Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 12 январида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги Қарорига кўра, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар учун қатор имкониятлар яратилиши белгиланган.
Вилоят ҳокимининг 2024 йил 29 январда бу борадаги қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ, вилоятимизда барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратишни назарда тутувчи тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш кўрсатилган.
Айтиш жоизки, ўзига хос сайёҳлик салоҳиятига эга воҳамизда туризм соҳасида қишки мавсум яхши кўрсаткичлар билан якунланмоқда. Вилоятга 2024 йилнинг ўтган даври давомида 23 минг 296 нафар хорижий, 26 минг 800 нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди. Ҳали саёҳат мавсуми у қадар фаоллашмаган бўлсада, ўлкамизнинг қишки қиёфаси, гўзал табиати, пурвиқор тоғлари сайёҳларни ўзига тортиб келаётир.
Вилоятимизга маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар ташрифини янада кўпайтириш, туризм жойларида санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг саёҳатида туғиладиган муаммоларни бартараф қилишга эътибор қаратилмоқда. Вилоят туризм бошқармаси томонидан ўтказилган йиғилишда ҳам айнан шу масалалар кўриб чиқилган.
Бошқармада янги саёҳат мавсуми олдидан туристик объектлар бўйича ҳаракат режаси ва йўналиши белгилаб олинди.
—Вилоятимизда бу борада махсус ишчи гуруҳ ташкил этилган бўлиб, қилинадиган ишлар келишиб олинди, — дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизбек Эгамбердиев. —Келгусида керакли туристларга яулай шарт-шароитлар яратиш, туризм объектларида санитария-гигиена шохобчаларининг мавжудлиги, уларнинг туризм нормалари ҳамда қоидалари талабларига мувофиқлиги бўйича ишчи гуруҳ томонидан хатлов ўтказилиши белгиланиб олинди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ томонидан вилоят ҳудудидаги ва М-39 магистраль йўлида, йўл бўйида жойлашган хизмат кўрсатиш шохобчаларида санитария ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқлиги, уларда ногиронлиги бўлган шахслар учун “тўсиқсиз муҳит” яратилгани юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, тегишли тавсиялар берилди.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА