Футбол бўйича Ўзбекистон кубоги нимчорак баҳсида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси билан беллашди. Унда вакилларимиз 1:0 ҳисобида ғолиб бўлиб, чорак финалга йўлланма олди.
Икки жамоа ҳам кубок баҳсларида ёрқин ўйинлар намойиш этиб келаётганлигини мухлислар яхши билишади. Шу боис футбол ишқибозлари ушбу учрашувда ҳақиқий “жанг” бўлишини кутишганди. Шундай ҳам бўлди. Жамоалар навбатма-навбат ҳужумлар уюштиришди. Дарвозалар олдида хавфли вазиятлар жуда кўп бўлди. Аммо, дарвозани аниқ нишонга оладиган футболчи топилмади.
Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб очилмагач, учрашув ҳаками 15 дақиқадан 2 та экстра таймлар белгилади. “Сўғдиёна” бош мураббий Иван Бошкович учрашувнинг 112-дақиқасида иқтидорли ҳужумчи Сардорбек Ҳошимовни майдонга туширди. Ва айнан шу футболчи фарғоналиклар дарвозасини ишғол этди. 1:0 ҳисоби учрашув тугагунча ўзгармади.
Чорак финалда “Сўғдиёна” Наманганнинг “Навбаҳор” клуби билан куч синашади. Шунингдек, чорак финал баҳсларида Тошкентнинг “Пахтакор” ва “Бунёдкор”, Термизнинг “Сурхон” ва Урганчнинг “Хоразм”, Навоийнинг “Қизилқум” ва Андижоннинг “Андижон” жамоалари ўзаро беллашадилар.