Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг ҳақиқий “овозига” айлантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг халқ депутатлари Кенгашлари олдидаги ҳисобдорлиги ва масъулиятини ошириш мақсадида маҳаллий вакиллик органларига 10 дан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди.
Мазкур ваколатларни тўлақонли рўёбга чиқариш учун 2021 йилда маҳаллий Кенгашларда доимий асосда фаолият юритувчи котибиятлар ташкил этилиб, улар томонидан бугунги кунда 6,5 минг нафардан ортиқ депутатларга ташкилий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан кўмаклашилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, маҳаллий Кенгашларнинг ушбу ваколатларини амалга оширишда депутатлар ва котибият ходимларидан мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий билимлар талаб қилинади.
Албатта, бугунги кунда ҳам Олий Мажлис Сенати вакиллик органлари фаолиятига услубий-амалий жиҳатдан кўмаклашиб, маҳаллий Кенгашлар котибиятларининг фаолиятини самарали ташкил этиш, назорат-таҳлил тадбирлари бўйича амалий семинарлар ўтказиб борилмоқда. Ушбу амалиётни изчил давом эттириш айни муддао бўлганлигини алоҳида эътироф этиш зарур.
Президентимиз томонидан 2024 йил 2 февраль куни қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда ушбу масалага ҳам маҳаллий Кенгаш депутатлари ва котибиятлари ходимларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини юксалтиришга қаратилган ўқувларни ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган. Ўйлайманки, ушбу Фармондан келиб чиқиб, Давлат бошқаруви академияси, Юридик университет ва бошқа нуфузли олий ўқув юртларининг етакчи эксперт-мутахассислари ҳамда профессор-ўқитувчилари жалб қилинган ҳолда ўқувлар, семинарлар ташкил этилади. Бу борада амалга ошириладиган тадбирлар натижасида Янги Ўзбекистон маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти янги босқичга олиб чиқилади.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Фармонда маҳаллий Кенгашлар биноларига ва уларни моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талабларни ишлаб чиқиш белгиланган. Ушбу норма маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан мамнуният билан кутиб олинди десак, хато бўлмайди.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг дастлабки даврларда депутатлар, доимий комиссияларнинг фаолияти учун хона, тегишли жиҳозлар ажратилмаган бўлиб, зарурий шароитлар яратилмаган эди.
Бу эса, ўз навбатида улар фаолиятига сезиларли салбий таъсир кўрсатган. Сўнги йилларда, айниқса кенгашлар фаолиятини ташкилий техник таъминлаш мақсадида котибиятлар ташкил этилгандан кейин Олий Мажлис Сенати ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан Кенгаш ҳамда унинг котибиятлари фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда жорий йилги сайловлардан кейин вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, 2026 йилдан эса туман ва шаҳарларда ҳокимларнинг кенгашга раҳбарлик қилиш амалиётининг бекор қилиниши белгиланди. Шу билан бирга, Кенгашларнинг ваколат ва функцияларининг кенгайиши ҳисобига уларнинг фаолияти учун қўшимча шароитлар яратилиши талаби кун тартибига қўйилади.
Белгиланган минимал талабларни инобатга олган ҳолда бино (ишчи хоналар) билан таъминлаш ва жиҳозлаш бўйича “йўл харитаси”да маҳаллий Кенгашлар учун янада қулай, замонавий шароитлар яратилишига эътибор қаратилади деб ўйлайман.
Нодира КАРИМОВА,
Халқ депутатлари Жиззах вилояти
Кенгаши котибияти мудири.