Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарлар байрам муносабати билан хонадонларга ташриф буюрдилар. Жумладан, ЖДПУ ректори, профессор Шавкат Шарипов Жиззах шаҳри Сайилжойи маҳалласида яшовчи оилалар ҳолидан хабар олди.

Қорбобо ва Қорқиз иштирокидаги бу ташриф кўп қаватли уйда яшовчилар учун байрам кечасига айланди. Болажонлар шеърлар ва рақслар ижро этиб, Қорбободан байрам совғаларини қабул қилиб олишди. Мусиқа садолари барчани рақсга чорлади.

-Уч фарзандимни ёлғиз вояга етказаётган бўлсам ҳам уларнинг илм олиб, униб-ўсаётганлари мени беҳад хурсанд қилади, – дейди Шаҳзода опа Нишонова. – Ўзим фаррош бўлиб ишлайман. Ўғлим бу йил ЖДПУнинг тарих факультетини битирди. Қизим жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси. Кенжа фарзандим мактаб ўқувчиси. Фарзандларим эришаётган ютуқларда давлат кўмагини албатта тилга олишим шарт. Эндиликда кўп қаватли уйимиздаги 5 та оилага университет ректори бириктирилиб, ҳар ойда бизнинг муаммоларимиздан бохабар бўлиб турибди. Фарзандларимнинг иш ва ўқишдаги катта-кичик масалалар ҳам у кишининг маслаҳат ва кўмаги билан ечим топмоқда. Бундай ғамхўрлик яна қайда бор? Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу беғараз кўмак болаларимизнинг ўқимишли, касб-ҳунарли бўлиб, Ватанга хизмат қилувчи фаол фуқаролар бўлиб етишишига сабаб бўлади деб ўйлайман.

Ш.Шарипов барчани байрам билан муборакбод этиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва байрам совғаларини топширди. Бириктирилган оилаларнинг яшаш шароитини кўздан кечириб, янги йил режалари билан танишди.