Кейинги йилларда давлат активларини ва ер участкаларини хусусийлаштириш, бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва улар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда бюджетга тушумларнинг аниқ механизмлари жорий этилди.
Айниқса, тадбиркорларга ер, бино ва иншоотларни ажратишнинг электрон, шаффоф ва адолатли тизими жорий қилинганлиги тадбиркорлар фаолиятида юзага келаётган тўсиқ ва муаммоларни ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш ҳамда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилиб, сўнгги йилларда бу борадаги ишлар янада жадаллаштирилди.

Ўзбекистонни 2030 йилгача мўлжалланган ривожланиш стратегияси тасдиқланган бўлиб, унда 2030 йилгача давлат корхоналари сонини
6 баробарга қисқартириш мақсад қилиб олиниб, бу борада мамлакатимизда 2021 йилдан бошлаб кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни бошлаб юборилди. 2023 йилда республикамиз бўйича 12 трлн. сўмлик 2 мингдан зиёд давлат активлари (улушлар, кўчмас мулклар ва ер участкалар) очиқ савдога чиқарилиб, сотилди.
Хусусийлаштириш жараёнининг халқаро стандартлар асосида, профессионал халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда олиб борилиши хорижий инвесторларни ушбу жараёнларга қизиқишини орттириб, уларни кенг жалб этилишига хизмат қилиб, натижада ушбу даврда хорижий инвесторларга 26 та йирик активлар 16,3 трлн. сўмга сотилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 16 январь куни “Давлат объектларини хусусийлаштириш ҳамда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш борасида 2024 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар” тўғрисида кенгайтирилган тарзда видеоселектор йиғилиши ўтказганди.
Мазкур йиғилишда давлат активларини, шу жумладан, йирик корхоналардаги давлат улушларини, тармоқ ҳудудлардаги самарасиз ишлаётган давлат мулки объектларини ва бошқа давлат активларини сотиш ҳамда давлат ва йирик корхоналар мулкларини ижарага бериш орқали жорий йил якунига қадар республика бўйича жами 20 трлн. сўмлик тушумни таъминлаш чораларини кўриш бўйича вазифалар белгилаб берди.
Ушбу вазифалар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-162-сонли қарори билан янги хусусийлаштириш дастури тасдиқланди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 247 та (Жиззах вилоятида 12 та) давлат корхоналари улушлари, 1028 та (Жиззах вилоятида 69 та) кўчмас мулк объектлари савдога чиқарилиши белгиланди.
Шу билан бирга, қарор билан бир қатор имкониятлар ва қулайликлар яратилди. Давлат активлари 3 ойда сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) уларнинг бошланғич баҳосининг 10 фоизигача босқичма-босқич пасайтирилиши белгиланди. 2024 йил 1 январгача ижара шартномалари асосида ижарага олганига камида 5 йил бўлган ва мажбуриятларни бажарган тадбиркорларга хусусийлаштириш дастурларига кирган давлат мулкини баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилди. Аукцион савдоларига тадбиркорлик учун чиқарилган ер участкалари (вилоят марказлари бундан мустасно) 3 ой давомида сотилмаганда бошланғич қийматининг 30 фоизигача, 6 ой давомида сотилмаганда 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилиши, сотиб олиш тўловларининг 15 фоизини уч ой муддатда қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди.
Жиззах шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида бўлиб “Roadshow” тақдимоти ва “Show-room” кўргазмасига маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари ва 200 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди. Ўз ўрнида, Давлат активларини бошқариш агентлиги мутасаддилари томонидан қатнашчиларга “Roadshow” тақдимоти доирасида тадбиркорларга оммавий савдоларга чиқарилган давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари активлари, ер участкалари ҳамда ижарага берилиши кўзда тутилган давлат мулклари билан таништирилди.
“Roadshow” иштирокчиларига хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ оммавий савдоларда сотилиши белгиланган ҳамда савдо жараёнидаги давлат активлари, шу жумладан, вилоятдаги йирик активлар, маъмурий ҳамда ишлаб чиқариш бинолари каби объектлар ва ер участкалари тўғрисида маълумотлар берилди.
Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган “Roadshow” тақдимотида Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг ўринбосари Алишер Миралиев, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдували Мустанов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони Жиззах вилояти шуъбаси раҳбари Сардор Усманов ва вилоятнинг бошқа мутасадди раҳбарлари тадбир қатнашчилари ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга батафсил жавоб бердилар.
Зоир ЭРГАШЕВ