Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги олдидан
2026 йил 5 февралда Президентимизнинг “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра, юртимизда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади. Янги Ўзбекистонда ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилинади ва бунда таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, бадиий-маърифий тадбирлар уюштирилади.
Амир Темур ибн Амир Тарағай милодий 1336 йил 9 апрель куни Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилди. Ўттиз беш йил (1370–1405) ҳукмронлик қилган Соҳибқирон Амир Темур Марказий Осиё ҳудудларини ягона марказлашган давлатга бирлаштирди, Ҳинд ва Гангадан то Орол денгизигача, Тянь-Шандан то Босфоргача улкан ва қудратли давлат барпо этди.
Амир Темур улкан давлат арбоби сифатида Европа ва Осиё ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратган. Хитой, Ҳиндистон, Франция, Англия, Испания, Италия, Миср ва бошқа кўплаб давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланган.
Бунёдкорлик Соҳибқирон даврида давлат сиёсати даражасига кўтарилган эди. Амир Темур фақат ўз мамлакатидагина эмас, балки бошқа юртларда ҳам бунёдкорлик ишларини амалга оширгани бунинг далилидир. Самарқандни дунёнинг энг обод шаҳарига айлантирди.
Амир Темур илм-фан ривожи учун ғамхўрлик қилиши туфайли Самарқанд дунёнинг маърифий марказига айланди. Машҳур олимлар Самарқандга келди. Масалан, Қозизода Румий, табиб Хусомиддин Кермоний, фалакиётшунос Мавлоно Аҳмад, Улуғбек даврида турли мамлакатлардан келган 100 дан ортиқ олимлар илмий ва ижодий фаолият кўрсатган. Темур ва темурийлар замонида табиий ва гуманитар фанлар соҳасида буюк олимлар етишиб чиқди ҳамда жаҳон фанига муносиб ҳисса қўшди.
Соҳибқирон давлатида пул муомаласи тўғри йўлга қўйилган. Бунинг учун тилла ва кумуш тангалар зарб этилган. Салтанат ходимлари, оддий сипоҳлар, баҳодирлар, амирлар ва бошқа хизматчиларга адолатли маошлар тўланиши жорий этилган.
Амир Темур сиймоси гавдаланган юзлаб бадиий асарлар ёзилган ва нашр этилган. Буюк соҳибқирон ўз давлатини “Куч—адолатда” шиори остида юритган, давлатининг рамзлари бўлган давлат байроғида қуёш, мовий осмон ва шер акс эттирилган. Мадҳияси ҳам бўлган. Бу мадҳия Аллоёр бўлиб, Оллоҳ ёр бўлсин, ҳар ишда Тангри таоло ўзи мададкор бўлсин деган маънони билдирган.
Ўрта асрлардаёқ Амир Темур ҳаёти ҳақида инглиз драматурги Кристофер Марлоу 1588 йили тарихий пьеса, немис композитори Георг Гендель 1724 йили опера, америкалик ёзувчи Эдгар По 1827 йили шеърий поэма яратган.
Машҳур саркарда Амир Темурнинг ҳарбий санъат техникаси бошқа давлатларда ҳам ўрганилган ва амалиётда фойдаланилган. 1918 йили Россиянинг Петроград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида “Қизил командирлар курси” ташкил этилган эди. Унда Михаил Фрунзе, Аркадий Тайдер каби рус қўшинлари командирлари ўқиганлар. Ушбу курсда бошқа фанлар қаторида Амир Темур бобомизнинг ҳарбий тактикаси ва стратегияси, жанг санъати ўқитилган. Сўнгра уларнинг дунёга келган ўғилларига Тимур Фрунзе, Тимур Тайдер исмлари қўйилган. Ҳанузгача дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларида ўғил болаларга “Тимур” деб исм қўйилади.
Буюк француз саркардаси Наполеон Бонапарт ҳақидаги “Мен Наполеон Бонапартман” номли китобида “Темурбек менинг ва бутун дунё саркардаларининг устозидир” дейилган. Туркия давлатининг асосчиси ва раҳбари бўлган Мустафо Камол Отатурк ўз даврида Соҳибқирон Амир Темур ҳақида қуйидаги сўзларни айтган: “Қисмату қадар насиб этиб, Буюк Темур отамиз отларининг узангисини ушлаб турганимда ҳам ўзимни ўтли ҳис этардим. Турк дунёсида Амир Темурдан буюк шахсият йўқдир”.
Соҳибқирон Амир Темур ва унинг ғолибона юришлари ҳақида Лондон, Париж, Истанбул, Деҳли, Қоҳира, Исломобод, Минск, Москва, Тошкент ва бошқа шаҳарлар кутубхоналарида сақланаётган 450 дан ортиқ тарихий ҳужжатлар гувоҳлик беради. 2008 йили Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ўрта аср тарихчиси Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” (“Амир Темурнинг ғалабалари”) китобини чоп эттирди.
1995 йил 26 декабрда Президентимизнинг «1996 йилни Амир Темур йили деб эълон қилиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. 1996 йил мартида «Темурийлар тарихи» давлат музейини ташкил қилиш хусусида, «Амир Темур» орденини таъсис этиш тўғрисидаги фармонлар чиқди. ЮНЕСКО қарори асосида Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланди. 1996 йил апрелида шу ташкилотнинг Париждаги бош қароргоҳида «Темурийлар даврида фан, маданият ва таълим равнақи» мавзуида илмий конференция ўтказилиб, буюк давлат арбобининг тарихдаги ўрнига юксак баҳо берилди.
Ижтимоий тармоқларда ёритилган мақолаларга кўра, 2024 йил август ойида Москва шаҳрида Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси марказида таниқли рус ёзувчиси, давлат арбоби, 89 ёшни қаршилаган меҳнат фахрийси Евгений Ефемович Березиков билан Ўзбекистон Мустақиллиги куни арафасида суҳбат бўлиб ўтган. Суҳбат давомида Березиков ўзининг ҳаётидаги қизиқарли воқеалар хусусида қуйидагиларни эслаб ўтади: “Менинг ёшим ҳозир 89 да, шундан 60 йил Ўзбекистонда яшаганман ва ишлаганман. 1941 йили, яъни Иккинчи жаҳон уруши йили мени бошқа етим болалар билан Ўзбекистонга, Тошкент шаҳрига олиб келдилар. 22-сонли “Меҳрибонлик уйи”да тарбияландим, сўнгра ўқиб, олий маълумотли бўлдим. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий қўмитаси масъул ходими, Қашқадарё вилоят партия қўмитаси бўлим мудири, Самарқанд вилоят партия қўмитаси иккинчи котиби лавозимларида ишладим.
Буюк Амир Темур туғилиб ўсган Кеш, ҳозирги Шаҳрисабз шаҳар партия қўмитаси биринчи котиби вазифасида фаолият юритиб, шаҳарда кўпгина қурилиш-таъмирлаш ва ободончилик ишларини амалга оширдим. Шу даврда бир қатор китоблар ёздим, жумладан, “Красная Бухара”, “Тайны и легенды Узбекистана”, “Великий Тимур” (биринчи томи) ҳамда “Шаҳрисабз”, “Золотые купола Самарканда” ашулаларига шеърлар ёзиб берганман. Пенсияга чиққанимдан сўнг 1990 йиллари Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида яшаганман. Шу йили Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу туман ҳокими бўлиб ишлар эди. У киши билан суҳбатлашиш менга насиб этди. Суҳбат жараёнида Шавкат Миромонович менинг “Буюк Темур” номли китобимни ўқиб чиққанлигини айтиб ўтди. Суҳбат охирида менга “Буюк Темур” китобининг иккинчи томини кутаман” деди. Шундан сўнг ушбу китобнинг иккинчи томини ёзишга киришдим ва ниҳоят икки томлик “Буюк Темур” (Великий Тимур) китоби битта китоб шаклида нашр этилди”.
Матбуотда чоп этилган мақолаларга кўра, тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1402 йилда Франция қироли Карл VI Амир Темур билан мустаҳкам сиёсий алоқаларни ўрнатишга интилгани маълум. Улар ёзишмаларининг бир қисми Франция ҳужжат архивида сақланади. Мазкур мактубларда Амир Темур қиролнинг Шарққа нисбатан сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда ўз давлати билан Франция ўртасида савдо-сотиқ йўлга қўйилиши катта аҳамиятга эга эканига эътибор қаратади. Бу эса Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга бориб тақалишидан далолат беради.
Муҳтарам Президентимизнинг 2025 йил март ойида ушбу давлатга давлат ташрифи ҳам ўша азалий алоқаларнинг мантиқий давоми десак муболаға бўлмайди. Франция қироли Карл VI ва Амир Темур ўртасидаги ҳурмат ва эҳтиром бугунги президентлар ўртасида ҳам давом этмоқда. Бунга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Франциянинг фахрий легион ордени билан тақдирлангани яққол мисол бўла олади.
Франция Президенти Эммануэль Макрондан XIX аср охирида француз фотографи Поль Надар ижодига мансуб Жиззахдаги табиат ёдгорлиги акс этган “Амир Темур дарвозаси” деб номланган тарихий суратни қабул қилиб олар экан, муҳтарам Президентимиз фахр билан “Бу менинг Ватаним” деди. Бу ноёб совға тарихий аҳамиятга эга. 1890 йиллар Туркистонга сайёҳ сифатида келган француз фотографининг тарих саҳифаларига муҳрланган ушбу суратининг асраб авайлаб сақлангани алоҳида мавзу. Лекин ана шу мероснинг давлатимиз раҳбарига тақдим этилгани икки мамлакат, икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларнинг абадиятга дахлдорлигининг исботидир.
Улуғ Соҳибқирон Амир Темур ўзининг қилган юришлари давомида Жиззах вилояти ҳудуди орқали бир неча бор ўтади. Вилоятнинг Ғаллаорол тумани ҳудудидаги “Темир дарвоза” (“Темир қопуғ”) ёдгорлиги кўпдан кўп азиз зотларнинг, боболарнинг назари тушган, турли жангу жадалларда шаҳидларнинг кўплаб қони тўкилган муқаддас ва мукаррам қадамжо сифатида ҳар қанча улуғлашга, эътибор ва эъзоз этишга лойиқ маскан.
Бахмал туманининг Мўғол қишлоғига яқин “Қўшчинор”даги “Боғи мозор” (Саййид мир Халилиллоҳ ота) зиёратгоҳи ўз даврида ушбу ҳудуддан ўтган Соҳибқирон Амир Темур томонидан барпо этилиб, мустақиллик йилларида халқнинг хайр эҳсонлари эвазига қайта таъмирланди, хонақоҳ қайта тикланди. Бугунги кунда ушбу масканга келаётган, ўтмиш қадриятларимизга беқиёс ҳурмат ва эъзоз кўрсатаётган зиёратчиларнинг кети узилмайди.
Тарихда Илёсхўжа, Тўхтамишхон каби ҳукмдорларга қарши жанглари мобайнида Амир Темур бобомиз Зомин ўлкаси тупроғига ҳам бир неча бор қадам қўяди. Машҳур “Лой жанги” ҳозирги Чиноз атрофларида бўлган. Ушбу жангга боришда ҳам, қайтишда ҳам Соҳибқирон Амир Темур лашкарлари Зоминнинг баҳаво қир-адирларида дам олган. Ҳозирги пайтда Зомин туманидаги Итчироқ қишлоғининг этагидаги каттагина ҳайбатли тепалик “Қўшинтепа” деб аталади ва маҳаллий аҳоли ана шу тепаликда Амир Темур бобомизнинг лашкарлари олис жанглар олдидан макон тутганлигини ҳикоя қиладилар.
Аввал Зомин туманига қарашли бўлган, ҳозирда Зарбдор тумани таркибидаги “Оқар” қишлоғида ҳам буюк Соҳибқирон бобомизнинг излари бор. Ушбу маскан Амир Темур лашкарлари ҳордиқ чиқаришига қулай қўноқ жой ҳамда отларни ўтлатиш учун серунум ўтлоқ бўлган. Ҳозирги кунда қишлоқ аҳли бу жойнинг Соҳибқирон Амир Темур назари тушган тарихий маскан эканлигидан фахрланадилар.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Соҳибқирон Амир Темур сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланиб, ўзликни англаш, анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасида халқимизга улкан маънавий куч бағишлаб келмоқда. Бугунги кунда буюк давлат арбоби ва саркарда, иккинчи уйғониш даврининг Темурийлар Ренессанси бунёдкори Амир Темурнинг шахсияти, улуғ аждодимизнинг башарият тарихи ва темурийларнинг бетакрор меросини чуқур ўрганиш, ёшларимизга тушунтириш ва уларни она ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқат билан хизмат қилиш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш кекса авлод вакиллари, нуроний отахон ва онахонларимизнинг устувор вазифаси бўлиб қолади.
Нуриддин НУРМАТОВ,
вилоят нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари, меҳнат фахрийси.