ОҚ АТИРГУЛЛАР, ОППОҚ АТИРГУЛЛАР
Томорқасида иссиқхона ташкил этиб, ундан самарали фойдаланаётган Зарбдор тумани ёшлари бугун сабзавот етиштириш билан бирга гулчиликни ривожлантиришда ҳам юқори натижаларни қўлга киритишаётир. Сердаромад ушбу соҳада янгилик қилишдан чўчимайдиган ёш боғбонлар келажакда гулчиликни ҳудудда етакчи соҳалардан бирига айлантиришни мақсад қилишган.
“Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Сўнгги йилларда бу маҳаллада томорқасида атиргул навларини етиштириб, ундан яхшигина даромад олаётганлар сафи кенгайиб бормоқда.
Сардор Абдусатторов маҳалладошлари Абдуллоҳ ва Абдуҳаким Абдувоҳидовлар билан пойтахтда бир неча йил гул сотиб, тирикчилик қилди. Бу оралиқда гул саралаш, гулдаста тайёрлашни ҳам ўзлаштириб олди. Кейинчалик бутунлай гулларга ошуфта бўлган ёшлар ўз маҳалласида харидорбоп гул навларини етиштиришни мақсад қилишди.
Бугунги кунда гулчиликда тажриба тўплаб, ҳудуд учун ноодатий бўлган йўналишда гул етиштираётган тадбиркор йилнинг тўрт фаслида ҳам бозорга гул етказиб беришни йўлга қўйган. 15 сотих майдонни эгаллаган иссиқхонага “Қора шаҳзода” ҳамда “Аваланж” навли қора ва оқ атиргуллар навидан ўн минг туп экилган. Тадбиркор етилган гулларни кесиб, тайёрлаб бозорга чиқармоқда. Ўртача боғбон гулдан 70 миллион сўм даромад олаяпти.
—Гулларни ўз вақтида озуқасини бериб, парвариш қилиш керак, акс ҳолда касалланган ўсимлик ривожланишдан тўхтаб қолади,—дейди Сардоржон Абдусатторов. — Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 апрель куни вилоятимизга ташрифи чоғида Зарбдор туманида фаоллар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Президентимиз маҳаллаларда иссиқхоналар барпо этиш ва томорқалардан самарали фойдаланиш, қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлаш, оилаларнинг даромадини ошириш ҳақида гапирди. Мен шулардан хулоса қилиб, ишимни янада кенгайтириш, гул етиштиришнинг гидропоника усулига ўтишни режа қилганман.

БЕШ ОҒАЙНИ БОТИРЛАР
“Тоза уруғ сара сабзавотлар” кооперацияси ташкил этилганига уч йил бўлди. Кооперацияга бошчилик қилаётган Камолиддин Қодировни далада учратдик. Ёш раҳбар билан суҳбатимиз кичик шийпончада бўлди.
—Шерзод Турсунқулов, Аҳрор Эргашев, Даврон Давлатов ҳамда Саҳобиддин ва Эргаш Босимов сингари ёшларнинг ҳар бирига бир гектардан ер ажратилган,—дейди Камолиддин Қодиров. — Тўртинчи апрелда плёнка остига 5 гектарга тарвуз, бир гектар ерга ошқовоқ экдик. Ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳар гектарда 5000 та тарвуз етилишини назарда тутсак, эртапишар тарвузнинг биринчи ҳосилидан 75 миллион, иккинчи ҳосилдан яна 25 миллион жами 100 миллион сўм даромад олишни хомчўт қилаяпмиз.
Полиз маҳсулотлари ички бозарга чиқарилади. Шунингдек, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари бозорларига ҳам йўналтирилади. Беш оғайни деҳқонлар такрорий экин учун мош экишни режалаштиришган. Гектаридан бир тонна ҳосил олинса, бу дуккакли экиндан ҳар гектарига 10 миллион сўмдан фойда қилинади.
ХОНДАМИРНИНГ ШАШТИ БАЛАНД
“Шарқ юлдузи” МФЙда истиқомат қилувчи Хондамир Ўрозбеков йигирма тўққиз ёшда. У “Дилшодбек кўли” фермер хўжалигини бошқариб келади. 20 гектарда товон балиқ, оқ амур, зоғора балиқ, лаққа балиқ турларини ярим интенсив усулда парваришлаётган ёш тадбиркор учта доимий, иккита мавсумий иш ўринлари яратган.
2021 йилда Хондамир Тошкент аграр университетининг қишлоқ хўжалиги менежменти мутахассислиги дипломини қўлига олди. Мана 11 йилдирки,балиқчилик хўжалигини ташкил этиб, уни ривожлантириш йўлида қатор лойиҳалар устида изланмоқда. Март ойида Чиноздан 20000 та чавоқ келтириб, сунъий кўлда балиқ парваришланаяпти. Ёш тадбиркорнинг режалари улкан. Биринчи навбатда балиқчилик хўжалиги қошида чавоқ етиштиришни ташкил этмоқчи. Иккинчи лойиҳаси келгуси йилдан тўлиқ интенсив усулда балиқ етиштиршини мақсад қилган. Чорвачилик йўналишида “Ангус” қорамол зоти билан маҳаллий зотни чатиштириб, туёқлар бош сонини кўпайтирмоқчи. Лойиҳа амалга ошгач, яна ўн нафар қишлоқ ёшлари янги иш ўрни билан таъминланади.
Зоир ЭРГАШЕВ