Президентимиз раҳнамолигида кейинги йилларда саноат усулидаги ёнғоқзорларни кенгайтириш, ундан бозор талабларига мос маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни экспортга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу соҳада вилоятимизда ҳам ибратли ишлар амалга оширилаяпти.
“Chandler” нави Америка селекциясининг энг серҳосил ва бозорбоп ёнғоқ навларидан биридир. Саксонинчи йилларда АҚШнинг Калифорния штатидан келтирилган кўчатлардан кўпайтирилган ёнғоқ нави юпқа қобиқли, мағзи оч сариқ тусда бўлиб, мевасининг вазни 10-14 гр, мағзи эса 6,5 гр. Мағзи қобиқдан осонгина ажралади. Шунинг учун ҳам жаҳон бозорида унинг қиймати юқори.
Тумандаги Хонимқўрғон қишлоғида суғориш катта муаммо бўлгани сабабли узоқ йиллардан буён фойдаланилмай, қаровсиз ётган 800 гектар майдонни “SAG Agro Ғаллаорол” фермер хўжалиги ўз тасарруфига олиб интенсив ёнғоқзор барпо этиш лойиҳасини амалга оширди. Лойиҳага кўра, аввало мазкур ерга 125 метр пастликдан қувурлар ёрдамида 5 километрлик сув тармоғи тортилди. Янги ташкил этилган боғ ҳудудига Туркия ҳамда Калифорниядан келтирилиб, маҳаллий иқлимга мослаштирилган 163 минг 500 туп “Сhandler” навли ёнғоқ кўчати ўтқазилди. Беш йилда ҳосилга кириши кутилаётган ёнғоқ кўчатлари 25 йил давомида йилига ўртача 60 килограммдан 200 килограммгача ҳосил беради.
– Асл ватани Калифорния бўлган “Chandler” навининг мевалари йирик бўлади,– дейди “SAG Agro Ғаллаорол” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Рустам Кабулов. — Унга қандолатчилик фабрикалари, тез тайёр бўладиган овқатлар етказиб бериш тармоқлари асосий харидор саналади. Чунки, унинг мағзи оқ ва жуда мазали, Кўчат экиш учун қулай келган кунлардан самарали фойдаланиб 5 йил олдин 800 гектар ерга 163 минг 500 туп “Chandler” навли ёнғоқ ўтқаздик. Туркия технологиялари асосида суғориш, озиқлантириш, ҳашаротларга қарши кураш ва бошқа агротехник тадбирлар олиб борилаяпти. Майдонларимизга юз фоиз томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилган. Бу йил улар биринчи ҳосилга кирди. Кўчатларни асосан кечки салқин тушгандан сўнг тун давомида ва эрталаб соат 9 га қадар суғораяпмиз. Шу тариқа самарадорлик ошиб, ортиқча сув исрофгарчилигининг олди олинади.
Дарвоқе, ёнғоқчилик ўта сердаромад соҳа саналади. Яқин келажакда Ўзбекистон ёнғоқ экспорт қилувчи мамлакатлар сафидан мустаҳкам ўрин эгалласа ажабмас. Соҳа ривожига ҳукумат даражасида катта эътибор берилаётганлиги бундан далолат бериб турибди. Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг кенг қулоч ёяётганлиги қишлоқ хўжалигини, унинг кенжа тармоғи ёнғоқчиликнинг жадал ривожланишига кенг йўл очаётир. Фермерларга ажратилаётган имтиёзли кредитлар, субсидиялар соҳани ривожлантиришнинг муҳим омили бўлаётир.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда бир туп “Chandler” навли ёнғоқ 6 ёшда 10 кг, 10 ёшда 40 кг, 15 ёшда эса 70 кг. ҳосил бериши амалиётда исботини топган. Фермер 1 гектар ерга 5х7 шаклда кўчат ўтқазган бўлса, 10 ёшли 285 туп ёнғоқдан 11 минг 400 килограмм ҳосил олади. Унинг ўртача нархи 5 долларни ташкил этган тақдирда ҳам бир йилда 57 минг АҚШ доллари миқдорида даромад қилиши исботланган. Қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоғидан бундай даромад олиш қийин, албатта. Фермер 211 гектар лалми ерга ғалла эккан тақдирда ҳам об-ҳаво қулай келгандагина шунча даромад олиши мумкин экан. Энди 800 гектар ерга ёнғоқ эккан фермернинг даромадини хомчўт қилиш унчалик ҳам мушкул бўлмаса керак.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.