Ярми ҳазил, ярми чин
Яқинда фермер танишим дабдабали тўй қилди, етти юз чоғли одам келди ўзиям. Ичкарида мусиқачи ва хонандалар кўтарган шовқин бошимни оғритиб юборганидан ташқарига чиқиб, тўйхона қаршисидаги ўриндиқлардан бирига чўкдим. Бироз ўтиб, ёнимга ҳамқишлоғим жойлашди. У ҳам баланд товушга чидолмаганлигини айтди. Шу сабаб бўлди-ю, тўйлардан гап очилди.
Жумладан, бунча харажат қилмасдан тўй-маракаларни ихчамроқ қилиш зарурлиги, пандемия пайти 30 киши чақирилганда ҳам тўйлар ўтганлиги, ҳеч кимнинг ҳеч қаери ушалиб қолмагани, аксинча, чиқим камайганлиги ҳақида сўзлай бошладик. Шунингдек, хонандаю раққосаларни чақирмаслик, улар ўрнини мусиқа ускунаси бемалол эгаллай олиши, барибир санъаткорлар фонограммадан фойдаланишларига эътибор қаратдик.
Ундан сўнг икки қуда келишиб, тўйни бир жойда бир маротаба у томондан 50, бу томондан 50 киши чақириб ўтказилса, айни муддао бўлишини билдирдик. Тўғри-да, яқин одаминг тўй қилса, бир неча кун овора бўлишинг керак, бекорчи бўлсанг, юрсанг бўлар, бу борада ишлиларга қийин. Илгарилари тўйни дам олиш кунларига тўғирлашарди, ҳозир тўйхона бўш бўладиган куни тўй ўтади, ҳафтанинг бошими, ўртасими, фарқи йўқ.
Ўзимизча тўйдан олдин ва кейин уюштириладиган нон синдириш, маслаҳат, сабзи тўғрар, чақирди, хизмат оши, мато тарқатиш, патнис каби урф ва тадбирларни йўқотишга орзуландик. Ана шу бўлмағурликларга сарфланажак пулларга келин-куёв учун фойдали буюм ва жиҳозлар олинса, зап иш бўлишини иддао қилдик. Ҳамқишлоғимнинг тўйларда умуман ароқ бермаслик кераклиги, бу билан тўй эгаси бошқаларнинг ичганлиги гуноҳини ҳам ўз бўйнига олаётгани тўғрисидаги фикрлари мойдек ёқди. Қисқаси, ортиқча ташвиш ва бош оғриқсиз тўй қилишга кўп ва хўп орзуландик.
Танишим тез орада ўзи ҳам тўй қилишини айтгунича суҳбатимиз силлиқ кечаётганди. Аниқроғи, мен: “Тўйни ихчамгина, бехаражат ўтказсангиз керак?”, дея сўрадим. У бўлса бунинг иложи йўқлигини билдириб, фикрини изоҳлай бошлади. Бинобарин, ўзи элнинг тўй-маракасида еб-ичиб юргани, тўйга айтмаса, қариндош-уруғ, жўра-йўлдошлари, ҳамкасблари ва қишлоқ аҳлининг ўпка-гинаси тагида майиб бўлиши, қолаверса, турмуш ўртоғи: “Менинг болам етимми, бошқалардан нима камим бор”, деганча еб адо қилишини, бунга қуда томон ҳам рози бўлмаслигини билдирди. Кейин қўшиб қўйди: “Ўзинг тўй қилганда кўрамиз.”
Хуллас, мавзуни ёпиб, ичкарига кирдик. Тўйхонада бидирлоқ бошловчи раққосалар қуршовида қолган келин ва куёвнинг оналарини кўкларга кўтариб мақтарди. Сўзи охирида ҳаммадан улар шарафига қарсак чалишни сўради. Қизиқ, йиғилишмиди бу, ҳадеб қарсак чал, дейди. Тўй қилсам, мана шу бошловчини чақирмайман, лекин санъаткорларнинг зўрини олиб келаман…
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Postda” газетасининг Жиззах вилояти бўйича мухбири.