ЎЗБЕКИСТОН ЯНА ЗАФАР ҚУЧДИ

Футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг иккинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди. Маълумки, Осиё қитъасининг “A” гуруҳида баҳс олиб бораётган Ўзбекистон терма жамоаси биринчи учрашувда Шимолий Корея терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. Бу сафар терма жамоамиз Бишкек шаҳрида Қирғизистон терма жамоаси билан ўзаро куч синашиб, 2:3 ҳисобида ғалабага эришди.

Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида икки жамоа ҳам ҳужумлар уюштириб, ушбу баҳсда фақат ғалаба учун майдонга тушганликларини билдириб қўйишди. Беллашувнинг 12-дақиқасидан бошлаб майдон эгалари кетма-кет ҳужумлар ташкил қилиб, ҳимоя чизиғини ёриб ўтишга ҳаракат қилдилар. Бу ҳужумлар 15-дақиқада ўз самарасини берди. Қирғизистон терма жамоаси ҳужумчиси Жоэль Кожо ҳисобни очди.

Икки дақиқа ўтгач, Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов учрашувдаги мувозанатни тиклади. Ҳисоб 1:1. Шундан сўнг вакилларимиз тўп назоратини ўз қўлларига олишди. Хавфли ҳужумлар ташкил қилинди. Мезбонлар ҳам бўш келишмади. Улар асосан қарши ҳужумларда яхши ўйин кўрсатдилар. Натижада беллашувнинг 35-дақиқасида қирғизистонлик футболчи Одилжон Абдураҳмонов жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ҳисоб 2:1 кўринишига келди.

Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобни тенглаштириш учун ҳужумга зўр берди. Бир неча хавфли вазиятлардан футболчиларимиз фойдалана олишмади. Ниҳоят 45-дақиқада Ҳусниддин Алиқулов боши билан тўпни йўллаб, рақиб дарвозасини ишғол этди. Жамоалар танаффусга жанговар дуранг билан чиқишди.

Иккинчи бўлим ўзбек футболчиларининг устунлигида ўтди, десак муболаға бўлмайди. Афсуски, кўплаб ҳужумлар ташкил қилинган бўлсада, тўпни дарвозага киритиш қийин кечди. Учрашувнинг 72-дақиқасида Остон Ўрунов рақибнинг икки ҳимочисини доғда қолдириб, дарвозани аниқ нишонга олди. Ҳисоб 2:3.

Мезбонлар ҳисобни тенглаштириш учун анча-мунча тер тўкишди. Аммо, меҳмонларнинг ҳимояси мустаҳкам эди. Шу билан бирга футболчиларимиз энг яхши ҳимоя— ҳужум, дея кетма-кет ҳужумлар уюштириб туришди. Бироқ икки жамоа вакиллари ҳам дарвозаларга тўп киритолмади.

“А” гуруҳида тўп сураётган КХДР—Қатар учрашувида 2:2 ҳисоби қайд этилган бўлса, БАА ўз майдонида Эронга 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Икки турдан сўнг гуруҳда Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари 6 очко жамғарган ҳолда пешқадамлик қилмоқда. БАА эса 3 очко билан учинчи поғонада қолди. КХДР ва Қатар термалари 1 очко жамғариб, 4-5-ўринда бормоқда. Қирғизистон терма жамоаси икки мағлубиятдан сўнг энг қуйи поғонадан жой олди .

Васил ИЛЁСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *