Президент Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз ва хориждаги ўзбек тадбиркорлари билан учрашувига ҳам кўп бўлгани йўқ. Бу тарихий кунни сира унутмасам керак. Боиси Президентимизнинг “Сиз “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” унвони билан тақдирланган биринчи ўзбек аёли бўласиз” деган сўзлари менга жуда катта ҳайрат ва қувонч бағишлади.
… Бир неча йил олдин мен ким эдим? Рўзғорининг кам-кўстини бутлаш учун уйда ўстирган гулларини бозорга олиб чиқиб сотадиган оддий қишлоқ аёли… Аммо кунларнинг бирида бозорда ўша вақтдаги вилоят ҳокими Шавкат Мирзиёев билан қисқагина суҳбатимиз менга учар қанот бахш этгандек бўлганди. Ўшанда ҳоким менга гулчиликни ривожлантиришни маслаҳат бериб, бу соҳага келажакда эътибор катта бўлишини билдирганди.
Ўша суҳбатдан сўнг Шароф Рашидов туманидан 25 гектар ер олиб, “Холмўминов Зоҳид” фермер хўжалигини ташкил этдик. Мевали ва манзарали кўчатлар, майсалар етиштирдик. Кейинчалик чорвачиликка ихтисослашган кўп тармоқли субъектга айланди. 2020 йилда Олмачи қишлоғида 17 гектар “Олмачи шунқорлари” ишлаб чиқариш кооперациясига асос солинди. Бу ерда 149 нафар ёшлар 20-25 сотих ерда мевазор барпо қилиш орқали даромад манбаига эга бўлишди. Кўчатлар орасига мавсумий экинлар экиш, қуёнчилик, паррандачилик орқали даромадларини кўпайтиришни ўрганишди. Ёшларга сифатли уруғ ва кўчатлар етказиб берилиб, агротехник тадбирларни вақтида ўтказишлари учун техникалар билан хизмат кўрсатилди. Уларга кейинчалик Ёйилма қишлоғидан 40 гектар қўшимча ер ажратиб берилди.
Асл исмим Шарофат, “Муқаддас опа” деб ҳам мурожаат қиладилар. Аммо Жиззахда мени кўпчилик “Гулчи опа” деб атайди. Шу сабаб кейинги қадам – агрокластерга “Гулчи опа томорқа хизмати” деб ном қўйдик. Агрокластер хизматлари орқали 115 нафар хотин-қиз доимий, 200 нафари мавсумий иш билан банд. Шунингдек, “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизларни гулчилик ва томорқачиликка бепул ўқитиш тизими йўлга қўйилди. Натижада 2000 нафардан зиёд аёллар етарлича билимга эга бўлдилар. Қорақалпоғистонлик 20 нафар хотин-қизнинг таҳсил олиш учун келишгани фаолиятимизга республика бўйлаб қизиқиш юқори эканлигини билдиради. . “Опажонлар нияти” гулчилик мактабида хотин-қизлар, шу соҳага қизиққанлар таълим олиб, сифатли уруғ ва кўчатлар танлаш, парваришлаш бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўлишмоқда.
Уйимизда оилавий меҳрибонлик уйи ташкил қилиб, 15 нафар болажонни оиламизга қабул қилдик. Улар таълимдан бўш вақтларида оилавий тадбиркорлик сирларини ўрганишмоқда. Ўз маблағим ҳисобидан Файзобод МФЙда 100 ўринли мактабгача таълим ташкилоти очиб, қишлоқ ҳудудида замонавий ва сифатли мактабгача таълим беришга йўл очилди.
Айни вақтда “Олмачи” МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлайман. Маҳалламиз драйвери гулчилик ва томорқачилик бўлишига, аҳолининг бу соҳаларда даромади ошиб боришига ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.
Менинг бу меҳнатларим давлатимиз томонидан жуда ҳам юксак даражада қўллаб-қувватланди. 2017 йилда “Шуҳрат” медали, 2019 йилда “Энг яхши томорқачи” кўкрак нишони, 2022 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, шу йилнинг ноябрь ойида “Энг кўп иш берувчи аёл” номинациясида ғолиб бўлиб, Президент совғаси – “Жентра” автомобили билан тақдирландим.
… Вилоят ҳокими билан бўлиб ўтган ўша суҳбатдан сўнг орадан 20 йилдан зиёд вақт ўтди. Бу муддатда оддий ўзбек аёли – менинг шундай ютуқларни қўлга киритишим худди мўъжизага ўхшайди. Аммо имкон излаб, топиб, ўзининг ҳам, ўзганинг ҳам рўзғорига қут-барака олиб киришни ўйлайдиган инсонларга давлатимиз ва Яратган томонидан йўллар кенг очиқ эканлигини ҳаёт тажрибамда кўрдим.
Мана, юксак минбардан яна бир янгилик айтилди. Мен барча хизматларим ва меҳнатларимга мингдан-минг рози эканлигимни билдирган ҳолда бундан буён ҳам соғлигим ва умрим бор экан, она Ўзбекистон тараққиёти учун, унинг гулдек кўркам жамоли учун, юртдошларимизнинг фаровонлиги учун меҳнат қилишдан толмайман. Мустақиллик ва тинчлик эгизак бўлган юртимиз жамолининг чирой очиши бизнинг ҳалол меҳнатимиз, шукронамиз ва эзгу ниятимизга жуда-жуда боғлиқ.
Шарофат НОРИЕВА,
Шароф Рашидов туманидаги “Холмўминов Зоҳид” фермер хўжалиги раҳбари.