СТРАТЕГИК ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Сўнгги йилларда Хитой Халқ Республикаси билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Жумладан, парламентлараро алоқалар доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги самимий алоқалар, дўстлик, ҳамкорлик ришталари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Мустақиллик йилларида бу алоқалар янада кенгайиб, стратегик аҳамият касб этди. 

Хитой Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йил 27 декабрда тан олган мамлакат ҳисобланади. Ўзбекистон халқи буни ҳеч қачон унутмайди ва ҳамиша қадрлайди. Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилнинг 2 январида ўрнатилган. 1991 йилдан буён икки мамлакат раҳбарларининг 20дан ортиқ учрашувлари бўлиб ўтгани ва улар узвий давом этаётгани муносабатларнинг ўзаро манфаатли эканидан далолатдир. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24-27 апрель кунлари “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форумидаги, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан 2022 йил 25 январда Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг онлайн саммитидаги, 2022 йил 24 июнда “БРИКС плюс” форматидаги глобал ривожланиш бўйича олий даражадаги Мулоқотдаги иштироки давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти билдирган таклифлар икки мамлакат томонидан олиб борилаётган сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар йўналишлардаги амалий ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпиннинг таклифига биноан 23-25 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Бугун кунда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари барча соҳа ва йўналишларда мисли кўрилмаган даражага кўтарилиб бормоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткич – 14 миллиард долларга етди. Кейинги йилларда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробар ошди. Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва “яшил” энергетикада технологиялар трансфери соҳаларида ҳам изчил ҳамкорлик дастурлари амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йил охирида Ўзбекистонда Хитой компаниялари иштирокида қуввати 1000 мегаваттлик иккита янги қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилганини мамнуният билан қайд этиш жоиз.

Икки мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик бугун янада кенгайиб боряпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашувлари давомида икки мамлакатлар ўртасидаги имзоланган ҳамкорлик битимлар ҳам фикримиз тасдиғидир.

Ушбу давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон – Хитой: минг йилликларни қамраб олган дўстлик ва ҳамкорлик” номли мақоласи Хитойнинг марказий газеталарида эълон қилинди. Унда давлатимиз раҳбари Раис Си Цзиньпин бошчилигида Хитой Халқ Республикасининг ҳозирги тараққиёт йўли, жаҳонда тобора ошиб бораётган нуфузи ва мавқейи, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг узоқ тарихига юксак баҳо берди. “Буюк қадимий цивилизациялар ҳар доим бир-бирига ўхшаш, бир-бирини тушунади ва руҳан яқиндир. Ўзбек ва хитой халқларининг маданияти ва идеаллари ўхшаш”, дея таъкидлаган мақолада давлатимиз раҳбари.

Давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шэньчжэнь шаҳрида Хитойнинг етакчи “BYD” компанияси бош қароргоҳи ва технологиялар марказига ташриф буюрди. Замонавий инновацион автомобиллар ва янги авлод аккумулятор батареяларини ишлаб чиқариш соҳасида жаҳонда пешқадам компания ҳисобланади.

Ташриф чоғида компания ютуқларига бағишланган кўргазма, автомобиллар ва бошқа турдаги техникаларнинг ишлаб чиқарилаётгани ва истиқболли моделлари, компаниянинг янги технологиялари ва илғор ишланмалари намойиши ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари компания президенти Ван Чуаньфу билан бирга Жиззах вилоятида йилига 50 минг дона гибрид ва электр автомобилларни йиғиш бўйича лойиҳани ишга туширишга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди. Президентимиз яқин истиқболда бозордаги талабдан келиб чиқиб моделлар қаторини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш қувватини йилига 300 минг донагача ошириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, компаниянинг мамлакатимизда “BYD” электр автобусларини йиғишни йўлга қўйиш, эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш ва муҳандислик-сервис марказларини ташкил этиш борасидаги режалари қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ХХР ташрифи кунларида вилоят ҳокими Эргаш Салиев бошчилигида вилоятимиз делегацияси ҳам Хитойда бўлди. Маълумки, икки давлат ўртасида 2023-2027 йилларга мўлжалланган янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда. Вилоятимиз делегацияси ана шу дастурга асосан кўплаб самарали учрашувлар ўтказди.

Мазкур ташриф доирасида вилоят ҳокими Эргаш Салиев бошчилигидаги делегация Хитойнинг Шаньдун провинцияси, Тяньцзин муниципалитети, Цзинань, Циндао, Пекин, Урумчи ва Гонгконг шаҳарларида бўлишди. Вилоят расмийлари ва тадбиркорларидан ташкил топган делегация ҳудудларга амалга оширилган ташрифлар доирасида ҳудудларнинг раҳбарлари билан расмий учрашувлар ўтказди ва 300 дан ортиқ фармацевтика, электротехника, автомобилсозлик, металлургия, мебелчилик, ахборот технологиялари, металлургия, энергетика ва бошқа соҳада фаолият юритиб келаётган салоҳиятли хитойлик тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилди.

Вилоятимиз делегацияси Хитойнинг Шаньдун, Тяньцзин ва Пекин шаҳарларида ҳудуднинг расмийлари билан ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича музокаралар олиб борди.

Шунингдек, вилоят раҳбари Эргаш Салиев Шеньси провинцияси губернатори Чжао Ган билан учрашувида  келгусида янги йўналишларда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва ҳаётга кенг тадбиқ этиш масаласи муҳокама қилинди.

Шу жумладан, учрашувлар давомида Тяньцзин муниципалитетида Жиззах вилоятининг ваколатхонасини очиш бўйича музокаралар олиб борилди.  Саноат зоналари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, янги инновацион лойиҳалар устида ишлаш, салоҳиятли тадбиркорлар ўртасида учрашувлар, бизнес форумлар ташкил этишга келишиб олинди. Хусусан, жорий йилнинг учинчи чорагида Хитой томони билан ҳамкорликда Ўзбек-Хитой инвестиция форумини ўтказиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўртасида ярмаркалар ташкиллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари делегация ташриф давомида Хитойнинг маҳаллий бозорига ва жаҳон бозорига салмоқли хисса қўшиб келаётган саноат корхоналарининг фаолияти билан танишди ва корхоналар раҳбарияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди. Жумладан “Mingyuan silu (Tianjin) Industry”, “Qindao Luhia Grain and oil Group”, “China Dafang Overseas Investment” Co.Ltd., “МСС International Incorporational LTDS”, “SANI GROUP”, “Henan Hongxing Mining Machinery” Co.Ltd., “Тianjin Nianxiang aguatic product Co. Ltd”, “GD Power Guangdong new energy development C.,O LTD” ва “Dong Fang Уi” каби йирик компаниялари билан инвестициявий ҳамкорлик келишувларига эришилди. Шу билан бир қаторда Хитойнинг “SINA FARM” компанияси билан Зомин туманида жойлашган “ЗОМИН-ФАРМ” ЭИЗда фармацевтик дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиш, бу ерда йирик фармацевтика комплексини ташкил этиш орқали саноат зонаси фаолиятини ташкиллаштиришга келишиб олинди.

Вилоят делегацияси “TITAN FURNITURE Co LTD” компанияси билан Жиззах шаҳрида мебель кластерини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Шу билан биргаликда Хитойнинг “Greensum Ecology” компанияси билан кўкаламзорлаштириш, ландшафт дизайнларини яратиш, яшил ҳудудни шакллантириш бўйича ҳамкорликлар қилиш бўйича келишувлар имзоланди.

Шунингдек, вилоят делегацияси 25 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Хитой инвестиция форумида иштирок этди. Мазкур форум доирасида Жиззах вилоятидан 100 га яқин маҳаллий тадбиркорлар қатнашди. Тадбир доирасида Жиззах вилоятида ишлаб чиқариладиган базальт хома ашёсидан қурилиш материаллари, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, тўқимачилик саноати, озиқ овқат ва бошқа турдаги маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган форум доирасида  14 та англашув меморандумлари имзоланди.  Ҳудудларга амалга оширилган ташрифлар натижаларига кўра вилоят делегацияси томонидан ташриф давомида жами 3,1 млрд. долларлик 54 та савдо иқтисодий келишувларга эришилди. Шундан 3,0 млрд. долларлик 38 та инвестиция келишувлари ва 100,5 млн. долларлик 16 та савдо келишувларини амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди.

Имзоланган инвестиция келишувларининг 30 таси (2,6 млрд. доллар) саноат соҳасига, 3 таси (85,9 млн. доллар) қишлоқ хўжалиги ва 5 таси (245,1 млн. доллар) хизмат кўрсатиш соҳаларига тегишлидир.

Жумладан, Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон – Хитой таълим форумида икки давлатнинг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этди. Ушбу форумда қатнашган Жиззах политехника институт ректори, профессор Алишер Усмонқулов Жиззах политехника институти Шимолий Хитой технология ҳамда Чангшу технология университетлари ўртасида англашув меморандуми имзоланганини таъкидлади. 

Шунингдек, форум доираси Хитойнинг бошқа етакчи ОТМлари билан бирламчи учрашувлар ўтказилиб, келажакда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди. 

 Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Нодир Нурматов бошчилигида шаҳар ва туманлар ҳокимлари Хитойнинг Бинҳаи шаҳрида жойлашган чорвачилик соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан амалий учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар давомида икки томон чорвачилик кластерини ҳудудга қараб ривожлантириш бўйича музокаралар олиб боришди. Музокаралар давомида Нодир Нурматов мазкур соҳада фаолият олиб борадиган компания вакилларини Жиззах вилоятига ташриф буюриб, чорвачилик йўналишида фаолият олиб боришга таклиф қилди. Ўз ўрнида хитойлик тадбиркорлар ҳам мазкур йўналишда Жиззахда фаолият кўрсатиш ҳақидаги таклифга қизиқиш билдиришди.

“Жиззах» эркин иқтисодий зонаси ва Хитой халқ республикасининг “Qindao Luhia Grain and oil Group” компанияси ўртасида меморандум имзоланди. Музокаралардан сўнг томонлар  «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида трактор ва комбайнлар йиғиш заводини ташкил этишга келишиб олишди. Режалаштирилаётган завод майдони 20 000 м2 бўлиши кўзда тутилмоқда. Лойиҳада 20 от кучидан бошлаб, 400 от кучигача бўлган қишлоқ хўжалиги учун трактор ва комбайнлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 600 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Вилоятимиз делегацияси аъзолари Хитойнинг йирик чой етиштириш компанияси “Jingwei fu tea” га ҳам ташриф буюрди. Ташриф чоғида мазкур копмания билан Бахмал, Янгиобод ва Зомин туманларида чой етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича лойиҳа  қиймати 30,0 млн.  долларлик битим имзоланди. Ушбу корхона мутасаддилари бошчилигидаги хитойлик делегация аъзоларининг жорий йил май-июнь ойларида вилоятимизга ташрифи режалаштирилган.

Вилоятимиз вакиллари Хитойда цемент ишлаб чиқарувчи  “CONCH” корхонаси фаолияти билан танишди. Жиззах вилоятида Хитой корхоналари билан ҳамкорликда очилган цемент заводлари билан маҳсулот турларини кенгайтириш юзасидан музокара олиб борилди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг рангбаранг шакллари Ўзбекистон ва Хитой ўртасида инсон капитали, билим алмашинуви, маданий, ижтимоий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришига ва халқларимиз манфаатлари учун хизмат қилади. Зеро, Хитойдаги мулоқотлар, усрашув ва келишувлар мавжуд имконият ва ресурслардан фойдаланган ҳолда томонлар барқарор ривожланиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга интилилаётганидан дарак бериб турибди.

Зоир ЭРГАШЕВ,

Асад МУСТАФОЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *