КИТОБЛАРНИ САРАЛАЙ ОЛАСИЗМИ?

Ўзбекистон ҳудудида милоддан аввалги биринчи минг йилликнинг сўнгги асрларида дастлабки кутубхоналар пайдо бўлган. “Кутуб” – арабча “китоблар”, “хона” – форсча “уй”, яъни китоб ва ҳужжатлар сақланадиган жой демакдир. Қувонарлиси шундаки, бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кутубхоналарга бўлган эътибор ошиб бормоқда. Қолаверса, шаҳар марказларида китоб дўконлари ва янги нашриётларнинг ҳам кўпайиб бораётгани аҳолининг мутолаага бўлган қизиқишларининг бир қадар юксалганлигидан далолатдир.

“Ахборот технологиялари асри”да электрон кутубхоналар ҳам жамиятда ўз ўрнига эгадир. Замонамизда телефон ёки компьютер орқали ҳам керакли асарлардан фойдаланиш имконияти кенг. Куннинг исталган вақтида, исталган манзилда туриб сиз ўзингизга ёққан китобни ўқишингиз ёки аудио эшитишингиз мумкин. Бироқ бундай ҳолатлар кишини мутолаа маданиятига мафтун этишгача бўлган жараёнда фойдали холос. Зеро, телефонда ёки компьютерда жумлаларни узоқ муддат ўқиш  инсон саломатлигига зарарлидир. Олимлар, мобиль телефонлардан фойдаланган ёшларда хотира ва уйқу бузилишига доир хасталиклар кўп учраганлигини таъкидлашган.

Аслида эса, мустақил мутолаага иштиёқманд ҳар бир киши биладики, китобни бармоқлар билан саҳифалаб ўқишлик асар қаҳрамони билан нафас олишдек завқни улашади. Шу ўринда билдириш жоизки, китоб ўқийдиган ҳар ким ҳам мутолаа маданиятидан ҳабардор, дегани эмас. Асардаги воқеликларни мулоҳаза-мушоҳада қила олгувчи, саҳифалар оралаб ўз фикрларини сайқалланаётганини ҳис этгувчи инсонларгина қайси китобнинг фойдали ёки аксинча таъсирларга эга эканлигини фарқлай оладилар. Зотан китоб кўринишидаги барча асарларни ҳам ибратли, эзгуликка етаклов ғоялар асосида ёзилган деб бўлмайди.

Шу нуқтаи назардан юртбошимизнинг ташаббуслари, қарор ва фармонлари билан Имом Термизий, Алишер Навоий, З.М.Бобур каби кўплаб буюк алломалар, шоир ва ёзувчиларнинг таваллуд кунлари халқ орасида кенг нишонланиши белгиланди. Шу орқали маърифатпарвар аждодларимизнинг бой маънавий мерослари, ибратли ҳаёти ва ижодлари тарғиб этилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти — китоб ва кутубхоналарда”, дея бежиз таъкидламаган.

Азиза РАВШАНҚУЛОВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *