Халқимизда ҳар қандай эзгу ишни оқ фотиҳа билан муқаддас жойларни зиёрат этишдан бошлаш удуми бор.Бу табаррук жойдан туриб мозийга бир назар ташламоқ, кеча ва бугун ўртасидаги улкан тафовутни англамоқ хайрлидир.
Туманда кўплаб зиёратгоҳлар бор. “Ўсмат ота”, “Новқа ота”, “Саид Мир халиллох”, “Хўжа кўндаланг ота” “Малик аждар” зиёратгоҳлари бугунги кунда халқимизнинг муқаддас қадамжоларига айланган.
“Новқа ота” зиёратгоҳи ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Унинг “Новқа ота” деб номланиши кўпроқ “Нақъатун” (арабча) — яъни “туя” маъноси билан боғланади. Ўтган асрнинг 70 йилларига қадар қишлоқ ҳудудида “Норчўкди” деган жой мавжуд бўлган. Бу ерда яқин-яқингача кичик бир тепалик бўлиб, қишлоқ одамлари уни “ривоятдаги аёл туясини чўктирган жой ва айнан туянинг қолдиғи” деб уқтиришади.
Археолог Мухтор Пардаевнинг тадқиқотларида “Новқа ота” зиёратгоҳининг шимолий-ғарбий қисмида, сойнинг чап қирғоғида жойлашган. VI-VIII асрларга оид Навкат археология ёдгорлиги ҳақидаги фикрлар мавжуд. Тадқиқотчининг фикрича, “Навкат” сўғдча атама бўлиб, “Нав” янги, “кат”, “кет”, “кент” — “қишлоқ”, “қўрғон” маъносини англатган. Демак, “Новқа” сўзи аслида Навкат, Навкет, Навкент атамасидан ҳосил бўлиб, Янгикент, Янгиқишлоқ, Янгиқўрғон маъноларини англатишини таъкидлайди.
Зиёратгоҳ Бахмал туманининг шарқий-жанубида Туркистон тизма тоғлари этагидаги Новқа қишлоғининг тоғ томон биқинида, уч томони қир ва адирлар билан ўралган ихчам сойликда, кўҳна “Ҳовқа ота” қабристонининг ёнгинасида жойлашган. Бахмал тумани марказидан беш, Жиззах шаҳридан эса 70 километр узоқликда. Ҳудуди 2,25 гектарни ташкил этади.
Зиёратгоҳ булоғининг шифобахшлиги ва илоҳий қудрати ҳақида бахмалликлар фахрланиб гапиришади. Бу сўлим маскан асли авлиё жой бўлиб, ўтмишда кўплаб зиёратчиларнинг кўнглини овлаган. Айтишларича, унинг сувидан ичган инсон умр бўйи бу жойнинг чин ихлосманди бўлиб қолармиш.
Булоқ бошига қўйилган авлиёнинг насл-насаби номаълум, лекин унинг шарафига қўйилган мармар битик тош бу улуғ зотнинг салоҳиятидан дарак бериб турибди. Бугунги кунда ушбу зиёратгоҳда асосан фарзандли бўлмаган, ошқозон-ичак ҳамда юрак-қон томир касалликларига шифо истаб келган кишиларни кўплаб учратиш мумкин.
Бу ерга кўп бор келганмиз. Мазкур зиёратгоҳ ҳам мустақиллик шарофати билан обод ва кўркам бўлди. Бугун муқаддас қадамжога республикамизнинг турли вилоятларидан, хориж мамлакатларидан кўплаб ватандошларимиз ҳамда чет эллик меҳмонлар ташриф буюришмоқда.
Абдушукур Лапасов