Якунланаётган ҳафтада Жиззах шаҳри яна бир муҳим тадбирга мезбонлик қилди. Жиззах мусиқали драма театрида миллий мақом санъати бўйича республика кўрик-танлови ўтказилди. Унда 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган 50 нафардан зиёд иштирокчи “Энг яхши хонанда: эркак овози”, “Энг яхши хонанда: аёл овози”, “Энг яхши ансамбль” ва “Энг яхши мақом созандаси” йўналишларида синовдан ўтдилар.

Очилиш маросимида Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ва Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Акмал Савурбоев сўзга чиқдилар. Кўрик-танловнинг шаффоф ва ҳаққоний ўтишини таъминлаш мақсадида ҳакамлар ҳайъати ҳар бир вилоятдаги мақом йўналишида фаолият кўрсатаётган таълим ва ижодий ташкилотларнинг вакилларидан иборат этиб тузилди.
-Ўзбек мумтоз мусиқасида мақом жанри етакчи ўринни эгаллаб келган, – дейди ҳакамлар ҳайъати раиси Абдуҳошим Исмоилов. – Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўзбек мумтоз мусиқаси тарихида янги даврни бошлаб берган муҳим ҳужжат бўлди. Мен бу қарор эълон қилинганида мақомга давлат даражасида эътибор қаратилишидан бениҳоя мамнун бўлганман. Унда мақом санъатини янада ривожлантириш ва уни бутун дунё бўйлаб тан олинишига имкон яратиш борасида муҳим вазифалар белгиланан. Бугунги кўрик-танлов республикамиз бўйлаб мақом ижрочиларининг янги номларини кашф этиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилмоқда. Ҳакамларга танлов ғолибларини аниқлаш осон бўлмаслиги аниқ. Чунки барча иштирокчилар жуда истеъдодли ва ҳар бирида мақом жанри талаб қиладиган фидойилик ва ўзига талабчанлик юқори.

Кўрик-танловнинг биринчи кунида яккахон ижрочилар синовдан ўтган бўлса, иккинчи куни ансамбль ва созандалар ижроси тингланди. Ушбу кўрик-танловнинг яна бир аҳамияти шундаки, унинг ғолиблари 27-30 июнь кунлари Зомин туманида бўлиб ўтадиган II халқаро мақом анжуманида Ўзбекистон номидан иштирок этадилар. Шу сабаб энг яхшиларни аниқлаш ҳакамларга алоҳида масъулият юклади.
Ва ниҳоят ҳаяжонли дақиқалар етиб келиб, бетоқат томошабинлар билан тўлган Жиззах вилоят мусиқали драма театри залида тантанали тақдирлаш маросими бошланди. Ҳар бир йўналиш бўйича умумий 18 нафар танлов ғолиби аниқланди. Улар сафида Жиззах вилояти вакиллари борлиги жуда қувончли. Жумладан, Энг яхши хонанда: эркак овози” йўналишида Достон Тоиров ва Санжар Ўринбоев 1-ўрин, “Энг яхши мақом ансамбли” йўналишида Жиззах вилояти ҳудудий мақом ансамбли 2-ўрин ва “Энг яхши хонанда: аёл овози” бўйича Динора Раҳмонова 3-ўрин соҳиби бўлдилар. Танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимияти ҳамда Ўзбек миллий мақом санъати маркази томонидан қимматбаҳо совғалар ва диплом билан тақдирланишди.

– Миллий мақомларимизда халқимизнинг қадимий тарихи, маънавий дунёси, бадиий фалсафаси, руҳи мужассам. Шу боис неча асрдирки, мақом бебаҳо маданий мерос сифатида ардоқланиб келинмоқда, – дейди республика Мақом маркази Жиззах вилояти ҳудудий мақом ансамбли раҳбари Боймат Ҳасанов. – Мақом ижрочилиги хонандадан ана шу меросга муҳаббат, содиқлик ва жонфидоликни талаб этади. Юртимизда мақом санъатини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор биз учун улкан имконият ва юксак парвоз сари йўлдир. II халқаро мақом анжуманида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш бизнинг бурчимиз.
Муқаддас САПАРОВА.
Санжар НОРБЕКОВ олган суратлар.