ЖИЗЗАХДА “BMB Empire Mall” САВДО МАЖМУАСИ ҚУРИЛАДИ

Жорий йилнинг 26 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида миллий брендларни кўпайтириш, мавжудларини халқаро даражага олиб чиқиш бўйича ҳам янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Эндиликда республикада миллий брендларни қўллаб-қувватлаш компанияси ташкил қилинади. Йиғилишда мамлакатимизда тайёр кийим-кечак, чарм-атторлик маҳсулотлари ва пойабзал ишлаб чиқарадиган 4 мингдан зиёд корхона борлиги, лекин уларни аҳолига танитиб, кенг танлов имконини берадиган, миллий маҳсулотлар бир жойда сотиладиган савдо марказлари йўқлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис, фақат миллий маҳсулотлар сотиладиган “Mall of Uzbekistan” йирик савдо марказлари ишга туширилиши мақсадга мувофиқ эканлиги айтилди. Бу ердаги савдо дўконлари тадбиркорларга минимал нархда ижарага берилади.

—Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар сабаб, шаҳарсозлик соҳасида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда, —дейди BMB HOLDING ахборот хизмати бошлиғи Азизбек Ходжаев. —Янги Ўзбекистоннинг қиёфаси дунёнинг ривожланган мамлакатлари каби замонавий кўринишга эга бўлиб, пойтахтимизда катта савдо мажмуалари барпо этилаяпти. Бундай марказлардаги дўконлар тадбиркорларга имкониятларига яраша минимал ижара тўлови асосида тақдим этилиб, бу ҳам харидорлар учун кенг танлов имкониятини, ҳам хорижий туристлар учун қулайлик яратади. Шу каби ташаббуслардан бири — Жиззах шаҳрида BMB HOLDING томонидан барпо этилаётган “BMB Empire Mall” лойиҳасидир. Айни пайтда BMB HOLDING томонидан бунёд этилаётган ва 2027 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган BMB Empire Mall нафақат Жиззах вилояти, балки қўшни ҳудуд тадбиркорлари ҳамда аҳолиси учун катта совға бўлади. Лойиҳанинг умумий қиймати  20 млн. АҚШ долларини ташкил этади.  Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, савдо маркази ҳар ойда маҳаллий аҳоли ва қўшни ҳудудлардан камида 220 000 кишини ўзига қабул қила олади. Замонавий беш қаватли савдо маркази 15 000 m² умумий майдонга эга бўлиб, шундан 12 000 m² савдо майдонига мўлжалланган. Мазкур лойиҳа истеъмолчиларнинг талаблари ва тадбиркорларнинг имкониятлари таҳлили асосида ишлаб чиқилган. Савдо мажмуаси 5 қаватдан иборат бўлиб, атрофида автотураргоҳ мўлжалланган қават ва замонавий автомобиль ювиш шохобчасидан иборат бўлади. Бинонинг 1-қаватида эса озиқ-овқат маҳсулотлари  супермаркети, маиший хизматлар, кийимларни кимёвий тозалаш, косметология, сартарошхона — Barber-shop ҳамда банк филиаллари ўрин олиши режалаштирилган. Мазкур мажмуанинг 2-3 қаватлари савдо галереяларидан, яъни кийим-кечак, пойафзал, электротехника, заргарлик ва бренд дўконлардан ташкил топади. 4-қаватда эса фудкорт, яъни овқатланиш ҳовличаси жойлашиб, унда BMB Za’faron, Evos, KFC, Safia, Dodo Pizza, Book cafe каби брендлар билан шартнома асосида ишлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, у ерда болалар майдончаси ҳам барпо этилади.

Шунингдек, бинода очиқ осмон остида ноанъанавий ва замонавий усулда бунёд этилган умум овқатланиш жойи ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Бинонинг 5-қавати кўнгилочар ҳудуд бўлиб, бу ер кинотеатр, боулинг, FITNESS соғломлаштириш мажмуаси каби қисмлардан ташкил топади. Эътиборли томони шундаки, савдо мажмуаси дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида мавжуд андозалар асосида барпо этилиб, хусусан, унда valet parking хизмати, яъни савдо мажмуасига келган мижозларнинг автомобилига алоҳида хизмат кўрсатиш, уни қабул қилиб олиш, автотураргоҳга хавфсиз жойлаш ва мижоз қайтаётганда унга қайта тез ва хавфсиз топшириш хизмати ҳам ишга тушади. Бинонинг ташқи ва ён атрофи, 300 m² ортиқ қисми яшил ҳудуд, бино ҳудудининг ҳамма қисми эса Wifi зоналардан иборат бўлади. Савдо мажмуаси бўйлаб барча техник бошқарув жараёнлари рақамли технологиялар асосида тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, ушбу жараён халқаро стандартлар ва сунъий интеллектнинг энг сўнгги дастурлари асосида бошқарилади.

 

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *