АКМАЛ НУР: “ИМКОНИЯТ СИЗДА ҲАМ БОР”

Жиззах ихтисослашган санъат мактаб интернатига Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нурнинг ташрифи бу ерда таҳсил олаётган 300 нафардан зиёд иқтидорли ўқувчилар учун унутилмас бўлиб қолди. Ўқув муассасаси жамоаси билан мулоқотда ёшлар таниқли рассомнинг  ижоди, ҳаётий тажрибаси, ижод сирлари билан боғлиқ саволларга жавоб олдилар.

Қуйида ушбу тадбирдан ёзиб олинган репортажни эътиборингизга ҳавола этамиз. Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг ижодкор қисмати, рассом дунёси, санъатдаги тафовутлар ва болалик хотиралари ҳақидаги фикрлар ёш рангтасвир усталари қаторида газетхонларга ҳам манзур бўлади деган умиддамиз.

–Ҳаётий тажрибангиздан келиб чиқиб, ёш рассомларга қандай маслаҳатлар берасиз? 

– Юртимиз бўйлаб ҳар бир вилоятда ихтисослашган санъат мактаблари, олий ўқув юртларида йўналишлар ишлаб турибди. Аммо уларни битирган ҳар бир ёш рассом бўлавермайди. Бу табиий ҳол. Таълим давомида этик ва эстетик таълим ола билсалар, шунинг ўзи етарли деб ўйлайман. Ҳақиқий рангтасвир устаси бўламан деган одам тинмай ишлаши керак. Шундагина кичик камчиликлар тузатилади, маҳорат ошади. Худди мусиқачи сингари бир-икки кун танаффус бўлса, “қўл чиқиб қолади”. Яна бир тавсиям – пул учун ишламанг. Ишонинг, сотиш мақсадида чизган суратингиз ҳеч қачон сотилмайди. Бошланган ишни мукаммал қилиб охирига етказиш ҳақида ўйланг. Кун келиб, сизга энг ёқмайдиган расмнинг ҳам харидори чиқади. Сабр-тоқат ва кўп ишлашга одатланинг. Бугун кўриб турибмиз, ёшлар тез бойиб кетишни исташади – машина, уй олиш каби мақсадларни мен “майда қизиқиш” деб ҳисоблайман. Одамда катта мақсадлар бўлиши керак. Албатта, рассомнинг ҳам оиласи бор. Шу йўлни танладингизми, ўзингизга содиқ қолинг. Яхши ишласангиз, орзуингиздаги ҳаёт ўзи келади.

Мен рассомлик билим юртида ўқиганимда негадир барча синфдошларим машҳур рассомларнинг фарзандлари эди. Биргина мен оддий, қишлоқи бола эдим. Улар ишлатадиган мўйқаламларни кейинчалик ҳам сотиб олишга имконим бўлмаган. Аммо ўз устимда ишлаш, тинимсиз интилиш орқали ишларим кўрина бошлади. Олий таълим олиш учун Москвага йўлланма берилганида ҳам боришга маблағим бўлмаган. Шу сабаб Тошкент театр ва рассомлик институтида ўқидим. Бундан ҳеч ҳам афсусланганим йўқ. Боиси Москвада таҳсил олган дўстларим у ёқдаги талаб ва таълим таъсирида кейинчалик аросатда қолдилар, ўзбек санъат оламида йўл топишга қийналишди. Шу сабаб ҳар бир қийинчилик ортида мукофот бор деб ҳисоблаш керак.  

         – Аммо ёшларни молиявий қўллаб-қувватлаб турмаса бўлмайди. Айнан шу жиҳат кўпларнинг ижодни ташлаб кетишга сабаб бўлади…

         -Рассомнинг иш қуроллари қиммат, буни биламан. Барча ота-оналарнинг ҳам бунга қурби етмаслиги мумкин. Билингки, чет давлатларда янада қиммат. Шу сабаб интернет ривожланган ҳозирги шароитда халқаро алоқаларни излаб топиш, турли танловларда канда қилмай қатнашишни тавсия қиламан. Айниқса, санъат йўналишида жуда ҳам кўп танловлар ўтказилаяпти. Бадиий академия марказий аппарати ҳам бундай ҳамкорлик алоқаларини доимий ўрнатишга ҳаракат қилади. Мақсад – ёшлар ижодини халқаро миқёсга олиб чиқиш. Халқаро иштирок, биринчидан, ишларингизни дунёга кўрсатса, иккинчидан, молиявий рағбатлантириш ҳам юқори. Яқиндагина Жанубий Кореянинг Ким Юн университетининг 120 йиллигига бағишлаб ўтказилган танловда Бухоро вилоятидан уч нафар ёш рассом биринчи ўринни қўлга киритиб, каттагина пул мукофоти олишди. Бундай имкониятлар Сизда ҳам бор.

         –  Кун тартибингиз қандай?

– Мен ҳар куни ишлашга одатланганман. Ишда учта, уйда битта устахонам бор. Бўёққа кўзим тўймайди – бу одат менда ёшлигимдан қолган. Ҳеч бўлмаса, чизиқ тортиб, биринчи қораламани чизиб қўйишим керак. Бир бошлаганда 4-5 та ишни олиб бораман. Чунки мойбўёқда ишланган ишлар дарров қуримайди. Уларнинг устига юқа қават тортиш зарур. Ҳозир кўпчилик бўёқни тежаб, устки қаватни тортмай қўйган. Аммо юқорида айтганимдай, сурат кўнгилдагидек чиқмагунча ишлаш керак.

         -Қайси кунингиз такрорланишини истардингиз?

-Ҳар бир куним мен учун қадрли. Битта кундан ташқари – бу онамни йўқотган сана. Ўшанда Жанубий Кореяда ижодий сафарда эдим. Тонгги 5 да қўнғироқ бўлиб, совуқ хабарни айтишди. Етиб келгунимча, қисматимдан норози ҳам бўлганман. Чунки ота-онам бағрини эрта тарк этиб, пойтахтга ўқишга кетганман. Уларнинг меҳрига тўймаслик баробарида улар ҳам менга керагича меҳр кўрсатишолмаган. Кейинчалик бу қисматимга айланди…

         Шу ўринда ёшлигимдаги бир кунни эсладим. 30 сўм стипендия олардим, 12 сўми ижарага кетса, қолганига бўёқ сотиб олардим. Уч хонадошдан 35 тийин чиқди. Бир порция лағмон 70 тийин эди. Дўстим ярим ҳисса лағмон олиб, шўрвасидан кўпроқ қуйдирди. Мен бошқа хўрандалардан қолган нонларни йиғиб олдим ва учаламиз маза қилиб тановвул қилдик. Бу бахт миллионерларнинг қиммат ресторанларидаги тушлигидан ҳам афзал туюлади ҳали-ҳамон.

         -Рассом бўлмаганда қайси касбни  танлардингиз?

–  Рости, рассом бўламан деб ўйламаганман. Адабиёт ва тарихни яхши кўрганим учун ўқитувчи бўламан дердим. Аммо ижодкорлик тақдирим экан. Шу ўринда исмим тарихини ҳам айтиб берсам. Бувимга менинг туғилганлик хабаримни етказишганда радиода Акмалхон Субҳоновнинг қўшиғи таралиб турган экан. Шу инсондек бўлсин деб, менга Акмалхон исмини беришган. Отам санъаткор бўлишимни истаб, менга рубоб, най каби созлар олиб берган. Ҳамон мусиқа машқ қилиб туришни яхши кўраман.

– Қайси рассомларнинг ижодини яхши кўрасиз?

–  Бобур Исмоилов, Сардор Аллабергенов каби ёшлардан  умидим катта. Катта авлоддан Баҳодир Жалолов, Алишер Мирзаев қаторида Шуҳрат Абдурашидовнинг ижоди жуда ёқади. Классик рассомлардан Рафаэль Санти ижодидан ўзгача илҳомланаман. XV асрда яшаган бу инсоннинг Урбино шаҳридаги уй-музейида 3 марта бўлишга муваффақ бўлдим. Шу ўринда ижодкорнинг тил билиши лозимлигини таъкидламоқчиман. Ҳар қандай моҳир таржимон ҳам фикрингизни тўлиқ етказиб бера олмайди. Боз устига таржимон ёллаш ҳам харажат. Шу сабаб ўз гапингизни бошқа тилда ўзингиз сўйланг.  

Акмал Нур – Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, академик, Ўзбекистон халқ рассоми, Давлат мукофоти лауреати, “Фидокорона хизматлари учун” ордени, Япония императорининг “Чиқаётган қуёш ордени, олтин нурли бўйин тасмаси” ордени соҳиби.

 

                                                        Муқаддас САПАРОВА қоғозга туширди.

фото С. НОРБЕКОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *