Дилшод РЎЗИҚУЛОВ Президентимиз Фармонига биноан, жорий йил Ёшлар куни арафасида “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Унинг воҳамиз шарафини пойтахтда муносиб ҳимоя қилаётган ўғлон эканлигидан бир қувонсак, журналист касби эгаси эканлиги яна бир карра шодмиз. Унинг пойтахтда кечган 12 йили изсиз кетмади. Талай ижодий, касбий ва шахсий ютуқлари, ўсиш ва ривожланиш поғоналари жуда кўп тотли ва ҳақли ғалабаларга сабаб бўлди.
29 ёшли йигитнинг эришганларига бир боқинг. 2013 йилда “Йилнинг энг фаол ёш журналисти” республика кўрик-танловида
1-ўрин; 2017 йилда “Жамият ва мен” республика танловида “Энг яхши ёритилган илмий-техник мавзулар” номинацияси бўйича 1-ўрин; 2019 йилда “Фаслнинг энг яхши ижодкори” танловида “Педагоглар ҳуқуқи ҳимоя қилинган энг яхши материал” йўналишида олий ўринга сазовор бўлган.
2019 йилда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг стипендияси совриндори, 2019 йилда Қозоғистон SilkWау халқаро университетида “Ёшлар – илмий ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда илмий маърузалар бўйича 1-ўрин ғолиби бўлган. 2020 йилда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб МДҲ мамлакатлари ўртасида Россияда ўтказилган журналистик асарлар халқаро танлови ғолиби, 2020 йилда “Одам савдоси жабрланувчиларининг биз билмаган тақдирлари” мавзусидаги танловда “Долзарб мавзуни ёритгани учун” номинациясида 1-ўринни олган.

2020 йилда инглиз тилини баҳолаш бўйича Кембриж ваколатхонасининг Россия Федерациясида ўтказилган IV халқаро олимпиадаси сертификатини қўлга киритган. Бу унинг инглиз тили бўйича халқаро сертификатга эга эканини, жаҳон тили билимдони эканини англатади.
2022 йилда БМТ Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонасининг “Ёшлар одам савдосига қарши!” мавзусидаги мақолалар танловида 1-ўринни, 2023 йилда “Маҳорат” танловида “Энг яхши бадиий асар учун” номинацияси бўйича 1-ўринни эгаллаган. 2023 йилда мудофаа вазирининг “Намунали хизмати учун” кўкрак нишони билан тақдирланган.
2020 йилда унинг танқидий-таҳлилий мақолалардан иборат “Деҳқони сўз” китоби 5000 нусхада нашрдан чиққан. Бундан ташқари “Фавқулодда вазиятлар журналистикаси” номли ўқув қўлланмаси (2023), “Журналистикада ахборот интеграциясининг назарий ва амалий хусусиятлари” номли илмий монографияси (2024) чоп этилган.
Энг катта ютуқларидан бири эса 2023 йилда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида “журналистика” ихтисослигидан филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олганлигидир. Ўзбекистонда эндигина тетапоя бўлаётган ҳарбий журналистика мавзусидаги илмий иши миллий журналистика ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилгани устозлар томонидан эътироф этилди.

Айни вақтда ЎзЖОКУ доценти, “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти катта мухбири, капитан Дилшод Рўзиқулов илк меҳнат фаолиятини “Дўстлик ҳаёти” газетасидан бошлаган. Журналистикага ҳавас уни 2012 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетига етаклади. Университетни тамомлагач, дастлаб “Маърифат” нашрида мухбир бўлиб 6 йил ишлади. “Туркистон” нашрида мусаҳҳиҳлик қилишдан ҳам тортинмади. Орада ЎзМУ журналистика факультети магистратурасида ўқишга ҳам улгурди. Бу таҳсилдан сўнг, 2019 йилдан буён “Ватанпарвар” бирлашган таҳририятида катта мухбир бўлиб ишлаб келмоқда. Шу билан бирга ЎзЖОКУ медиа назарияси ва амалиёти кафедраси доценти ҳамдир.

Дилшоджоннинг ота-онаси, Дўстлик тумани “Наврўз” маҳалласида яшовчи Шуҳрат ака ва Анора опа кенжа ўғилнинг шахсан Президент қўлидан давлат мукофотини қабул қилиб олганини жуда катта ҳаяжон ва ифтихор билан кузатиб турдилар. Эҳтимол, барча ютуқларига улар берган тарбия ва дуолар сабабдир. Чунки, Дилшоднинг шунча ютуқларга қарамасдан камтар ва ёрдамга шай инсон бўлиб қолишида тарбиянинг ҳиссасини унутиб бўлмайди. Илмий раҳбари, таниқли олим Мухтор Худойқуловнинг юзлаб шогирдлари орасидан унга меҳри тушишида ҳам Дилшоддаги камтарлик, катталарга ҳурмат, илмга интилиш каби фазилатлари сабаб бўлганди.
-Интилиш, ҳаракат, ортга чекинмаслик йигит кишининг фазилати. Мен Тошкент шаҳрида ишлаб, соҳамда муваффақият қозонаётган бўлсам ҳам, илдизларим она Жиззахда. Илк таълим, бошланғич сабоқларимни шу муқаддас гўшада олганман, – дейди “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби Дилшод РЎЗИҚУЛОВ. – Шу сабаб Жиззах деса юрагимда ҳислар тўғёни кўтарилади – унинг олдида қарздорлик ҳисси, шовқинга, воқеаларга, шиддатга бой катта шаҳарда атом зарраси каби кичик, аммо ўз ўрнига эга инсон бўлишга даъват уйғонади. Ватанимиз ишончини оқлаш ҳарбий журналист ва олим сифатида менга насиб этса, заррача армоним қолмас эди.

P.S Дилшод Рўзиқулов куни кеча таҳририятимизга ташриф буюрди ва ижодининг илк йилларида вилоят ва туман газеталари катта кўмакчи бўлганини хотирлади. Устоз журналистлар ва ҳамкасблар билан самимий мулоқотда биз ҳам унга келгуси ишларида муваффақиятлар тиладик.
Муқаддас САПАРОВА.