ПРОКУРАТУРА ХОДИМЛАРИНИНГ УЧ АВЛОДИ ЖИЗЗАХДА УЧРАШДИЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги қарори билан тасдиқланган “Прокуратура органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси”га асосан Жиззах вилоятида прокуратура органлари фахрийлари ва ёш мутахассиларнинг “Уч авлод учрашуви” тадбирлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда олий даражадаги унвонларга эга бўлган 11 нафар фахрийлар Жиззах шаҳрида бўлишиб, жойларда маҳалла еттилиги, ёшлар билан учрашувлар ўтказишди. Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним музейлари, Жиззах шаҳридаги 10-сонли мактабда, BYD заводида бўлишиб, ўз ҳаётий тажрибалари ҳақида эртамиз эгаларига сўзлаб беришди. Ҳаётини қонун ҳимоясига бағишлаб, бугунги кунда Ватан ва эл-юрт ардоғида бўлган меҳмонлар вилоятимизнинг сайёҳлик имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, Малака кенгашининг қарори билан иш ўрганиш дастурини муваффақиятли бажарган прокуратура соҳасининг бир гуруҳ ёш мутахассислари нуфузли меҳмонлар гувоҳлигида  тантанали қасмёд қабул қилишди.

Шаҳримизга ташрифнинг иккинчи кунида “Шоҳсарой” тантаналар мажмуида “Уч авлод учрашуви”нинг навбатдаги йирик тадбири бўлиб ўтди. Бош прокуратуранинг олий унвонга эга фахрийлари, вилоят прокуратураси, ДХХ, мудофаа, ички ишлар бошқармалари фахрийлари, шунингдек,  вилоят ҳокимлиги фахрийлари, фаол ёшлар, вилоят сектор раҳбарлари ҳамда  прокуратура органлари ходимлари иштирок этган бу тадбир, ҳеч шубҳасиз, ёш қонун ҳимоячилари ёдида узоқ йиллар сақланиб қолади. Чунки, вилоят бош прокурори Исломжон Эргашходжаев таъкидлаганидек, устоз-шогирд ришталарини бу тарзда боғлаш, прокуратура афсоналарига айланган шахсларнинг жам ҳолда вилоятимизга ташрифи тарихда бўлмаган. Бундай яқинлик ёш ходимларнинг маънавияти ва дунёқарашини, жисмоний-ахлоқий жиҳатдан ватанпарвар шахс, чин маънода инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлиши йўлида улкан маънавий тиргак бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, прокуратура фахрийларига ташриф учун миннатдорлик билдирди ҳамда вилоятимизда 2-сектор томонидан ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва қонун устуворлигини таъминлаш йўналишларида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди.  Вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ёшлар билан ишлаш тизими йўлга қўйилди. Жумладан, вилоятимизда прокуратура органлари томонидан 1911 нафар ёшлар оталиққа олиниб, уларнинг муаммолари ҳал этилмоқда. Вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ёшлар билан ишлаш тизими йўлга қўйилди. Вилоятимиз аҳолисининг 54 фоизини ёшлар ташкил қилар экан, уларнинг орзу-интилишларига қанот бериш, фаолиятида дуч келаётган муаммолари билан ишлаш, эшитиш ва кўмак кўрсатиш ҳар бир давлат идораси, секторлар олдидаги келажак учун муҳим вазифа бўлиб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси Фахрийлар кенгаши раиси  Ботир Калонов сўзга чиқиб, “Уч авлод учрашуви” тадбирларининг чинакам ибрат мактабига айланиб бораётганини таъкидлади. Виждонли, садоқатли ва юксак масъулиятли кадрлар тайёрлаш ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида энг долзарб вазифа бўлиб, бу йўлда соҳа фахрийларининг бой ҳаётий тажрибаси, узоқ йиллик фаолияти намуна бўлади.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов, 3-даражали адлия маслаҳатчиси, прокуратура фахрийси Азимжон Эргашевлар сўзга чиқиб, ёш ходимларга олийжаноб халқимизнинг ҳақиқий ҳимоячиси бўлишлари йўлида эзгу тилаклар билдиришди.

 

-Мен прокуратура тизимидаги 35 йиллик меҳнат фаолиятим давомида бу каби юксак маънавий куч бағишлайдиган, ёшларга мотивация бериб, соҳанинг иссиқ-совуғига бардошли бўлишни ўргатадиган тадбирни эслолмайман, – дейди вилоят прокуратураси фахрийси, вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бошлиғи Гулнора Ҳамраева. – Биз ишлаган пайтимизда жиҳозлар эски, ҳаттоки Бош прокуратурада ҳисобдан чиқарилган инвентарлардан иборат бўларди. Бугун прокуратура идорасига кирган фахрийларнинг ёш ходимларга яратилган шароитларга ҳаваси келади. Жумладан, “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ҳам вилоят миқёсидан четга чиқмас эди. Бундай катта кўламда, соҳа генераллари билан учрашувлар биз учун орзу бўлган, холос. Эндиликда прокуратура тизимида маънавий-маърифий ишлар янги босқичга кўтарилди. Прокуратура органлари ходимларининг дунёқараши, сиёсий онги ҳамда маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буларнинг барчаси прокуратуранинг чинакам маънода халқ прокуратурасига айланиши, қонун ва инсон ҳуқуқларининг жасур ҳимоячисига айланиши йўлидаги қадамлардир. Мен бундай ўзгаришларни кўриб, яна ёш бўлгим, яна тизим ходими сифатида бор меҳрим билан ишлагим келади. Ўйлайманки, бу тадбир ёш прокурорлар учун ҳаётий дарс, бой маҳорат академияси бўлиб қолади.

Тадбирда вилоят прокуратураси фаолияти, иккинчи секторда амалга оширилган ишлар ҳикоя қилинган фильм намойиш этилди. Шунингдек, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби ўқувчилари, Ўзбекистон давлат филармониясининг вилоят бўлими хонандалари томонидан ажойиб ижро намуналари тақдим этилди. Бир пиёла чой устидаги устозлар ва шогирдлар суҳбатида ўтган асрнинг қатағон йиллари жабрини тортган Саҳоб Рашидов, Урдушбек Салимов каби прокуратура идоралари ходимларининг номи ёдга олинди. Уларнинг номи тикланиб, хотираси абадийлаштирилаётгани юксак баҳоланди.

  Муқаддас САПАРОВА.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *