Ёзнинг энг ҳаяжонли ва масъулиятли палласи – олий ўқув юртлари ва профессионал таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари бошланди. Бу йил онлайн рўйхатга олиш якунларига кўра тест синовларини Жиззах вилоятида топшириш истагини билдирган абитуриентлар сони 42 961 нафарни ташкил этади.
Тест синовлари Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт мажмуасида ўтказилмоқда. Спорт мажмуасида 1 сменда 2100 нафар абитуриентлар тест синовларида иштирок этади. Бир кунда иккита сменада 4 200 нафар абитуриент иштирок этишини инобатга олсак, тест синовлари вилоятда 11 кун давомида ўтказилади.
– 14 июль куни тест синовларига старт берилди. Ушбу санада ва 15 июль кунлари жами 8400 нафар абитуриентнинг иштирок этиши белгиланган эди, – дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Жиззах вилояти бўлими бошлиғи Иброҳим Ҳотамов. – Шундан 709 нафар абитуриент номаълум сабабларга кўра иштирок этмади. 1 нафар абитуриент ҳудудга киришда телефон қурилмасини олиб киришга уринганлиги учун тест синовларида четлатилди. 8400 нафар абитуриентнинг 7690 нафари Низом талаблари асосида тест синовларида иштирок этди.
Тест синовларини шаффоф, адолат мезонлари асосида ўтказиш учун жараёнга Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан шартнома имзолаган 156 нафар гуруҳ назоратчилари ҳамда гапириш ва эшитишда нуқсони бор абитуриентлар билан мулоқот қилиш учун 5 нафар сурдотаржимо жалб қилинган. Қолаверса, ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, бинога таъқиқланган воситаларни олиб киришнинг олдини олиш мақсадида 57 нафар ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари жалб қилинган. Улар томонидан абитуриентларнинг шахси тақдим этилган ҳужжатларга мувофиқлиги назорат қилинмоқда. Бу иш ички ишлар органлари ходимларига бириктирилган планшетлар ёрдамида бир зумда онлайн тарзда аниқланаяпти. Ҳудудда фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда тез тиббий ёрдам ходимларининг навбатчилиги ташкил этилган.
Тест синовлари ўтказиладиган бинода ҳар бир гуруҳ учун 1 тадан стационар кузатув камераси, ҳар бир бинода 2 тадан 360 градусга айланувчи кузатув камераси, 4 тадан эфирга узатувчи камера, биноларга кириш жойларига шахсни юзидан аниқлаш камералари ҳамда ҳудудга кириш жойларига, бинога кириш жойларига кузатув камералари ўрнатилган. Ота-оналар ва кузатувчилар учун махсус мониторлар ўрнатилган бўлиб, тест жараёни онлайн тарзда кўрсатиб борилаяпти.
- Ўғлим Шоҳжаҳон Дилшодов бу йил ихтисослашган давлат умумтаълим мактабини тамомлади ва олий ўқув юртига ўқишга кириш учун илк бор тест топширди. – дейди вилоят солиқ бошқармаси ходими Зилола Абдунабиева. – Хорижий тилларни билиш бўйича миллий сертификатга эга, етарлича тайёргарлик кўриб, нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга кириш ҳаракатида. Бу ерга йиғилган барча ота-оналар қатори чуқур ҳаяжондаман. Эртага ўғлим тўплаган балл ҳақида билиб оламиз. Жараённинг шаффоф ва тартибли ташкил этилганидан жуда мамнунман.
Муқаддас САПАРОВА.