Аҳолини рўйхатга олиш натижалари ғоят аҳамиятлидир

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Бунга 2020 йил 16 март куни қабул қилинган “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Хўш, республикамизда аҳолини рўйхатга олиш бизга нима беради? Аввало, аҳолининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби (барча аҳоли пунктлари бўйича), оилавий аҳволи, маълумоти, касби, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, яшаш шароитлари, меҳнат ресурслари, бандлиги ва ишсизлиги, даромад манбалари кабилар бўйича батафсил маълумот тўпланади.

Ўз навбатида республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқиш имконияти кенгаяди.Бундан ташқари,юртдошларимиз миграцияси тўғрисида аниқ маълумотлар шакллантирилади.

Чунончи, аҳоли пунктлари инфратузулмасини яхшилаш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда бу маъулотлар ниҳоятда қўл келади.

Амалдаги жорий ҳисобга кўра, 2023 йилнинг 1 октябрь ҳолатига  вилоятимиз доимий аҳолиси сони 1499,8 минг кишини, шундан шаҳар аҳолиси 703,9 минг, қишлоқ аҳолиси 795,9 минг кишини, яъни аҳолимизнинг 50,5 фоизини эркаклар, 49,5 фоизини эса аёллар ташкил этди.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш юзасидан амалга оширилаётган бу каби ишлар мунтазам равишда аҳолини рўйхатга олишнинг расмий веб-сайтида (aholi.stat.uz) ёритиб борилмоқда.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш жараёнларининг кейинги босқичида янгиланган маҳалла хариталари асосида ҳудудлар бўйича аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режалари ва рўйхатга олиш жараёнларига жалб этиладиган ходимлар сони ҳисоблаб чиқилади.

Олдинда қилинадиган ишлар кўп. Уларни муваффақиятли бажариш сув ва ҳаводек зарур. Негаки, аҳолини рўйхатга олиш орқали Ўзбекистоннинг ҳар бир манзили, ҳатто чекка ва олис маҳаллаю кўчаларигача алоқадор барча маълумотларни ўзида акс эттирган ягона ахборот базасига эга бўламиз.

Рўйхатга олиш натижалари нафақат биз учун, балки келажак авлодлар учун ҳам ғоят аҳамиятлидир. Бугун биз қандай яшаганимиз  ва қандай имкониятларга эга бўлганимиз тарихга муҳрланиб, авлодларимиз учун маънавий мерос бўлиб қолади.

 

Мамлакат НУРМАМАТОВА,

рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва

ўтказиш бўлими бошлиғи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *