Юртимизда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматларнинг кўлами кенгайиб бормоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш, эътибор ва мурувват кўрсатиш, хизматлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Бунга Президентимизнинг жорий йил 8 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ёрқин мисол. Қарор кенг қамровли ғамхўрликни ўз ичига олган. Унда оилалардаги ўзгалар парваришига муҳтож 18 ёшдан юқори бўлган шахсларга хизматлар турлари ва қамровини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи омилларни бартараф этиш асосий мақсад этиб белгиланган. Жумладан, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида ҳудудларда кундузги парвариш марказларида кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматлари йўлга қўйилди. Вилоятимизда дастлаб Ғаллаорол ва Дўстлик туманларида ИҲМА вилоят бошқармаси ҳамда тадбиркорлар ҳамкорлигида кундузги парвариш марказлари ташкил этилди.

– Президент қарорига кўра 5 турдаги янги ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилмоқда. Улар уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш хизмати, қараб туриш хизмати, тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати, кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати ҳамда шахсий ёрдамчи хизматидир. Ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар кундузги қараб туриш хизматида 8 соат мобайнида қаровчилар томонидан парвариш қилинади. Эндиликда уларнинг қаровчиси бўлган оила аъзолари бемалол ишга жойлашиб, оиласига даромад келтиришига имкон яратилди. Иш билан таъминлаш вазифасини кундузги парвариш марказларида қараб туриш хизматини йўлга қўйилишида ҳамкорлик қилаётган тадбиркорлар ўз зиммаларига олишган, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бош мутахассиси Шаҳноза Абдиева.

– Бу ерда биз учун ҳамма шароит яратилган. Кун давомида соғломлаштириш машқларини олиб боришади. Уйимиздан машинада олиб келишади ва кечга яна олиб бориб қўйишади. Яратилган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун давлатимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди ўзгалар парваришига муҳтож фуқаро Аброр Жўрақулов.
Айни вақтда Дўстлик туманида 20 ўринли, Ғаллаорол туманида 20 ўринли, Жиззах шаҳрида 7 ўринли, Шароф Рашидов туманида 7 ўринли, Зарбдор туманида 7 ўринли ва Зомин туманида 7 ўринли кундузги парвариш масканлари ишлаб турибди. Масканларда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга кун давомида ғамхўрлик қилиш, уларнинг вақтини мазмунли ташкил қилиш, қизиқишларини тўғри йўналтириш ва саломатлигини тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ногиронлиги бўлган фуқароларнинг оила аъзолари яқинларининг аҳволидан хавотир олмасдан ўз иш фаолиятларини олиб боришларига имкон яратилди.
Юртимизда инсонларнинг оғирини енгил қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар аҳолининг ҳаётдан мамнун бўлишига сабаб бўлмоқда.
Шаҳноза МАНСУРОВА