Ёз адоқлаб, мазали қовун-тарвуз мавсуми ҳам якунланмоқда. Ёзи билан тарвузга тўйдик-а. Пишиқчилик, серобчилик халққа фойда келтирган бўлса, деҳқонларни бироз ранжитган чиқар.
Биз халқ тилида “Зерновой” деб аталадиган қовун-тарвуз бозорида бўлиб, улгуржи савдо нуқтасидаги нарх-наво ва деҳқонларнинг кайфияти билан қизиқдик. Ажабки, деҳқонбобо ва момолар олти ойлик меҳнати натижасидан норизо эмас. Бу бозор Шароф Рашидов тумани тугаган, Фориш тумани бошланган жойда жойлашган. Ҳудуд Шароф Рашидов тумани бўлгани билан ном Оқтом маҳалласи, яъни собиқ “Зерновой”га тегишли. Бу ердан қовун-тарвуз ортилган юк машиналари Андижон, Самарқанд, Бухоро, Жиззах бозорларига йўл олади.

- Куйган билан иш битмайди, шукр қилиш билан бирингиз икки бўлади, – дейди Наманган вилояти Чуст туманидан келиб, деҳқончилик қиладиган Маъсуда опа Нозимова. – 1976 йилда оиламизга келин бўлиб тушган бўлсам, 1979 йилдан бери ҳар йили Жиззахга келиб, Чимқўрғон қишлоғида деҳқончилик қиламиз. Бу йил 5-6 гектар ерга қовун-тарвуз экдик. Бир йил ундоқ, бир йил бундоқ-да энди, қизим. Ҳар йили машина, уй-жой, тўйларга етарли даромад олардик. Бу йил мошина йўқ. Харажатларимиз чиққанига хурсандмиз. Лекин нолимаймиз, бундан нима фойда. Чунки деҳқондаги нарх ҳамиша арзон бўлган. Шунинг учун хафа бўлмаймиз. Замонимиз тинч, бизни меҳнатимиз орқасидан қанчалаб тадбиркорлар рўзғор тебратади. Олибсотарларни ҳам бола-чақаси, рўзғори бор. Одамлар тарвуз-қовунлардан тўйиб-тўйиб ейишади, буни савоби бизга ҳам тегади-да.

Оилавий келиб яшаймиз, ишлаймиз. Болаларим, келин-кечаклар шу ерда. Фақат ўқийдиган болаларни водийда қолдирамиз. Улар ўқишидан қолмасин.

- Бизнинг ота-боболаримиз азалдан деҳқончилик қилиб кун кўришган, – дейди наманганлик яна бир деҳқон Исроил Каттабоев. – Ўзим 1988 йилдан бери шу ишнинг ичидаман. Биз Қизилқумда деҳқончилик қиламиз. Бу йил 3 гектар ерда ишладик. Февралда келиб, ишни бошлаймиз. Фанердан чайла тиклаймиз, ичига печка қуриб, ўша ерда яшаймиз. Парник қилиб, уруғни кўчат қилиб ундирамиз. Кунлар исиши билан ерга экиб чиқамиз. Аёлим ва ўғлим ёрдамлашади. Бу йил кўкламда ёғингарчилик кўп бўлди. Экиш кечикди, шунинг учун ҳосил кеч тайёр бўлди. Мана, нимага қовун-тарвуз арзонлаб кетди. 30 фоиз ҳосилимиз нобуд бўлди, оқариб кетди. Қолганини далада 1 500 сўмдан ҳам сотдик. Мана, энди сал қимматлаб, 3-4-5 минггача сотаяпмиз.

Қадимги деҳқон бўлсангиз, қовун-тарвуз навлари нега йўқолиб кетяпти, дейсизми? Илгари астрахан навли тарвуз, босволди қовунлар бўларди. Уларни ҳозирги савдогарлар тушунмайди. Худди мода ўзгарганидек янги навлар пайдо бўлаяпти. Истеъмолчилар ўшани талаб қилишади. Уруғ ҳам қадоқланган ҳолда келади. Илгари ўзимиз уруғ тайёрлардик. Олдинги навларга талаб йўқ ҳозир.

Ношукр эмасман. Ёлғиз ўғлим бор, бу йилги топганимга уни уйлантирмоқчиман. 15 сентябргача далани саранжомлаб, кетамиз. Шу билан келаси кўкламда яна Жиззах чўлларига ширин-шакар қовун-тарвузлар экиш учун қайтиб келамиз. Бизда “бу йил тарвуз арзонлади, энди бошқа нарса экаман” деган гап йўқ. Шу ишни қилиб келаяпмизми, шуни давом эттирамиз.

***
Очиқ далада сунбула салқини дарров сезилади. Шу ерда яшаб, ярим йиллик меҳнати маҳсулини имкон қадар тезроқ ва қимматроқ сотиш илинжидаги деҳқонлар суҳбати самимий, водийча пайров ва ширин шева қулоққа хуш ёқади. Ҳадемай қишқи қора тарвузлар, осма қовунлар сотувга чиқади. Унгача ёз дастурхонидан ва деҳқон саховатидан баҳраманд бўлишга улгуриб қолинг.

Муқаддас САПАРОВА.
Санжар НОРБЕКОВ суратлари.