳужжатни шарҳлаб ўтирмай, у туфайли маҳаллаларда қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида фикр юритганимиз маъқул. Шунинг учун бевосита халқ билан давлат ўртасидаги одамлар билан учрашиб, уларнинг мулоҳазаларини билиш, маҳаллада қандай ўзгаришлар бўлаётганини ўз кўзимиз билан кўриш учун Шароф Рашидов туманидаги Қанғли маҳалласига йўл олдик.
Маҳалла аҳли 1916 йилдаги Жиззах қўзғолонида уй-жойи вайронага айлангач, шу ерга кўчиб келиб ўрнашган экан. Кексаларнинг айтишича, бу ердан катта Абдуллахон ариғи оқиб ўтган ва боғдорчилик, деҳқончилик қилиш учун қулай жой бўлганлиги туфайли ҳам одамлар шу ерни макон қилишган экан. Даврлар ўтиб, кичкина қишлоқ 8000дан ошиқ аҳолиси, 1227 та хонадони бор маҳаллага айланди.
Қанғли маҳалласи раиси Асад Тошмуродов қаергадир шошиб турган экан.
— Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда семинар ташкил этганмиз, томорқалардан самарали фойдаланиш масаласи қизиқтирса, балки сизлар ҳам бирга борарсизлар, -дея таклиф қилди у.
Семинар бевосита томорқасидан даромад топаётган оилалар хонадонларида ташкил этилибди. Жабборовлар оиласи кўп йиллардан буён тижорат билан шуғулланади. Топаётгани рўзғор тебратишга етади.
— Ўтган йили турмуш ўртоғим билан саёҳатга Туркияга бордик. Анқара бозорини айланиб юриб, мевалар сотилаётган расталар ёнига борганимда гўё ёз фаслига тушиб қолгандай бўлдим. Турфа мевалар ҳиди орасида қулупнайнинг бўйи ўзгача эди, -дея ҳикоя қилди хонадон соҳибаси Юлдуз Жабборова. — Расталарда қулупнайлар олмосдай товланиб турарди. Биз ярим килони олиб, чеккароқдаги қаҳвахонага кириб еб олдик. Ўшанда ҳовлимизда иссиқхона қуриб, фарзандларимиз учун қулупнай етиштиришни кўнглимга тугиб қўйгандим.
Ҳар бир мевали ўсимликни етиштириш, ундан мўл ҳосил олишнинг ўзига яраша сир-синоати бор. Юлдуз ишдан келганидан кейин Интернетга кириб, қулупнайни очиқ далада, иссиқхонада етиштириш усулларини ўқиб ўргана бошлади. Корея республикаси, Япония каби давлатларда аҳоли ҳатто кўп қаватли уйларнинг томларида ҳам кўкатлар, резавор мевалар етиштирар экан. Уларнинг суратларини кўриб, Юлдуз ҳайратга тушди.
— Юлдуз Жабборова келиб, ҳовлисидан иссиқхона қурмоқчи эканлигини айтганида хурсанд бўлдим. Чунки уларнинг оиласида ҳамма ўзини ўзи банд қилган, тижорат ишлари билан машғул эди, -дейди маҳалланинг ҳоким ёрдамчиси Умид Юнусов. — “Кичикроқ қилиб қураман, етиштирилган ҳосил оиламизга етиб турса бўлди” деганди у.
Ҳоким ёрдамчиси бир вақтлар банкда ишлаган, мижозлар билан муомила қилишни яхши билади. У Юлдуз Жабборовани маҳаллада иссиқхона қуриб, икки йилдан буён қулупнай етиштираётган Лапас Ҳасанов хонадонига олиб борди. Лапас аканинг фарзандлари уста, иссиқхонани ўзлари қуришган. Фақат иситиш тармоғини водийдан олиб келишган. Иссиқхона томчилатиб суғоришга мослаштирилган экан.
Бу оиланинг бир сотих иссиқхонадан олаётган даромади ҳақида эшитиб, тижоратчи эмасми, Юлдуз қизиқиб қолди.
— Ҳовлимизда биз ҳам шундай иссиқхона қурамиз, фақат 2,5 сотих бўлади. Ундан ташқари қулупнай етиштиришнинг гидропоника усули бор экан, биз шу усулда иш олиб борамиз, -деди Юлдуз Жабборова. — Фақат банкдан кредит олишга ёрдам қилиб юборасиз-да.
Ҳоким ёрдамчиси бу оилага банкдан 66 млн. сўм имтиёзли кредит олишга кўмаклашди. Етмаганига оила жамғармасидаги пуллар ишлатилди.
Жабборовлар оиласи томорқасида иссиқхона қурилди, қурилганида ҳам хориждаги иссиқхоналардан фарқи йўқ эди. Қурилишни ўз ишининг ҳақиқий усталари амалга оширди. Иситиш тармоқлари кўмирга мослаштирилди. 8 кг. кўмир бир кеча-кундуз давомида иссиқхонага керакли ҳароратни беради.
— Туманимиздаги томорқа эгаларини семинаримизга таклиф этдик. Ернинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш ҳисобига оилага қўшимча даромад қилиш имкониятлари мавжудлигини уларнинг ўзлари кўриб, хулоса чиқаришларини истаймиз, -дейди Шароф Рашидов тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгашининг раиси Абдунаби Абдурахимов.
Бир вақтлар Қанғли маҳалласининг аҳолиси асосан чорва билан шуғулланарди. Маҳалла ҳудуди кенгайди, ўртасидан Жиззах МИЗ ҳудудига йўл ўтди. Бир сўз билан айтганда маҳаллага келиб-кетувчилар ҳам кўпайди. Шунинг учун хизмат кўрсатиш шохобчалари сони ҳам ортиб борди. Янги чойхона ва қаҳвахоналар ташкил бўлди. Пойафзал таъмирлаш, сартарошхона, компьютер хизмати, автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи устахоналар пайдо бўлди.
— Маҳаллада дастлаб иш бошлаган кунларда мен драйвер соҳа сифатида чорвачиликни танлаган эдим. Бўрдоқичиликни ривожлантириш учун кўплаб фуқароларга молхона қуриш, мол сотиб олиш учун кредитлар олишга кўмаклашдим. Лекин очиғини айтганда бу ишлардан негадир кўнглим тўлмасди. Маҳаллада ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун нимадир қилиш керак, қандайдир янги соҳага қўл уриш лозим деб ўйлардим. Хатлов даврида барча маҳалладошларнинг ҳовлисига кириб кўрганман, айримларининг томорқаси 0,10 гектар чиқади. Шунда томорқаларда иссиқхоналар қуриш керак деган ғоя пайдо бўлди, -дея изоҳ берди ҳоким ёрдамчиси Умид Юнусов.
Дарҳақиқат, ҳар қандай иш бошлаб олгунча кўзга қийин кўринади, даромад олиб бошлагандан кейин қийинчиликлар ҳам ёддан чиқиб кетар экан. Қанғлида қисқа даврда 40 та хонадонда иссиқхоналар қурилиб, ишга туширилди. Икки-учтасида резавор мевалар етиштирилса, бошқаларига цитрус мевали дарахтлар, сабзавот, кўкатлар экилмоқда. Ҳосилдорликни оширишнинг янги-янги усуллари пайдо бўлмоқда. Энг асосийси қанғлилик тадбиркорлар етиштирган маҳсулотларини қўни-қўшниларга бозор нархидан анча арзон сотишмоқда, бу ҳам яқин инсонлар ўртасидаги оқибатнинг бир кўринишида!
— Давлатимиз раҳбарининг «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини диққат билан ўқиб чиқдим. Эндиликда маҳалла фаолларининг иш услуби тубдан ўзгаради. Агар “маҳалла бешлиги”нинг жорий этилиши, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, ўзини ўзи банд қилиш орқали оилаларга даромад қилиш имкониятининг яратилишини биринчи босқич десак, Президент фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, маҳаллаларни тараққий эттиришнинг иккинчи босқичи бошланганини сезиш қийин эмас, -дейди Қанғли маҳалласининг ҳоким ёрдамчиси.
Эндиликда “маҳалла еттилиги” аҳолининг ўзини ўзи банд қилиш ёки чорва, иссиқхоналар сонини кўпайтириш билан чегараланиб қолмайди. Ўша тадбиркорлар кичик ва ўрта бизнес остонасига қадам ташлашлари лозим. Маҳалла фаоллари шуларнинг режаларини белгилаб олишмоқда.
2023 йилда маҳаллани обод қилиш йўлида улкан ишлар бажарилди. Президентнинг маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 408-сонли қарори асосида 4 та ички йўлга асфальт ётқизилди. 1 та кўча бетонлаштирилди, бир чақиримдан ошиқ кўчалар шағаллаштирилди. Маҳалла ҳудудига минг тупдан ортиқ дарахт кўчатлари экилди. 150 ўринли давлат мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди, битта давлат хусусий шерикчилик асосида 150 ўринли МТТ қурилгани, бешта уй боғчаси ташкил этилиши ҳисобига маҳаллада мактаб ёшигача бўлган болалар қамрови 80 фоиздан ошди.
Маҳалладаги тадбиркорлар сони 73 тага етди, ўзини ўзи банд қилганлар 105 нафар бўлиб, 28 нафарига субсидиялар ажратилди.
— Президент фармонида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчисининг вазифалари аниқ белгилаб берилди. Энди ҳамма масалалар биргаликда ҳал этилади.
Маҳалламиз аҳолиси ҳар қандай масалани бамаслаҳат ҳал қилишга ўрганган, -дейди фуқаролар йиғини раиси Асад Тошмуродов. — Ёшу-қарига оқсоқолларимиз бош бўлиб, тез-тез шанбаликлар ташкил этмоқдамиз, шунинг учун кўчаларимиз доим тоза. Бир кўпригимиз эскириб қолганди, дарров ҳашар ташкил қилиб мустаҳкамладик. Бир нафар маҳалладошимизнинг яшаётган уйини тўлиқ таъмирлаб бердик.
Агар чуқурроқ мушоҳада қилинса, маҳалладан айро бирорта ҳам одам, корхона ёки ташкилот йўқ. Бошқарув, маъмурий идоралар, ишлаб чиқариш корхоналари ҳам маҳаллада жойлашган. Демак, ҳамма йўллар маҳаллада бирлашади.
Асад МУСТАФОЕВ.