ҚИЛ УСТИДАГИ ТАҚДИРЛАР

Гиёҳвандлик инсоннинг ҳаётини бутунлай издан чиқариб юборади, уни охир-оқибат майиб-мажруҳ қилиб қўяди ёки ўлим билан тугашига сабаб бўлади. Бу йўлни боши берк кўча, деб бежизга айтишмайди. Аммо, бу йўлга кирганлар дарҳол ҳаракат қилиб, даволаниш учун мутахассисларга мурожаат қилса, уларни қутқариб қолиш мумкин. Бундай оғир дамларда яқинларининг ёрдами, қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эга. Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах вилоят филиалида бу касалликка мубтало бўлган беморлар даволанмоқда. Бу ерга шифо истаб келганларнинг аламли нидоларини эшитиш ҳар қандай инсоннинг юрак-бағрини эзади.

— Оиламизда 6 нафар фарзанд бор эди,— дейди филиалда даволанаётган беморлардан бири Б.Т. (шахсини ошкор этмадик). — Камбағал эдик, мактабдан келсам бувим бир бурда нон берарди. Шу билан аранг қорним тўярди. Ёшим катта бўлгач, иқтисодий қийинчиликлардан қутулиш йўлини излай бошладим. Меҳнат қилиб беш-тўрт сўм пул топгач, кафе-ресторанларга бордим. У ерда менга қорадори татиб кўришни таклиф қилишди. Бир марта истеъмол қилиб, ўрганиб қолдим. Мактабни битирдим, аммо техникумни битиролмадим. Заҳри қотил мени ўзига қул қилиб олди. Бора-бора пулим етмай қоладиган бўлди, пул топиш учун ўғирликка қўл урдим. Бир неча бор “ўтириб” чиқишга тўғри келди. Бу орада оила қурдим, беш нафар фарзандим бор. Сувоқчилик касбини ўргандим. Пешона терим билан оила боқдим. Аммо аввал истеъмол қилган оғуларнинг хумори барибир ҳаловат бермасди, унинг таъмини тотиб кўрмасам туролмайдиган бўлиб қолдим. Истеъмол қилмасам бутун аъзою баданим қақшайди. Кейин дори излашга тушаман. Бу азобни ҳеч кимга раво кўрмайман. Наркология диспансерида бир неча марта даволандим. Ҳар сафар даволаниб чиққач, ҳаётимни бошқатдан бошлашга ҳаракат қиламан. Бир-икки ой бу зормандани яқинига ҳам йўламайман. Қандай қилиб дорини топганимни ва истеъмол қилиб қўйганимни ўзим ҳам билмай қоламан. Кейин давом этиб кетади яна. Шу билан яна даволанишимга тўғри келади. Ҳозир ҳам даволанаяпман.

—Мана даволанаяпсиз, бирор бир хулосага келдингизми…?

—Бу йўлга кирганимдан пушаймондаман. Бугунги кунда психотроп моддалар ёки кучли таъсир қилувчи дориларни истеъмол қилаётган ёшларни кўриб ҳой тўхта, болам, ўзингни ўтга отма, дейман. Мен бу боши берк кўчага кириб минг эмас, миллионлаб азобни бошимдан ўтказаяпман, сен бу йўлингдан қайт дейман. Ҳаёт инсонга бир марта берилади. Уни ҳавога совургандек сочиб юбормаслик керак. Ёшлар вақтида эсини йиғиб олиши керак. Бу йўлнинг охири жуда ҳам аламли, афсус-надоматли…

Беморлардан бири С.Х. бошидан ўтган воқеаларни яшириб ўтирмади.

—Илтимос, исми-шарифимни кўрсатмасангиз. Ҳамма болалар қатори ўрта мактабни тугатдим. Иқтисодиёт коллежида ўқидим. Кейин савдо соҳасида ишлаб юрдим. 7 йил Турон кураши билан шуғулландим. 28 ёшимда уйландим. Афсуски, у аёл билан 5 ойгина яшадим, характерларимиз тўғри келмади. Кейин бошқа аёлга уйландим. Ўғлим бор эди. Касал бўлиб оламдан ўтди (Кўз ёшини артиб олди). Шундан сўнг бу аёл билан ҳам ажрашдим. Асабларим қақшаб, руҳий изтиробда қолдим. Бир ёқда болам ўлди, бир ёқда хотиним билан ажрашиб кетдим. 6-7 ой ишламадим, наша истеъмол қила бошладим. Кейин шу заҳар-заққумга ўрганиб қолдим. Ўзим айбдорман шу куйга тушишимга. Охири қўлга тушдим, 3 йилга қамалдим. Жазо муддатимнинг тугашига икки ой қолди. Беш ойдан буён шу ерда даволанаяпман. Врачлар, ҳамширалар яхши қарашаяпти.

—Даволаниш пайтида кўнглингиздан нималар ўтди?

–Менга ҳаётимни бошқатдан бошлаш имконияти берилганда эди, умуман гиёҳванд моддалар истеъмол қилмаган бўлардим. Тасаввур қилаяпсизми, ғужанак бўлганча оғриқнинг зўрига чидолмай инграшлар одамни ҳолдан тойдирарди. Дори ичмасам миямни катта бир қурт кемираётгандек бошим ғувилларди. Бундай пайтда тушкунликка туша бошлардим. Негадир менга ҳамма душмандек кўринарди. Олган дозамнинг кайфи унча узоққа бормаса, яна бояги оғриқ аъзои баданимни қақшатарди. Яна кўзимга ҳеч нарса кўринмай қоларди. Титраб, оғриқнинг зўридан тишларимни ғижирлатаман. Қаердан бўлса ўша кучли таъсир қилувчи дорини топишим керак, деб югурардим. Топмагунимча дунё қоронғу бўларди. Оғуни топиб ором олардим. Эртаси куни яна шу аҳвол… Суякларнинг қақшашига чидаб бўлмасди. Хайриятки, дўхтирлар бор экан, даволандим. Қамоқда ўтирганимда озодликни, шифохонада ётганимда соғликнинг қандай буюк неъмат эканлигини тушуниб етдим. Наҳотки, мен шунчалик тубан одам бўлсам, деб кўнглимдан ўтказардим. Одамларга “Ҳаётнинг минг-минглаб завқини ярим дақиқалик кайфга алмаштирманг, гиёҳвандлик бу ботқоққа ботиш билан баробар, бу йўлдан қайтинг” дегим келади.

–Даволаниб бу ердан чиқсангиз нималар қилмоқчисиз?

–Режаларим жуда кўп. Ёлғиз онам бор. Мени ўйлаб касал бўлиб қолдилар. Аввало онамни рози қилмоқчиман. Уйланиб ҳаётимни бошқатдан бошламоқчиман. Тўғриси калтабинлигим, ақлсизлигим туфайли не-не азобларни кўрдим. Энди гиёҳвандларнинг яқинига ҳам бормайман, деб ўзимга ўзим сўз бердим. Чунки, гиёҳвандликнинг турган битгани қайғу, алам, изтироб экан. Соғлиқнинг, умрнинг қадрига етишни ўргандим. Энди бу йўлга ҳеч қачон қайтмайман…

Ушбу шифо масканида даволанаётганларнинг аксарияти қилмишидан пушаймонда. Уларнинг кўпчилигини баъзилар “алкаш”, “наркоман” деб менсишмайди, паст назар билан қарашади. Лекин улар ҳам биз каби инсон. Уларнинг ҳам ҳаётдан орзу умидлари бор. Улар ҳам ҳаётда нимагадир эришиши, ўзидан яхши бир из қолдириши керак-ку! Демак, инсонийлик нуқтаи назаридан ҳам бундайларга ёрдам қўлини чўзиш шарт. Гиёҳвандлик шундай ёмон дардки, ўз чангалига илинганни тобора чуқурликка тортиб кетаверади. Агар вақтида уларга кимдир ёрдам бермаса, йиқилганни суямаса, у ё ногирон бўлиб қолади, ё ҳаётдан кўз юмади.  Адашиб бу йўлга кириб қолган беморларга ёрдам қўлини чўзиш, тезкорлик билан даволаш чораларини кўриш зарур. Тиббий, психологик ва ижтимоий чораларни бошлашда ҳар бир кун аҳамиятга эга. Энг муҳими, умидсизликка тушмаслик, дардни яширмасдан, ундан халос бўлиш учун интилиш керак. Даволаса бўладиган дард бу. Инсон ўзининг метин иродаси билан ҳар қандай дардни енга олади.

—Шифохонамиз 98 ўринга мўлжалланган,—дейди республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг  вилоят  филиали директори Қаҳрамон Мелибоев.—Ҳозирги кунда 94 нафар беморлар даволанмоқда. Бу ерда асосан беморлар алкоголизм, гиёҳвандлик ва заҳарвандликдан даволанишади. Ўтган йили шифохонамизда 1741 нафар бемор даволанди. Уларнинг 8 нафари гиёҳвандлар. Жамоамиз билан гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш йўналишида кенг кўламли тарғибот тадбирлари олиб бораяпмиз. Шифохона ходимлари томонидан 46 та мактаб ва ўрта махсус таълим муассасаларида, 34 та маҳаллада психоактив моддалар истеъмол қилганлик белгиларини аниқлаш бўйича ўқув-семинарлари ўтказдик. 450 дан зиёд ишлаб чиқариш корхоналари, тиббиёт муассасалари, мактаблар, маҳаллалар, олий ўқув юртларида наркомания ва токсикоманияга қарши профилактик тадбирлар ташкил этдик. Телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар ва газеталарда ҳам ходимларимиз чиқишлар қилишаяпти. Ўтган йили Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича ҳудудий комиссия томонидан эълон қилинган “Психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш ойлиги” доирасида вилоятимиздаги барча олий таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ўтказдик. Бундай ишлар жорий йилда ҳам  изчил давом эттирилмоқда.

Шифохона жамоасининг амалга ошираётган ишлари таҳсинга лойиқ. Ушбу масканда даволаниб чиққан фуқароларнинг оилаларида ўша куни қувончли воқеа, ўзига хос тантана бўлади. Минглаб фуқаролар соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб олаётгани қувонарли. Касалликдан қутилганингиз рост бўлсин, азизлар, дегимиз келади.

Васил ИЛЁСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *