ВИЛОЯТ ЕРЛАРИНИНГ ЭЛЕКТРОН ХАРИТАСИ ЯРАТИЛДИ

Кадастр агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг олти ойи давомида вилоят бўйича жами 1911 та ҳолатда 630,1 гектар ер майдони жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда қурилиш қилиш ҳолатлари аниқланган. 922 та ҳолатда 469,2 гектари уй-жой қуриш, бунда 431 та ҳолатда 424,15 гектари томорқа сифатида фойдаланиш, 656 та ҳолатда 10,6 гектари нотурар бинолар, 3 та ҳолатда 0,07 гектар кўп йиллик дарахтзорлар барпо қилиш, 330 та ҳолатда (йўл, ариқ, зовур ва ҳаказо) мақсадида эгаллангани маълум бўлди.  

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг барчасида бошқарма ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан ёзма кўрсатмалар берилиб, ушбу кўрсатмалар натижасида 1307 та ҳолатда 328,4 гектар ер майдони қонунбузилиш содир этган шахслар томонидан ихтиёрий бартараф этилиши таъминланди. Вилоят бўйича жами 333 ҳолатда 129,4 гектар ер майдони мажбурий равишда ерларни дастлабки ҳолатига келтириш бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Ўзбошимчалик билан эгалланган 271 та ҳолатда 172,3 гектар ер майдонини ўз ҳолатига келтириш юзасидан зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилоят бошқармаси томонидан вилоятдаги 1 898 883 гектар ер майдонининг электрон харитаси яратилди. Шундан 1 781 676 гектар ер майдонининг давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланди. Илгари ер баланси ҳисоботлари фақатгина қоғоз жадвалларидаги рақамларда юритилганлиги боис тегишли ўзгартиришларни киритиб бориш инсон омилига боғлиқ бўлган. “Узкад” ягона интеграциялашган дастурда эса ер майдонларининг бўлиниши, чегаралари ва ерга оид барча маълумотлар электрон хариталарда шакллантирилганлиги, барча ердан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари кафолатланганлиги, ер ва мулк солиқларининг ҳисобланиши ва тўланишида шаффофлик тамойиллари таъминланганлиги каби ижобий натижалари мавжуд.

Ўтган муддат давомида Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармасининг туман, шаҳар филиалларига Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz сайти) орқали  кадастр ҳужжатини тайёрлаш бўйича 13 166 та мурожаатлар келиб тушди.

Мазкур мурожаатлар асосида 10105 та жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкалари ва кўчмас мулкларига кадастр паспортлари тайёрланиб, давлат хизматлари марказлари орқали мулкдорларга тақдим этилди. Ўтган 6 ой давомида энг кўп кадастр ҳужжатлари Шароф Рашидов туман ва Жиззах шаҳар филиаллари томонидан тайёрланган.

Жорий йилнинг 1-чорагида ер назоратини амалга оширувчи мутахассислар махсус планшет ва боди камералар билан таъминланди. Натижада бугунги кунда аниқланган ер қонунбузилиши ҳолати уни бартараф қилгунгача жараён бевосита реал вақт режимида ортиқча қоғозбозликсиз амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, айни кунларда ер назорати тадбирларида дронлар амалиёти шаҳар ёки олис қишлоқда, тоғли ҳудуд ё кенг адирликда ердан қандай фойдаланилаётгани, турли мақсадларда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинаётгани ҳолатларини аниқлашда ўз самарасини бермоқда.

Ушбу маълумотлар Кадастр агентлиги вилоят бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида очиқланди. Бошқарма ҳамда Республика аэрогеодезия маркази Жиззах ҳудудлараро бўлинмасининг олти ойлик фаолияти юзасидан ташкил этилган тадбирда соҳадаги сўнгги янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида сўз борди. Матбуот анжуманида Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурали Мамасияев, Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Санжар Қодирқулов ҳамда Республика аэрогеодезия маркази Жиззах ҳудудлараро бўлинмаси директори Д.Шодмонбековнинг ҳисоботлари тингланди. Соҳада амалга оширилган ишлар юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Тадбирда Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ишлаган журналистлар рағбатлантирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

  • Очиқлик ва шаффофлик бугун кадастр тизимидаги идоралар фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланмоқда, – дейди бошқарманинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича бош мутахассиси Сайёра Мавлонова. – Бу жараёнларни халққа етказиш, тизимнинг янги имиджини яратиш ва ислоҳотлар моҳиятини тўғри тушунтиришда бундан буён ҳам жонкуяр журналистлар билан ҳамкорликда иш олиб борамиз.

 

Санжар НОРБЕКОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *