ЖИЗЗАХ ҚЎЗҒОЛОНИ ҲАҚИДА ЯНГИ ФАКТЛАР

108 йил муқаддам, 13 июль санасида содир бўлган Жиззах қўзғолони тарихи ҳали кўп тадқиқотларга муҳтож. Мирзо Абдухолиқзода Қўқонбой (1869-1948)нинг ушбу тарихий воқелик ҳақидаги маълумотлари ва фикрлари тарих учун янги ва қимматли топилдиқдир.

 

Мирзо Абдухолиқзода Қўқонбой 1869 йил 10 сентябрда Қўқонда ҳунарманд-косиб оиласида таваллуд топган. Оталари асли самарқандлик бўлиб, нотинчликлар туфайли Қўқонга кўчиб боришга мажбур бўлишган. Аввал оилада, 1880 йилларда мадрасада таълим олиб,  форс, араб, турк, рус тилларини мукаммал эгаллаган Мирзо Абдухолиқзода сўнгра турли идораларда таржимон сифатида фаолият кўрсатди. 1889 йил оила қурган, 1891-1893 йилларда Россиянинг Москва, Санкт-Петербург шаҳарларида таълим олган. 1920 йиллардаги ҳужжатларга кўра Зарафшон округида, Самарқанд ва Бухорода терговчи лавозимларида ишлаган. Жадидларнинг ижтимоий фаоллиги унга ҳам далда бериб 1930 йилларда жадидларнинг ғоясини қўллаб қувватлаган, юрагида жўш урган туғёнларни қоғозга туширишга киришган. Лекин ғийбат сабаб мустамлака тузумнинг қора рўйхатига киритилиб, 77 кунлик қамоқдан сўнг озод бўлган. Мирзо Қўқонбой  1948 йил 80 ёшида вафот этган.

    Мирзо Абдухолиқзода идораларда ишлагани, қўлланма ва бошқа ҳужжатларни таржима қилгани учун кўплаб маълумотларга қўли етган. Айнан “Жиззах қўзғолони” асари ҳақида адиб  “Жиззах қирғинига доир баъзи ҳужжатлар йиғилгани билан ёзувчилик тажрибам камлиги ва нашр қилишга журъатим етмай бу қўлёзмаларимни китобча ҳолига келтиролмай юрардим. Бугунги кунга келиб, ўз вақтида чала қолган йигирма йил олдинги ҳодисаларга доир қайдларимни қайта кўриб чиқиб, китобча шаклига келтиришга қарор қилдим. Бу ёзганларим усти хаспўшлаб ёпилган йигирма йил илгариги воқелик моҳиятини англашда тарихчиларга кўмак беради деган умиддаман” деган фикрларини билдирган.

       Адиб қўзғолон сабаблари кўплигини баён қилиб, энг зарур ва муҳимларинигина баён этган. Жумладан, подшо ҳукуматининг асосий мақсади Туркистонни бепоён ерларини эгаллаб, туб жой аҳолини йўқ қилиш эвазига ўз фуқароларини кўчириб келтириш ва ўтроқлаштиришдан иборат бўлганини билдирган. Аҳолини Россиядаги каби табақалаштириб, ерли аҳоли 4-тоифага киритилади ва “туземцы” – маҳаллий деб атай бошланди. Бу сўз луғавий жиҳатдан “маҳаллий” маъносини берса-да, ҳақорат ўрнида ишлатилган. Подшо ҳукуматининг 16 бобдан иборат “Қонунлар мажмуи” бўлиб, фуқаролик ва жиноят қонунлари мураккаб бўлган. Фуқаролик қисми маҳаллийларга, жиноят қисми жиноятчиларга татбиқ этилган. Туркистонликлар бу қонунларга ҳам муносиб кўрилмай, янги қонун ишлаб чиқилган, унинг низомлари қўл-оёқларни маҳкамроқ боғлашга хизмат қилган. Туркистонни бошқаришда учта – Туркистонни идора қилиш учун чиқарилган махсус қонун; минг йиллик шариат қонуни ва кўчманчиларнинг одат қонунидан фойдаланилган.

    Ҳукумат ўзининг махсус қонунлари билан кўп миллионли аҳолини тушовлаб, бир неча маъмурийларнинг қўлига топширган бўлиб, аҳоли эса шариат ва одат юзасидан бойлару-мулкдорларнинг қули бўлиб қолаверган. Жабр-зулм манбаи бўлган ўша қонунларга кўра, Россиядан кўчиб келган ишчилар маҳаллий деҳқонлардан ер сотиб олиши мумкин бўлган, маҳаллий деҳқонлар эса улардан ер сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлмаган. Маҳаллийларнинг ўз ерларини сотиб юборишига сабаб – ер солиғи ниҳоятда катта бўлиб, кўчиб келганлар солиқ тўламаган. Солиқни тўлашга қурби етмаганлар қарзга банкдан ёки судхўрлардан пул олиб, тўлашга мажбур бўлган. Ёки кимдир уезд ҳокимини кўриб отдан тушмаса ёки пиёда ўтаётганда таъзим қилмаса, ҳоким ё пристуф қарори билан ўша шахс подшо ҳукуматининг қонунидаги 64-модда билан бир ҳафтадан 15 кунгача ҳибсга олинган. Ёки бир камбағал киши рўзғорини тиклаши учун бойдан қарз олгану, қарзни вақтида узолмаган ҳолатда бой қозининг олдига бориб, ҳеч қандай ҳужжат бўлмаса-да, қарзни ундириб беришини сўраган.  Қози қарздор шахсни 6 ой қамоққа ҳукм қилиш билан қўрқитиб, масалани бойнинг фойдасига ҳал этиб берган. У бечорани қайтараётган қарзининг устамаси ҳам бўлиб, бу бой ва қозининг манфаатига хизмат қилган.

      1916 йилги Жиззах қўзғолони шу тариқа сабр косаси тўлиб-тошган ҳалқнинг ғалаёнига айланиб кетди. Мардикорликка рўйхатга олинаётганда ҳам пора эвазига бойларнинг боласи олиб қолиниши чорасиз халқ оммасининг сабр косасини тўлдирган. Қўзғолон бостирилгач, ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги Жиззах ҳибсхонасида сақланган. Бу ҳақида Мирзо Қўқонбой ҳам ўз асарида ёзиб қолдирган. “Ҳолбуки, Жиззаху Самарқанд турмалари “қўзғолончи”лар билан тўлган эди”. Ҳозирги кунда Жиззах шаҳар “Наврўз” маҳалласи С.Азимов кўчасида жойлашган “Қизил армиячилар штаби ва турмаси” биноси 1912 йилда қурилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли Қарори билан тасдиқланган  “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати”га 17-рақам билан киритилган. Мазкур бино Подшо ҳукумати томонидан Жиззах уездини бошқариш учун  Сангзор дарёсининг жанубий қирғоғида барпо этилган қисмида янги шаҳар таркибидаги “Губернатор Кучерский”, “Православ-христиан черкови”, “Қизил армия чақирув пункти”, “Қизил казарма” бинолари билан бир вақтда қурилган. 

      Мирзо Қўқонбойнинг “Жиззах қўзғолони” асарида қўзғолон якуни бўйича 5 та суд мажлиси: 2 таси Жиззахда, 3 таси Самарқандда бўлиб ўтгани ва ундаги адолатсизлик адолатсизликни, хато хатони келтириб чиқарганлиги баён этилган. Бу судда 500 га яқин киши тақдири кўрилиб, ҳукумат расмий ҳужжатларида “озод этилганлар” ҳам бўлди, лекин аслида уларнинг оёқларига 15 қадоқлик кишан солиниб, Сибирнинг совуқ шахталарига  сургун қилинган эди. Иккинчи судда ҳам суд ҳукми билан 184 киши осилишга ҳукм қилиниб, шундан 22 нафари дорга тортилди, қолганларига оғир меҳнатларга жўнатиш жазоси билан алмаштирилди.  “Суд ҳайъати ҳуқуқ илмидан бехабар офицерлардан иборат бўлиб, унда на прокурор ва ҳимоячи иштирок этди. Учинчи суд Самарқандда ўтказилиб, унда ҳам 300 га яқин “қўзғолончи”ни  3 қисмга ажратиб суд қилинган волостлар аҳолиси бўлган: биринчиси Боғдон волости, иккинчиси Сангзор волости, учинчиси қайсидур волост” – деб муаллиф асарда қайд этиб ўтган.  Бу “гуноҳкорлар” кўча, раста ва бозорлардан тутиб келинган оддий тирикчилик куйида куймаланиб, бўҳтон, чақувга учраб, “охранка агентлиги”га пора беролмай қамалган кишилар эди. Суддан мақсад эса Туркистон аҳолисининг кўнглига янада қўрқув солишдан иборат эди.

     Бешинчи судда ҳам яна 100 га яқин маҳбус иштирок этиб, гуноҳкорларнинг қариндош-уруғлари бирор чора топиш учун биринчи ўзбек прокурори Убайдуллахўжаев билан учрашишга ҳаракат қилади. Убайдуллахўжаев Петроградга бориб, биринчи даражали икки адвокат Бинямин ва Иброҳим Ахтамовларни Самарқандга олиб келган. Бинямин Ахтамов судда нутқ сўзлаб, Туркистон ҳукуматдорларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилаётганини таъкидлаб, “Бу ҳақида давлат думасига ахборот бераман”, – дейди.  Суд охирида Иброҳим Ахтамов сўз олиб, 2 соат давомида нутқ сўзлади: “Муҳтарам судьялар, мана неча асрлардан буён Россияда ноқонунийлик ва сохта идора тизими давом этиб келмоқда. Ҳозир бу қонунни суиистеъмол қилиш ва сохтагарчиликка муфассал тўхталадиган бўлсак, суд мажлиси ҳали-бери тугамайди”. Адвокат Иброҳим Ахтамов ҳарбий қонун моддаларининг кўрилаётган ишларга алоқаси йўқлигини бир неча мисоллар билан исботлаб, қўзғолонни юзага келтирган асос адолатсизлик эканлигини таъкидлайди. Суд ҳукмига кўра “айбдорлар”га ўлим жазоси Сибирга сургун қилиш жазоси билан алмаштирилади.

    Асарда Жиззах уезди деҳқончиликка ихтисослашган бўлиб, ҳар йили юз минг пуд ғалла Фарғонага жўнатилгани ҳақида маълумот бор. Жиззахда катта-катта ғалла омборлари бўлиб, 3 йил қаҳатчилик бўлса ҳам, унда сақланган ғалла анча вақтга етган. 1917-1918 йилларда на қор, на ёмғир ёғади. Қўзғолон ғалла ўриш пайтига тўғри келгани учун ҳосилнинг кўп қисми далада қолиб кетди. Қирғин пайти ғаллазорларга, омборхоналарга ўт қўйилиб, захирадаги ғаллалар ҳам куйиб кетган. Натижада халқнинг аҳволи янада танглашиб, подшо ҳукуматининг адолатсизлик сиёсати авж олди. Айнана адолатсизлик Жиззах қўзғолонининг аввали ва охири бўлиб қолди.

             Бахтигул ЭРГАШЕВА, 

ЖДПУ тузилмасидаги музей раҳбари,

     Раҳимжон МАҲАМОВ,

вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *