Шароф Рашидов туманидаги Тоқчилик маҳалласининг эски «Отчопар» массивида яшовчи аҳоли учун маҳалла биносининг узоқда жойлашгани кундалик ҳаётда қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Оддий бир мурожаат билан маҳаллага боришга ҳам икки марта транспорт алмаштиришга тўғри келарди.

Ҳудуднинг назоратдан бирмунча четда қолгани эса муаммоларни янада чуқурлаштириб, уни бир неча йил давомида криминоген вазияти оғир ҳудудлар қаторида қолишига сабаб бўлган.
Бу йилги истиқлолимиз шодиёналари арафасида эса манзара ўзгарди. Ҳудуд алоҳида маҳалла сифатида ажратилиб, унинг учун янги бино барпо этилди. Маҳаллага яхши ният билан «Мустақилликнинг 35 йиллиги» номи берилди.
Бугун янги маҳаллада 6 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 97 гектарлик ҳудудда 83 та кўп қаватли уй ва 58 та коттеж мавжуд. Келгусида яна 50 гектар майдонда янги кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган.
Маҳаллага кираверишда қад ростлаган икки қаватли янги бинода «маҳалла еттилиги» вакиллари, навбатчилик қисми, иккинчи қаватда туман ИИБ 1-сонли ички ишлар бўлими ўрин олган. ИИБ ходимлари учун хоналар, маърифат зали ҳамда «Ситуацион марказ» жойлашган.
— Ўтган йилдан буён назорат кучайтирилиб маҳалламиз жорий йилда «яшил» тоифага ўтказилди, — дейди фуқаролар йиғини раиси Акрам Абсаттаров. – Кўп қаватли уйларга видеокузатув камералари ўрнатилди, кўчалар ёритилди. Аҳолининг тинч ва хотиржам кўчаларда юриши учун мутасаддилар бирдек назоратни қўлга олишди.
— Бугун маҳаллада хавфсизликни таъминлашда асосий вазифа унинг сабабларини олдиндан аниқлаш, муаммонинг илдизига етиб бориш ва ҳуқуқбузарлик содир бўлишининг олдини олишдир. Янги бинода «маҳалла еттилиги» билан биргаликда ишлаш учун яратилган шароитлар бу вазифаларни янада самарали бажариш имконини бермоқда. Бўлим 13 та маҳаллага хизмат кўрсатади. Бу ерда маҳалла ва ички ишлар органлари вакилларининг бир жойда ҳамоҳанг фаолият юритиши профилактик ишларни манзилли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Шароф Рашидов туман ИИБ ЖХХ ХПБ профилактика катта инспектори, подполковник Улуғек Бекқулов.

Янги масканда эътибор фақат хавфсизлик билан чекланмаяпти. Маҳаллада аҳоли учун пиёда юриш ва соғломлаштириш йўлаклари ташкил этилган. Спорт майдонини таъмирлаш ҳам режалаштирилган. Спортсевар ёшлар, аёллар ва кексалардан иборат жамоалар тузилиб, уларни туман ва вилоят миқёсидаги мусобақаларга жалб этиш кўзда тутилмоқда.
Оиладаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш мақсадида фаол кексалар ҳамда отинойилардан иборат жамоатчилик гуруҳлари ҳам шакллантирилган.
– Маҳаллада 48 та кам таъминланган оила бор, – дейди ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси Озод Ярбеков. – Хатлов натижасида 31 нафар фуқаро расмий ишсиз сифатида қайд этилган. Шу боис аҳоли бандлигини таъминлаш ҳам долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди.
Яна унинг маълум қилишича, бу борада ҳудудда қурилаётган 12 та тадбиркорлик объектида янги иш ўринлари яратилади. Биноларда овқатланиш шохобчалари, озиқ-овқат дўконлари, стоматология каби аҳолига зарур хизмат турлари йўлга қўйилади.
Маҳалла атрофига мингдан зиёд дарахт кўчатларининг экилгани эса янги ҳудуднинг нафақат қулай, балки обод ва яшил масканга айланишига хизмат қилади.
«Мустақилликнинг 35 йиллиги» маҳалласида ташкил топган инфратузилма, хавфсиз муҳит, хизматлар ва янги имкониятлар, буларнинг барчаси халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун хизмат қилади.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).