МУАММОЛАР ТИЗИМЛИ ҲАЛ ЭТИЛАДИ

Вилоят ҳокимлигида хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, котибият мудирлари, корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, ҳудудий студияларда шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари  қатнашди.

   Йиғилишда вилоят ҳокими Эргаш Салиев Президентимиз томонидан хотин-қизлар масалаларига, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, ҳаётий муаммоларини бартараф этиш, иқтидор ва имкониятларини юзага чиқариш учун барча шароитлар яратилаётганига тўхталиб, бугунги кунда хотин-қизлар масалаларини тизимли ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига жуда катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали вилоятимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, аёлларга тадбиркорлигини бошлаш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, боқувчиси бўлмаган хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш каби масалаларда амалга оширилаётган ишлар шаҳар ва туманлар кесимида танқидий таҳлил қилинди.

Жумладан, 38 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг муаммолари ижобий ҳал қилинган. 10028 нафар ишсиз аёлларнинг бандлиги таъминланган. 3700 нафар аёлларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли кредитлар берилган. 23800 нафар аёлларга моддий ёрдам кўрсатилган. 710 нафар эҳтиёжманд аёлларнинг уй-жойи таъмирлаб берилди. 668 нафар аёлларнинг вояга етмаган болаларини даволаш учун 1,5 миллиард сўм ажратилган. 86 нафар аёлларга 46 гектар ер берилди. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 150 нафар хотин-қизларнинг контракт пуллари тўланди. 1615 нафар хотин-қизларнинг маданий тадбирларда қатнашиши таъминланди. Уларнинг 530 нафари республикамиз шаҳарларига саёҳатга олиб борилди. 3500 нафардан зиёд аёлларга ҳуқуқий ёрдам берилди. Жорий йилда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларига 50 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.          

   Вилоят раҳбари амалга оширилган бир қатор ижобий ишлар билан биргаликда бу борада камчиликларга ҳам йўл қўйилганлигини танқид қилди. Хусусан, бир қатор туманларда эҳтиёжманд аёлларнинг уй-жойларини таъмирлаш ишлари кечикаётгани, “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларни доимий иш билан таъминлаш ўрнига мавсумий ишларга жалб этилиши каби камчиликлар руйирост айтиб ўтилди ва мутасаддиларга мавжуд муаммоларни бартараф этиш вазифаси топширилди.

   Йиғилишда сўзга чиққан республика Олий суди раисининг биринчи  ўринбосари, хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси аъзоси Робахон Махмудова мамлакатимиз Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш, хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Аёллар дафтари” нинг бешинчи босқичини ташкил этиш, “Йўл харитаси” ни тузиш, йўл қўйилган камчиликларни тугатиш юзасидан фикрлар билдириб, галдаги вазифалар ҳақида гапирди. Хусусан, у ҳар бир маҳаллада ишчи гуруҳлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари уйма-уй юриш орқали ўрганилишини, хотин-қизларнинг бугунги кундаги долзарб муаммоларини аниқлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва таҳлил қилиб бориш учун “сектор – туман – вилоят ” даражасида штаблар  ташкил этиш, “Аёллар дафтари”нинг 5-босқичига киритиладиган хотин-қизлар рўйхатлари билан бирга улар билан индивидуал ишлаш, ўрганишлар давомида бирорта ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қиз эътибордан четда қолиб кетмаслиги лозимлиги алоҳида таъкидланди.

  Тадбирда Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Рустам Холматов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдували Мустанов, вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Назира Мухторова сўзга чиқиб, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш, “Аёллар дафтари” тизими орқали муаммо ва мурожаатларнинг ҳал этилиши,  дафтарига  2024 йилда киритиладиган аёлларни ижтимоий ҳимоялаш ҳамда келгуси вазифалар тўғрисида ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар.  

    Йиғилиш давомида студиядан сўзга чиққан шаҳар ва туман ҳокимлари тадбирда айтиб ўтилган камчиликларни зудликда бартараф этиш ва 2024 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар тўғрисида гапирдилар.

  Вилоят ҳокими кун тартибидаги масала юзасидан тегишли раҳбарларга топшириқлар берди.

   

Васил ИЛЁСОВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *