МАҲАЛЛАМИЗДА ИШСИЗЛАР ҚОЛМАЙДИ

Ҳоким ёрдамчиси дадил ва ҳаракатчан бўлмаса унинг ишида унум бўлмайди. Аҳоли орасига дадил кириб бориб, муаммолар ечимига астойдил елка тутиш керак. Шундагина одамлар гапингизга қулоқ тутади, маҳалла аҳли мамнун бўлади. Мен зиммамга юклатилган вазифани уддасидан чиқиш учун дастлаб ишни маҳалла ҳудудидаги муаммоларни ўрганишдан бошладим. Оилалардаги аҳволни чуқур билмасдан туриб кўзланган натижага эришиш мушкул. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги Фармони билан маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимининг жорий этилиши, айниқса, туман марказидан олисда жойлашган маҳаллаларда истиқомат қилаётган, аҳоли мурожаатларини тўғридан-тўғри тинглаш, тегишли мутасаддиларни жалб этган ҳолда муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича энг самарали институт яратилди, деб ишонч билан айтиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, ушбу лавозимнинг таъсис этилиши ҳурматли Юртбошимизнинг “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган вақт келди” деган сўзларининг амалдаги исботи бўлди.

 Алишер Навоий маҳалласи туманнинг марказида жойлашган ҳудуд.  Маҳалла иқтисодиётининг асосий “драйвери” – хизмат кўрсатиш соҳаси ҳисобланади. Ҳудудда 1 та умумтаълим мактаби, 1 та ДХШ асосидаги МТМ ва 6 та нодавлат оилавий МТМ, 8 та савдо дўкони ва 2 та гўшт дўкони, 1 та қандолат цехи, 2 та тикувчилик ва 1 мебель цехи, 2 та автомобилларни ювиш  ва 1 та автомобилларга хизмат кўрсатиш, 3 та умумий овқатланиш шохобчалари, 2 та сартарошхона,  шунингдек, агромарказ ва иссиқхоналар мавжуд. Маҳалладаги 860 та хонадонда 1350 та оила истиқомат қилади. Аҳоли сони 5118 нафардан ошди.

Ўтказилган хатловлар натижасида 148 нафар ишсизлар борлиги аниқланди. Ушбу фуқаролардан 27 нафарига 683,0 млн.сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Бундан ташқари, 6 та тадбиркорлик субъекти 550,0 млн.сўмлик имтиёзли кредит маблағига эга бўлди. 13 нафар фуқарога деҳқончилик қилишлари учун узоқ муддатли ижарага ер берилди. 144 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиб, рўйхатдан ўтди.

Мисол учун маҳалламизда яшовчи миграциядан қайтиб келган фуқаро Байдулла Тоғаев банкдан 31 млн.сўм  кредит олиб, тунука маҳсулотлари цехи ташкил этди. У ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтди ва “Ҳунармандлар” уюшмасига аъзоликка қабул қилинди. 2 нафар ишсиз фуқарони ишга қабул қилди.   Шунингдек, маҳаллада яшовчи фуқаро Зулфия Сайдиевага ҳам 31 млн.сўм банк кредит маблағи ажратилиб, тикувчилик цехи ташкил этилди. Цехда 3 та янги ишчи ўрни яратилди.

Бундан ташқари, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида фуқаро Сожида Исломовага 100 млн.сўм имтиёзли банк кредит ажратилди. Тадбиркор оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси (“RAYYON MUNISA KIDS” МЧЖ) ташкил этди ва 3 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлади.  Яна бир фуқаро Мухайё Нурбаева ҳам 100 млн.сўм  банк кредити эвазига мебель ишлаб чиқариш цехи очди.

 Жорий йил якунигача маҳалламизда бирорта ҳам ишсиз фуқаро қолмайди. Маҳалла фаоллари билан аниқ режа асосида иш юритаяпмиз.

 

Суннат ЯХЯХОНОВ,

Дўстлик туманидаги А.Навоий МФЙ

                                                                 ҳоким ёрдамчиси.                                                  

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *