Шаҳару қишлоқларимизнинг беш-олти йил аввалига қараганда нечоғли кўркамлашиб кетганини сезиш учун синчков бўлиш шарт эмас. Бу ўзгаришлар бироз мулоҳаза қиладиган одамда ҳайрат уйғотиши табиий.
Бир-биридан кўркам, салобатли бинолар, уй-жойларни кўриб, кўзингиз яшнайди. Уни қурган қурувчига тасаннолар айтгингиз келади. Қурилиши ҳам, дизайни ҳам бир-бирига ўхшамайди. Ҳудудларнинг географик жойлашуви ва табиатига мос равишда қад ростлагани билан бу бинолар кўнглингизга ҳузур, кўзингизга завқ бағишлайди.
Оддий иморат солишнинг ҳам ўзига яраша машаққати бор. Осмонўпар биноларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Қурилиш соҳасида мамлакатимизда яхши тажриба орттирилди. Вилоятимизда бугунги кунда учта “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилмоқда. Уларда 4 минг 700 хонадонга эга 156 та кўп қаватли уйлар қурилади. Аҳоли барча ижтимоий хизматлар билан таъминланади. “Янги Ўзбекистон” массивлари қуриш ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги фармонига мувофиқ бошланган.
Бугунги гўзал ва фаровон ҳаётимизни, мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини қурилиш соҳасининг олийжаноб касб эгалари меҳнатидан айри тасаввур этолмаймиз. Доно халқимизда кўплаб ҳикматли иборалар борки, улар турли ҳаёт синовларидан келиб чиқиб пайдо бўлган ва асрлар давомида ўзининг нақадар тўғри экани исботини топмоқда. Эзгу амаллар билан ўзгаларга нафи тегиб, ҳамиша яхшиликни улашиб юрган кишиларга нисбатан шундай иборалар орқали сифат берилади.
Қурилиш соҳаси вакиллари ичида ана шундай юксак мақомга эга, амалга ошираётган эзгу ишлари билан кишиларга яхшилик улашаётган, турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган инсонлар жуда кўп. Аслида ушбу соҳанинг ҳар бир вакили ана шундай мақтовга лойиқ.Сифатли қурилган иморат ортидан келадиган яхши гаплар йилларга татийди. Бугун юртимизнинг қайси бурчагига борманг, кенг кўламли бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. Биргина Жиззахимиз кўркига кўрк қўшиб турган муҳташам биноларни кўриб ҳайратланасан. Беихтиёр қурувчи ва меъморларнинг меҳнатига тасаннолар айтади киши.
Сўнгги йилларда Дўстлик тумани ҳам том маънода улкан қурилиш майдонига айланганига гувоҳ бўласиз. Бошқа соҳалар қатори қурилиш тармоғи ҳам ривожланмоқда, соҳага янги инновациялар, энг замонавий меъморий ечимлар фаол кириб келмоқда. Аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилмоқда.
Қурилиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали қурилиш жараёнларининг барча босқичларида жамоатчилик назоратини кучайтириш, сифат ва самарадорликни ошириш муҳим жиҳатлардан бири.
Чинободда 11,5 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” массиви бунёд этилмоқда. 1970 йилларда қурилган барак типидаги уйлар ўрнида бу ерда беш қаватли 1000 хонадонга мўлжалланган 50 та кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. 2025 йилгача мўлжалланган қурилиш лойиҳасига кўра айни пайтгача 160 нафар фуқаро янги уйга кўчиб кирди. Янги хонадонларга кўчиб кирган ҳамюртларимиз кўнгилларини обод қилган замонавий, кўп қаватли турар жойлар туман ҳуснига кўрк бағишлади.
—Ватан ичра Ватанга эга бўлганимдан хурсандман, —дейди Фарҳод Каримов. —Илгари икки хонали барак типидаги уйда учта оила, ўн нафар киши тиқилиб яшардик. Қурувчиларга раҳмат, қаддингиз ва қадрингиз қурган биноларингиздек тик ва баланд бўлишини тилайман.
“Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган кўп қаватли уйларни “Ded one houce”, “Дўстона ҳарид”, “Shahrizoda obod qurilish” каби МЧЖ қурувчилари бунёд этишмоқда.
“Янги Ўзбекистон” массивида аҳоли учун зарур бўлган барча шароитлар яратилади. Айни пайтда яна иккита беш қаватли уй қуриб битказилди. Яна бир бинода эса ташқи фасад ва ички пардозлаш ишлари давом этмоқда.
—Қанчадан-қанча Ватансиз, уй-жойга муҳтож ҳамюртларимизнинг янги уйларнинг калитини қўлига олаётганида севинчидан кўз ёш тугаётганига гувоҳ бўлганимда, тўғриси, энтикиб кетаман,—дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Муҳайё Қаршибоева. —Айниқса, хотин-қизлар, кўп болали, ижтимоий қийналган Балчин Норбекова сингари аёлларимизни ватанли бўлганини кўриб, ҳар бир гўзалликда, ободликда бизнинг ҳам ўрнимиз, ҳиссамиз борлигидан ғурурланмай бўладими?
—Туманимиздаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари янгидан бунёд этилди,—дейди туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Анвар Тинчликов. – “FLORA MED” клиникаси, туман тарихи музейи бинолари фойдаланишга топширилди.
Президентимизнинг жорий йил 8-9 апрель кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Дўстлик тажрибаси асосида вилоятимизнинг қолган туманларида ҳам 2 мингга яқин эски уйлар ўрнида 50 минг хонадонли замонавий уй-жойлар қуриш бўйича топшириқ берилди.
Уй қурган савоб. Бинокор қурган ёруғ ва шинам хонадонларда қанчадан-қанча бахтли оилалар умргузаронлик қилади. Иморат бир ой ёки бир йилда битиши мумкин. Лекин унинг кетидан келадиган хайрли гаплар, дуолар сира тугамайди.
Зоир ЭРГАШЕВ.