2021 йилнинг 20 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда 20 августни “Тадбиркорлар куни”, деб эълон қилди. Ўшандан буён ҳар йили Президентимиз тадбиркорлар билан учрашади ва очиқ мулоқот қилади. “Тадбиркорлар куни” муносабати билан фидойи, Ўзининг меҳнати билан Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшаётган тадбиркорларга давлат мукофотлари топширилади.
Жорий йилда ҳам энг фаол тадбиркорлар давлатимизнинг орден ва медаллари, «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан мукофотланди. Улар сафида бир гуруҳ жиззахлик ишбилармонлар ҳам бор.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда тадбиркорларни вилоят ҳокими Эргаш Салиев касб байрамлари билан қутлади.

— “Тадбиркорлар куни” нафақат байрам, шу куни сизлар ҳурматли Президентимиз билан учрашиб, очиқ мулоқотда иштирок этасиз, мақсад ва режаларингиз билан ўртоқлашасиз, олдингизда турган муаммолар ҳақида сўзлайсиз. Шунинг учун тадбиркорлар бу кунни сабрсизлик билан кутишади, -деди вилоят раҳбари.
Эргаш Салиев вилоятда тадбиркорлар сафи йилдан-йилга ўсиб бораётганини, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 68 фоизи тадбиркорлар улушига тўғри келишини таъкидлади.
Тадбирда вилоят ҳокими давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан тақдирланган Пахтакор туманидаги «Best Gold Crown» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Хаитов Акбарали Киличевичга “Дўстлик” ордени, Шароф Рашидов туманидаги шахсий томорқа ер эгаси Каримов Абдумўмин Джаббарович ва Жиззах шаҳридаги «Шароф Рашидов номидаги тўқимачилик комбинати» масъулияти чекланган жамияти бош директори Хамраев Рустам Элмуратовичга “Шуҳрат” медалларини топширди.

Шунингдек, саккиз нафар тадбиркор кўксига «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони тақиб қўйилди.
Байрам тадбири “Шоҳ сарой” тантаналар мажмуасида ёзилган дастурхон атрофида давом этди.
Асад МУСТАФОЕВ.