ҲАЛОЛДА БАРАКА БОР

Лайло Илҳомова юртимиздаги кўплаб аёлларнинг рўзғор тебратишига, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топа олишларига кўмаклашаётган кам сонли куюнчак аёллардан бири. У олис ҳудудларда уйда ўтирган ишсиз аёлларга ҳунар ўргатиб, шу орқали уларнинг маблағ топишлари, рўзғорини тиклаб олишларига ёрдам бериш мақсадида касаначилик ишларини ташкил этиб келаётир.

Лайло 1990 йилда Фориш туманидаги Ойбек маҳалласида  ҳунармандлар оиласида туғилди. Инсоннинг қўли гул экани, ўз ҳалол меҳнати билан эл орасида ҳурмат қозониш, оилада рўзғорни эплаб кетиш мумкинлигини ўз кўзи билан кўриб улғайди. Отаси Илҳом ака уй жиҳозлари устаси, онаси Зирахол опачевар эди. Қиз бешинчи фарзанд бўлиб, уларнинг етовида ҳунарга меҳр қўйиб катта бўлди. Бугун Ўзбекистон маҳалласига келин бўлиб тушган, турмуш ўртоғи Аъзамжон билан икки нафар фарзандни тарбиялаб келмоқда. Саккиз йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келади. У вилоят “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзоси бўлиб, ҳозирда ўз фаолиятини янада  такомиллаштириб, миллий ҳунармандчиликнинг 8 хил — тикувчилик, тўқувчилик, зардўзлик, заргарлик, каштачилик, сунъий гуллар ва сувенирлар ясаш йўналишларида фаолият кўрсатади.

—“Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлганимдан буён кўплаб халқаро, республика ва вилоят кўргазмаларида иштирок этиб келаяпман, — дейди Лайло Илҳомова. — 2019-2023 йилларда Қўқон шаҳрида ўтказилган 1- ва 2-  Ҳунармандчилик фестивалларида иштирок этдим. 2023 йил Марғилон шаҳрида ўтказилган Атлас, 2022 йилда “Тошкент сувенирлари” фестивалларида қатнашдим. Бу тадбирлар менда катта таассурот қолдириш билан бирга, тажриба ва билимимни янада оширди. Турли ҳамкасбларимнинг ижоди билан яқиндан танишдим, улардан янги билим ҳамда кўникмалар эгалладим. 

Ёш ҳунарманд шу вақтга қадар республика, вилоят миқёсидаги кўплаб тадбирларда иштирок этиб келмоқда. “Ташаббус” кўрик-танловининг 2018,  2019, 2021-йиллардаги туман ғолиби, вилоятда ташкил этилган танловда “Энг намунали тадбиркор аёл” номзодлигига лойиқ деб топилган. “Ишбилармон аёл” танловининг  2018, 2019, 2020, 2021, 2022, 2023-йиллардаги туман ғолиби, вилоят босқичида нуфузли 2-ўрин соҳиби бўлган. У ўз ҳунари билан миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштирган ҳолда намуналар яратиб, кўпчиликнинг эътиборига сазовор бўлди. Жорий йилда “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг ҳудудий ва республика босқичида ғолибликни қўлга киритди.

Лайло 2017 йилдан бошлаб ўзи туғилиб ўсган Ойбек маҳалласидан ҳунар ўрганиш талабида бўлган хотин-қизлар учун ҳунар мактаби ташкил этиб, бир йилда 200 дан ортиқ шогирдлар чиқарди. У имконияти чекланган, ногиронлиги бор хотин-қизларга ҳам уйларига бориб бўлсада, сабоқ бериб келади. Унинг шогирдларидан бири 2022 йилда “Беш ташаббус” кўрик-танловида туманда биринчиликни, вилоятда учинчи ўринни қўлга киритди. Яна икки нафари “Камалак юлдузлари” кўрик-танловида 1-ўринни эгаллади. Шогирдларидан 10 дан зиёд аёллар бугунги кунда ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этган, Лайло иш юритишларида уларга кўмаклашиб келади. Ёш тадбиркор маҳалласида истиқомат қилувчи 15 нафар аёлларни тикувчилик орқали иш билан банд қилди.

—Кейинги йилларда тадбиркорларга қаратилаётган эътибор, имкониятлар чексиз, —дейди Лайло Илҳомова. —Бундан фойдаланмасликнинг иложи йўқ. Айниқса, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар одамни янада  ишлашга, ҳаракат қилишга ундайди. Бугунги кунда ёшлар ўртасида миллий ҳунармандчиликка, касаначиликка меҳр қўйганлари талайгина. Уларга эринмасдан, кўксидан итармай касб ўргатиб келмоқдамиз. Инсон ўз пешона териси билан топганида барака бор, ҳалоллик бор. Уйда ишсиз ўтирган аёллар ҳам рўзғорининг кам-кўсти учун пул топсам, шу камчиликларни ёпсам, деб орзу қилади. Уларнинг кўпчилиги учун мос ҳунар — бу тикувчилик, миллий ҳунармандчилигимиз билан шуғулланишдир. Бу ҳам жозибали, ҳам қувончли, сиз яратган либослар, заргарлик буюмлари, гиламлар миллийлигимизни тарғиб этишга, ҳам даромад топиш, ҳам рўзғорни эплашга кўмаклашади. Шундай тинч ва фаровон элда яшашнинг ўзи бахт, ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўриб яшаш эса икки карра бахтдир. Келажак учун режаларим улкан, тумандаги опа- сингилларимизга ҳунар ўргатиш орқали уларни иш билан банд қилиш мақсадида янада кўпроқ ишлашга, янги ғоялар топишга бел боғлаганмиз. Ана шу орзуларимизнинг рўёби учун тиним билмай ҳаракатдамиз.

 

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

(“Жиззах ҳақиқати”)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *