Ҳудудларда аҳоли даромадларини ошириш бўйича Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан асос солинган Сайхунобод тажрибаси бугун республикамизнинг ҳар бир маҳалласида оммалаштирилмоқда. Сайхунобод тажрибаси асосида ҳар бир маҳалладан еттитагача камбағал, даромадли меҳнат билан шуғулланиш иштиёқи бор ночор хонадонлар танлаб олинмоқда. Уларга ҳудудлардаги етакчи тадбиркорларни жалб қилган ҳолда лаёқатига мос равишда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик, каби тармоқлар билан бирга томорқа хўжалигини ривожлантириш, шунингдек, уч сотих атрофидаги иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш ва бунинг натижасида сараланган оилаларнинг бир йилда 50 миллион сўмдан ошириб, даромад топишига кўмак бериш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Маҳаллаларга бириктирилаётган тижорат банклари масъуллари жойлардаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида сараланган хонадонларда даромад манбаини яратиш, томорқа маданиятини шакллантириш, сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштириш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш, қолаверса, аҳолига савдо ва хизмат кўрсатиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш ишларига шахсан жавобгар ҳисобланади.
Шунингдек, туманларда экспортга кўмаклашувчи корхоналар очилиб, уларнинг устав фондига бир миллиард сўм киритилаётир. Бу корхона тўрт минг хонадонга серҳосил қовоқ, мош, ловия, розмарин, брокколи, тимян уруғини етказади. Етиштирилган ҳосилни экспортёр сотиб олади.
Сайхунобод тажрибаси ердан янада самарали фойдаланиш, деҳқонлар учун бозор топишга кўмаклашиш, тадбиркорларни сифатли уруғ ва дори воситалари билан таъминлаш, тадбиркорларнинг экспортига амалий ёрдам бериш, ер муносабатларини шакллантириш каби муҳим ислоҳотларни ўз ичига олган.
Боғбон — Маҳалласида Сайхунобод тажрибаси бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишдик. Фаоллар ҳамроҳлигида дастлаб Олим Қурбонов хонадонига ташриф буюрдик.
—Тўртта оила бир жойда истиқомат қиламиз, —дейди хонадон соҳиби Олим Қурбонов. —Ҳоким ёрдамчиси тавсиясига асосан бизга томорқа, паррандачилик, чорвачилик йўналишида халқ банкининг туман филиалидан 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Уч сотих иссиқхона барпо қилдик. 1000 туп “Реал” бодринг навини экдик. Бир сотихдан ўртача уч тонна ҳосил олдик. 8000 сўмдан буюртмачиларга сотдик. 40-45 кунда биринчи ҳосилнинг ўзидан оиламиз 24 миллион сўм даромад қилди. Ҳали ҳосилимиз тугагани йўқ. Пешма-пеш ички бозорга ҳам чиқараяпмиз. Насиб қилса, кетидан яна бодринг экамиз. Қўшимчасига “Агробанк” туман филиали томонидан инкубатор ҳам берилди. Бир циклда ушбу инкубатор 500 та жўжа очиб чиқаради. Бир бош соғин сигир беришди. Ундан кунига-7-8 литр сут соғиб оламиз. Эрталаб барвақт туриб, турмуш ўртоғим Ҳикоят, ўғилларим Қобил, Обид, Собид, Асил, келинларим Чарос, Гулмира, Шоҳсанам ўзларига бириктирилган юмуш билан машғул бўлишади. Кимдир иссиқхонада, яна кимдир очиқ томорқада, чорва, парранда парвариши билан банд бўлади. Қўлимиз пул кўрди, рўзғоримизга барака кирди. Оилаларни камбағалликдан чиқариш учун шундай тажрибага бош бўлган Юртбошимизга, вилоят ва туман ҳокимликларига оиламиз номидан миннатдорчилик билдираман.
***
Ҳамдам Алиев хонадони “Агробанк”дан 33 миллион сўмдан икки бор кредит олди. Иккита 7,5 сотихли иссиқхона барпо этган тадбиркор бирига “Ферари” навли помидор, иккинчисига “Каронка” навли бодринг навларини экиб, мўл ҳосил олишга эришди. Хонадон ўртача бир сотих иссиқхонадан олти тоннадан ҳосил олди. Бодринг буюртмачиларга ҳар килоси 10000 сўмдан, помидор эса 22000 сўмдан сотилди. Биринчи ҳосилдан оила ўртача 180 миллион сўм даромад олди. Маҳалла ёшларининг ўн нафари мавсумий ишларга жалб этилди. 2 сотихдан ортиқ ерга тўқсонбосди экинлар экилди.
—Томорқа ва иссиқхонадан олинган даромаддан 45 бош чорва сотиб олиб, парвариш қилаяпмиз,—дейди Ҳамдам аканинг фарзанди Лазизжон Алиев.
Шерали Жўраев бизнесни ривожлантириш банкидан ҳоким ёрдамчиси тавсиясига асосан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, 5000 бош бройлер товуқларини парвариш қилаётир. Тадбиркор тайёр маҳсулотни туман марказидаги ўзининг савдо дўконида сотади. Унинг саноат шаклида гўшт етиштиришга ихтисослашган жамиятида беш нафар ёшлар янги иш ўрни билан таъминланди.
Тиббиёт мутахассисларининг хулосаларига кўра, киши соғлом бўлиши учун бир йилда ўртача ўн килограмм парранда гўшти ва 121 дона тухум истеъмол қилиши зарур.
Англиянинг “Росс-308” зотли товуқ зоти ҳар бирининг тирик вазни 38-42 кунлигида 2,3-2,5 килограмм тош босади. Бундай пайтда сўйилган жўжаларнинг гўшти юмшоқ ва парҳезбоп бўлганлиги боис ҳам одамлар томонидан севиб харид қилинади.
Тўйимлилиги жиҳатидан ўрдак ва ғоз гўштидан юқори туради. Боғбонлик Шерали Жўраев сингари паррандачилик хўжаликларида ана шундай наслли жониворлар парвариш қилиниб, гўшти аҳолига сотилмоқда.
***
Дилбар Эрназарованинг асл касби ҳамширалик. Аёл боши билан икки фарзандни улғайтириб, уйли-жойли қилиш тақдир тақозоси билан унинг гарданига тушди. Кейинги пайтда иқтисодий жиҳатдан анча қийналиб қолган уй бекасига маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Бектош Холмирзаевнинг кредит ажратиш ҳақидаги тавсияси унинг турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборди.
—Дастлаб икки миллион сўм кредит олиб, тикиш-бичиш қилдим,—дейди Дилбар опа. Кейинчалик ҳоким ёрдамчиси бизга ҳар томонлама кўмак берди. Раҳмат, шу йигитга, маҳалла хотин-қизлари фаоли Сайёра Тўймуродовага ҳам. Банкдан кредит олиб, қуёнчилик билан шуғулланиб келаяпмиз. Айни пайтда 150 бош “великан” қуён зотларини кўпайтириб, парваришлаяпмиз.
—Қуён йилига 4-5 бор 10-15 тагача болалайди,—дейди оилавий тадбиркор фарзанди Диёржон. — Бизнинг хонадонда парваришланаётган бу зот 17 тагача бола берди,15 килогача гўшт қилди. Фойдамиз ҳисобига 50 бош қўй олиб, парвариш қилаяпмиз. Туман ҳокимлиги томонидан 80 сотих ер берилди. Ундан ҳам самарали фойдаланиб, кооперация усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортчиларга етказиб берамиз.
***
Маҳалладаги Азим Азизов қирқ бир ёшда. У тадбиркор бўлгунга қадар кўп қийинчиликларни бошидан ўтказганлардан. Турмуш ўртоғи Гулбаҳорхон иккаласи бамаслаҳат режалар тузишди. Яхши яшаш учун нима қилиш керак?
Туя сутининг шифобахш эканлиги азалдан маълум. Дастлаб бир бош туя сотиб олишди. Туя жуда баракали жонивор экан. Кейинги етти йилда туялар бош сони ўн учтага етди. Мижозлар сони ҳам ортиб борди.
Узоқдан келган ҳожатталаб инсонларнинг шу ерда яшаб, туя сутидан баҳраманд бўлишлари учун 20 ўринли қўшимча уй қуришди.
—Бир вақтлари Россияга бориб ишлаганимда, ойига 200-300 долларни зўрға топардим. Ҳозир оиламиз билан кунига 100 доллардан ошиқ даромад қилаяпмиз,—дейди Азимжон Азизов.
Хуллас, Боғбонда тадбиркор бўламан дейдиганлар сони кўпайиб бормоқда. Маҳалла раиси Тошпўлат Хасановнинг таъкидлашича, “Энди банкдан кредит олмаймиз”, дейишмоқда уларнинг аксарияти. Маҳалла ҳудудида, кўп қаватли уйлар атрофида деярли бўш ер қолмади. Барча ерларнинг энди ўз эгаси, соҳиби бор. Бу ерларга гуллар, кўчатлар, сабзавотлар экилган.
Уйга қайтар эканман, майин эсаётган ёқимли баҳор насими шу атрофдаги пайкалдан ҳандалик ҳидини димоғимга урди. Бугун боғбонликларни қуёш эмас, улар қуёшни уйғотишаётгани рост экан.
Зоир ЭРГАШЕВ.