Сифатли қурилган иморат ортидан келадиган яхши гаплар йилларга татийди. Бугун юртимизнинг қайси бурчагига борманг кенг кўламли бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. Шоҳ кўчалар бўйлаб қад ростлаётган муҳташам иморатлар шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб турибди. Албатта, бу ишлар замирида вилоятимизда фаолият юритаётган қурувчи ва меъморларнинг заҳматли меҳнати ётибди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг манзилли дастурига кўра, 2023 йил Жиззах вилоятида 103 та уй-жой қурилиш режалаштирилган бўлиб, 26 та уй-жой “Янги Ўзбекистон” массивида, 77 та уй-жой тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилиши режалаштирилган. Шундан 64 та уй-жой фойдаланишга топширилган.
—2024 йилда жами 4500 хонадонли 118 та уй-жой қурилиш режалаштирилган бўлиб, “Янги Ўзбекистон” массивида 1456 хонадонли 29 та уй-жой, тадбиркорлик субъектлари томонидан 3044 хонадонли 89 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган,— дейди вилоят қурилиш ва коммунал хизмат бошқармаси бошлиғи Бобур Маматов. —Шундан жами 346 хонадонли 8 та уй-жой фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфиратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарорига асосан вилоятда 51 та, жумладан, 12 та умумтаълим мактаб, 4 та мактабгача таьлим ташкилоти, 5 та соғлиқни сақлаш ва 30 та бошқа объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада 39 та иншоот белгиланган муддатда фойдаланишга топширилди. Инфратузилмани яхшилаш мақсадида вилоятда 958 млрд. 625 млн. сўмлик 110 та объектларнинг қурилиши режалаштирилган бўлиб, шундан, 78 таси янгидан бошланувчи ва 32 таси ўтган йилдан ўтувчи ҳисобланади.
Вилоятдаги уй-жойларни 2024-2025-йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича 145 та уй-жойлар мукаммал ва жорий таъмирдан чиқарилиши режалаштирилган бўлиб, амалда бугунги кунга қадар 120 та уй-жойлар таъмирланди.

Биргина вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” ДУК буюртмачилигида жорий йилда молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобига жами 121 та лойиҳалар бўйича умумий қиймати
625,7 млрд. сўмлик капитал қўйилмаларни ўзлаштириш режалаштирилган. Инвестиция дастури доирасида 26 та объектда 150,1 млрд. сўмлик,
2024 йилги 1-мавсум доирасида янгидан бошланаётган 65 та объектда
81,5 млрд. сўмлик, “Ҳарбий-маъмурий сектор жамғармаси” орқали молиялашадиган 5 та объектда 17,3 млрд. сўмлик, ҳукуматимизнинг тегишли қарор ва фармонлари билан молиялаштирувчи идораларнинг ҳомийлик ва бошқа маблағлар ҳисобидан
15 та объектда 449,4 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилади.
Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида барча дастурлар ижросига мувофиқ 297 млрд. сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилди. Янгидан бошланувчи 23 та объектнинг барчасига лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, ижобий экспертиза хулосалари олинган ва 22 та объект бўйича тендер савдолари якунланиб, аниқланган ғолиб пудрат ташкилотлари томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

“Ташаббусли бюджет” дастурининг 2024 йил 1-мавсумида шаҳар ва туман Халқ депутатлари Кенгаши қарорлари асосида компания буюртмачилигига умумий қиймати 84,3 млрд.сўмлик 67 та объектлар киритилган.
Шароф Рашидов тумани “Оқтош ота” МФЙ ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массивида пудратчи ташкилот “AZIZA CREDO MAX” МЧЖ томонидан “INNO” инновацион ўқув ишлаб чиқариш технопарки, беш қаватли, 1680 ўринли мактаб биноси, 150 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 200 қатновли оилавий поликлиника, “Эргохоус” МЧЖ томонидан давлат тест маркази биноси, “Агро Квант” МЧЖ томонидан Жиззах шаҳрининг Оққўрғонлик маҳалласида тиббиёт бирлашмаси, “Мукаммал Қурилиш Савдо” МЧЖ томонидан кўз касалликлари шифохонаси, “СИФАТ ПЛЮС ҚУРИЛИШ” МЧЖ томонидан Сангзор маҳалласида ЖДПУ учун 600 ўринли талабалар турар жойи, “Диоманд” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан ЖДПУнинг 2500 ўринли янги биноси барпо этилаётир.
—Бирор йўналишда етук мутахассис сифатида муваффақиятга эришишни истаган киши аввало, ишни энг қуйи поғонадан бошлаган тақдирдагина кўзлаган мақсадига етади, —дейди Жиззах шаҳридаги “DIAMOND” кўп тармоқли хусусий фирмаси раҳбари Олим Қодиров. —Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бунёдкорлик ишларига қаратилаётган юксак эътибор натижасида мамлакатимиз улкан қурилиш майдонига айланди. Эҳтиёжманд оилар учун барпо этилган, арзонлаштирилган уй-жойлар калитларини олган минглаб юртдошларимиз ватанли бўлишмоқда. Уларнинг севинч кўз ёшларини кўрганимда, энтикиб кетаман. Ободликка, яратувчанликка иштиёқим янада ортади. Жамоамиз вилоятимиздаги юздан ортиқ объектларни барпо этди. Бу бинолар, уй-жойларни халқимиз учун қураяпмиз. Фуқароларимиз янги уйларда тўйлар қилсин, бахтли яшашсин.
Зоир ЭРГАШЕВ.