Мароқли таътилдан сўнг болажонлар яна севимли даргоҳига қайтишди. Хўш, таълим муассасалари бунга қай даражада тайёр? Янги ўқув йили муносабати билан олдидан эришилган натижалар ва келгуси режалар хусусида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи, Сенатор Санобар Суярова гапириб берди.

–Ҳозирги кунда мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимида 1 682 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, улардан 237 та давлат, 12 та хусусий, 1 351 та оилавий ва 82 та давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этади. Ҳудуддаги 134 336 нафар 3-7 ёшли болалардан 100 865 нафари мактабгача таълимга қамраб олинган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим ташкилотларига қамров фоизи 16,4 фоиздан 75,1 фоизга ошди.
Вилоятимизда 13 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари, Жиззах шаҳридаги Президент мактаби, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаблари фаолият юритади. Мазкур таълим муассасаларида таълим олаётган 4236 нафар ўқувчиларга 568 нафар раҳбар ва педагог ходимлар ҳамда 11 нафар хорижий халқаро тоифали мутахассислар таълим бериб келмоқда. 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб вилоятда 562 та умумий ўрта таълим мактаблари, 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари, 1 та вилоят болалар кутубхонаси фаолият юритади. Шу жумладан, жорий ўқув йилидан бошлаб 4 та умумий ўрта таълим мактаби янгидан фаолиятини бошлайди. Умумий ўрта таълим мактабларида таълим олаётган 266 796 нафар ўқувчиларга 23 627 нафар ўқитувчилар таълим бериб келмоқда.
Жорий йилнинг ўзида Давлат дастурлари доирасида 29 та умумий ўрта таълим мактаблари, 6 та мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 2 та ихтисослаштирилган мактабларда шартнома қиймати 90,5 млрд.сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ташаббусли бюджет лойиҳаси доирасида 48 та таълим муассасаларида шартнома қиймати 36,3 млрд.сўмлик қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг илғор технологиялар асосида сифатли билим олишлари учун 70 та умумий ўрта таълим мактабларига 1 190 дона энг замонавий компьютер техникалари етказиб берилди. Вилоятимиздаги 558 та умумий ўрта таълим мактаблари доимий интернет тармоғига уланган. Ўтган ўқув йили давомида касб-ҳунарга ўргатиш тизими амалиёти жорий этиладиган 37 та умумтаълим мактабларида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жиҳозлаш ишлари олиб борилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг туман (шаҳар) босқичи ғолиблари 1-ўринга 100 млн.сўмдан, 2-ўринга 75 млн.сўмдан, 3-ўринга 50 млн.сўмдан пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, ушбу танловнинг вилоят босқичи ғолиблари 1-ўринга 250 млн.сўмдан, 2-ўринга 200 млн.сўмдан, 3-ўринга 150 млн.сўмдан пул мукофотлари билан тақдирланди.
Сўнгги йилларда умумий ўрта таълим йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари 8,4 фоиздан 41,0 фоизга ошди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида юқори тўпланган баллар бўйича топ–10 талик мактаблар рўйхати эълон қилинган эди. Ушбу рейтингга кўра, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби республикадаги мактаблар ичида 2-ўринни қўлга киритган. Шунингдек, Жиззах шаҳар 1-сон ихтисослашган мактаб-интернати битирувчиси Рустамов Шохжаҳон 9 та энг нуфузли хорижий университетларнинг грант соҳибига айланди. Шу билан биргаликда PennState Университетига ўқишга қабул қилинди. Ўтган ўқув йили якуни бўйича 1 077 нафар ўқувчиларимиз имтиёзга эга бўлган халқаро ва миллий чет тилини билиш сертификатига эга бўлишди. 64 нафар малакали педагог-ходимлар Вазир жамғармаси ҳисобидан қўшимча рағбатлантирилиб, йил давомида 5 млн.сўмдан устама олиш имкониятини қўлга киритди.
Шуни фахр билан айтишим мумкинки, ушбу натижалар ўқитувчи- педагогларимизнинг машаққатли меҳнатлари самараси десам бўлади. Биргина 2023-2024 ўқув йилида амалга оширилган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, 25 та умумтаълим мактабларида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқитиш методикаси ва баҳолаш тизимлари жорий этилди. Шу жумладан, ўтган ўқув йилида янгидан ташкил этилган 3 та умумтаълим мактабларида ушбу ўқитиш методикаси ва баҳолаш тизимлари жорий этилади ва ўқитувчилар танлов асосида қабул қилинади. 37 та умумтаълим мактабларида иккинчи хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти жорий этилди. Вилоятдаги 10 та умумтаълим мактабларида юқори синф ўқувчиларининг қобилияти ва танлови асосида таълим жараёнларини ташкил этиш йўлга қўйилди.
Президентимизнинг ташаббуслари ва қўллаб-қувватлашлари билан ўқитувчиларнинг касбий маҳоратларини ошириш, уларга замонавий методикаларни ўргатиш мақсадида Зўр “класс” лойиҳаси доирасида 6 нафар россиялик малакали мутахассислар жалб қилинди. Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларнинг малака тоифасини бериш тартиби такомиллаштирилди ва амалиётга жорий этилди.
Ҳурматли Президентимизнинг 2023 йил 28 август куни “Мактабларда янги 2023-2024 ўқув йилига тайёргарлик ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида” кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқларига асосан ўтган ўқув йили давомида 37 та умумий ўрта таълим мактабларида иккинчи хорижий тил ва замонавий касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий этилди. 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб педагогик касбларга биринчи марта ишга қабул қилинадиган олий маълумотли талабгорлар стажёр-ўқитувчи сифатида фаолият юритиши ва улар ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддат давомида касбий сертификатга эга бўлиши белгиланган. Жорий йилда ўтказилган тест натижалари бўйича 306 нафар стажёр-ўқитувчилар касбий сертификатга эга бўлишди.
Мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимлари, илғор педагоглар ҳамда иқтидорли ўқувчиларнинг соғлиғини сақлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Зомин туманида Жиззах вилояти дам олиш маскани фаолияти йўлга қўйилади. 1-11-синф ўқувчилари учун 3,5 миллион нусхадаги янги авлод дарсликлари, машқ дафтарлари ва методикалар умумий ўрта таълим мактабларига етказиб берилади. Янги ўқув йилида 1-синфга келадиган 30 минг нафардан ортиқ ўқувчиларга 12 турдаги Президент совғалари етказиб берилмоқда.
Вилоятдаги 65 та умумтаълим мактабларида юқори синф ўқувчиларининг қобилияти ва танлови асосида таълим жараёнлари ташкил этилади. 39 та умумтаълим мактабларда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқитиш методикаси ва баҳолаш тизимлари жорий этилади. 13 та умумтаълим мактабларида замонавий касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти ва 14 та умумтаълим мактабларида иккинчи хорижий тилни ўқитиш жорий этилади. Бундан ташқари касб-ҳунарга ўргатиш жорий этилган умумий ўрта таълим муассасаларида олий маълумотли умумтаълим мактаби ўқитувчисига тенглаштирилган “Касбий таълим устаси” лавозими жорий этилади. Ўқитувчиларнинг касбий маҳоратларини ошириш, уларга замонавий методикаларни ўргатиш мақсадида 33 нафар хорижий мутахассислар жалб қилинади.
Мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, тарбиявий ишлар натижадорлигини ва раҳбарлар иш фаолияти самарадорлигини ошириш борасида ҳам аниқ вазифалар белгилаб олинган. Бир сўз билан айтганда мактабларга бўлаётган эътибор, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган бор саъй-ҳаракатлар замирида эртанги кун эгалари ўғил-қизларимизнинг билимли, тафаккурли, ватанпарвар инсонлар бўлиб етишиши учун, албатта. Бу эса бугуннинг ўқитувчисидан, ҳар бир маориф мутасаддисидан катта масъулиятгина эмас, фидойиликни талаб қилади. Зеро, бу талаб, бу масъулият ўқитувчи учун шарафдир. Шу кунларда катта ҳаётга қадам ташлаётган барча ўғил-қизларимни, муаллим ва устозларни янги ўқув йили билан самимий табриклайман.
Суҳбатдош Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.