Ўзининг табиий тоза, ширин-шакар узумлари-ю, қора кишмиш майизлари билан донг таратган форишликлар бугун тилими тилни ёрадиган мазали қовун-тарвузлари билан ҳам ном қозонмоқда. Бундан тўрт-беш йил олдин Фориш қовунлари хорижга экспорт қилинади, деса кўпчилик ишонмасди. Бугун эса Форишнинг экспортбоп қовун-тарвузлари хориж бозорларини эгаллаётгани бор ҳақиқат.
Туманнинг Учма маҳалласида фаолият юритаётган “Жўрабек асил чорваси” фермер хўжалиги аъзолари бу йил эрта кўклам 70 гектар ерга қовун-тарвуз уруғини экиб, парваришлашди. Бугун қилинган самарали меҳнат ўз самарасини кўрсатди. Фермер хўжалиги аъзолари етиштирилган қовунларни хорижга экспорт қилишни бошлаб юборишди.
—Туман ўсимликлар карантини инспекторлари томонидан фитосанитар дала назорати ўтказилиб, қовунларимиз сифатига юқори баҳо берилди,—дейди “Жўрабек асил чорваси” кўп тармоқли фермер хўжалиги раиси Жаҳонгир Ҳакимов.
Дастлабки 40 тоннадан зиёд қовун Украина ва Польша давлатларига экспорт қилинди. Шунингдек, қўшни вилоятлар, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикасидаги савдо нуқталарига ҳам пешма-пеш етказилаётир.
—Жорий йилда 1 млн. 120 минг АҚШ долларилик мева, сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга экспорт қилишни режалаштирганмиз дейди,—туман ҳокимининг инвестициялар, саноат ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Темур Садуллаев.
Рашид КАРИМОВ,
Фориш тумани ҳокимлиги
ахборот хизмати раҳбари.