Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун вилоят ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан пресс тур ҳамда матбуот анжумани ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Назира Мухторова ҳамда мономарказ директори Сарвар Мелиевлар иштирок этди.Дастлаб мономарказ фаолиятини ўрганиш, бу ерда ташкил этилган йўналишлар, хотин-қизларга яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида пресс тур ўтказилди.
Шундан сўнг журналистлар учун матбуот анжумани бўлди. Анжуманда “Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарларга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари” мавзусида сўз юритилди. Унда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Назира Мухторова ОАВ вакиллари учун мавзу юзасидан маълумот бериб ўтди.

–Вилоятимизда жорий йилда 37 946 нафар хотин-қизлар меҳнат бозорига кириб келиши кутилмоқда,–деди Н.Мухторова. –Жумладан, 18702 нафари ишга жойлаштиришга муҳтож шахслар, 9 753 нафари меҳнат бозорига илк кириб келувчи таълим муассасалари битирувчилари, 8 667 нафари чет элдан қайтган миграциялар, 824 нафари муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган ва таркибий ўзгаришлар натижасида ишдан озод этилган шахслар ҳисобига тўғри келади.
Хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этиш орқали камбағалликка барҳам беришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан жорий йилнинг январь-июнь ойларида ҳудудларда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарларга ўқитилиши, бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликка кенг жалб этилиши борасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2024 йилда 56 542 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги кунда 51 128 нафар (90,4%) хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Вилоят кесимида йўналишлар бўйича таҳлил қилинганда 10 236 нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 6 551 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди, шундан 1 568 нафари тадбиркорлик кўникмалари ва молиявий саводхонликка ўқитилди, 24 292 нафари ўзини-ўзи банд қилиш орқали, 6 970 нафарига кредит ажратиш орқали, 936 нафар субсидия ажратиш орқали бўлса, 2 143 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш орқали бандлиги таъминланди.
Мономарказ – Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 10 та, Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан “World Skills” талаблари асосида 10 та касб йўналишлари бўйича ўқув устахоналарида, яна 1 та касбга “TIKA” маблағлари ҳисобидан тўлиқ жиҳозлаш ишлари амалга оширилган.

–Марказимизда ишсиз, банд бўлмаган аҳолини 4 та йўналиш бўйича 19 та касб-ҳунарга, 5 та хорижий тиллар, 3 та IT соҳаси бўйича ва тадбиркорлик асосларини ўқитиш курси ташкил этилган, – дейди Жиззах шаҳрида “Ишга марҳамат!” мономарказ директори Сарвар Мелиев. – Ўқиш 1 ойдан 9 ойгача давом этади. Ўқув машғулотлари бошқа таълим тизимидан фарқли ўлароқ, 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий тарзда олиб борилади.
Айни пайтда, мономарказда 728 нафар тингловчи таҳсил олаётган бўлиб, шундан 480 нафарини хотин-қизлар, 248 нафарини эркаклар ташкил этади. Тингловчиларнинг 392 нафар йўлланма асосида, 336 нафари шартнома асосида ўқимоқда. Уларнинг 21 нафари ногиронлиги бўлган, 13 нафари “Аёллар дафтари”, 11 нафари “Ёшлар дафтари” рўйхатида турган тингловчилар. Чарм пойабзал, нейл-стилист, эркаклар сартароши, алюмин, пластик профилларга ишлов бериш ва официант-батлер касбларида битта сменада дарс машғулотлари ташкил этилган. Ўқиш истагини билдириб навбатда турган фуқаролар 1547 нафарни ташкил этади. Шунингдек, 5 та рус, инглиз, корейс, япон, немис тиллари курсида 279 нафар тингловчи таҳсил олмоқда.
Ҳозирда, йирик иш берувчилар билан тузилган шартномалар асосида тингловчиларни бандлиги таъминланаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Хусусан, вилоятда фаолият юритаётган “BYD UZBEKISTAN FACTORY” ҳамда “ADM Jizzax” автомобиль заводларига техник соҳа битирувчилари танловлар асосида ишга қабул қилинган. Жорий йилнинг ўзида ушбу корхоналарга 88 нафар техник соҳа битирувчилари ишга жойлашди.
–Жорий йилнинг 12 февраль куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган “Қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш ҳамда 2024 йилги устувор вазифалар”га бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан ипакчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, жорий йилда пилла қурти боқиш орқали 36 минг 269 нафар хотин-қизларимизнинг мавсумий бандлигини таъминлаш белгиланган бўлиб, вилоятимизда 36 минг 385 нафар аёлларимизнинг бандлиги 100,3 фоизга таъминлашга эришдик, – деди Назира Мухторова. – Келажакда олдимизда турган вазифалар бисёр. Жумладан, вилоятда 15 та кооперация ташкил қилиш орқали 885 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминлаш режалаштирилган. Йил якунига қадар эса 194 та микролойиҳалар ҳисобидан 410 та янги иш ўрни яратилиб, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилади.
Тадбир давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.