МЕНГА ФАҚАТ ҲОКИМ ЁРДАМ БЕРАДИ

Гулҳаё Дўстлик туманининг Бунёдкор маҳалласида истиқомат қилади. У Тошкент амалий фанлар университетининг иқтисод факультети 2-босқич талабаси. Тумандаги фаол хотин-қизлар қаторида Г. Шоҳимардонова бугун тадбиркорлик қилиб, қишлоқ аёлларининг бандлигини таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаяпти.

Дастлаб у Мирзачўл тикувчилик мажмуасининг Дўстлик филиалига тикувчи бўлиб ишга кирди. Қисқа вақтда тикувчилик сир-асрорларини устозларидан пухта ўзлаштириб олган Гулҳаё айни пайтда ўзи уста-тикувчи сифатида қишлоқ аёлларига, ёш ва янги ишга келган қизларга қунт билан бичиш-тикишдан сабоқ бераётир.

2021 йил туман ҳокими Шавкат Дарвишевнинг Бунёдкор маҳалласи аҳолиси билан ўтказган йиғилишида ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касбга ўқитиш, тадбиркорлик қилиб, рўзғорига даромад олиб кирилаётгани ҳақида таъкидлаб ўтди. Айниқса, “Аёллар дафтари”да турган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шароитлар  яратиб бериш мақсадида   туман раҳбари маҳалла хотин-қизлари билан очиқ мулоқотга киришди.

Тадбиркор бўламан деган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилади. Кимнинг тадбиркор бўлиш нияти бўлса, марҳамат ўрнидан турсин, деб ҳоким   йиғилиш қатнашчиларига мурожаат қилди. Хотин-қизлар маслаҳатлашиб, Гулҳаёни тавсия қилишди.  Айримлар “Тадбтркорликни айрим эркаклар ҳам уддалай олмаяпти, қўй, эплолмайсан аёл бошинг билан” деганлар ҳам бўлди. Гулҳаёга туман ҳокимининг  сўзлари куч ва ишонч берди.

“Халқ банки”нинг туман филиалидан 500 миллион сўм имтиёзли кредит олган Гулҳаё 48 дона “BAOYU” маркали тикув машиналари келтирди. Бунёдкор маҳалласидаги маданият саройи биносининг тўртта хонаси тадбиркорга ажратилди. Дастлаб ўн, кейинчалик ўттиз беш нафар аёллар ишга қабул қилинди. Тикувчилик цехи “Жиззах Тоштепа Текстиль” МЧЖ билан шартнома асосида болалар ва катталар футболкаси, ички кийимлар тикиб, етказиб бериш мажбуриятини олди.

Тадбиркор аёлнинг иши жадаллашди, буюртмалар сони ҳам ошиб борди. Кейинчалиқ солиқ бўйича муаммолар тадбиркорнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатди. Гулҳаё туман ҳокимга учрашди. Тадбиркор аёл туман ҳокимининг ёрдами ва тўғри берган маслаҳати натижасида солиқ тўловларини бўлиб-бўлиб берса ҳам мумкин эканлигини кейин  тушуниб етди. Кичик корхонада ҳам баъзан катта муаммолар учраб туриши табиий ҳол. Гулҳаё қонун доирасида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти, ҳуқуқ ва имтиёзлари бўйича билимга эга бўлиш учун иқтисодиёт мутахассислигини ҳам чуқур ўрганаётир.

—Тадбиркорлик фаолиятимдаги тўсиқлар, муаммоларни барчасини тўғри ва тадбиркор манфаати учун ҳал қилиб берадиган туман ҳокими мен сингари аёл тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаётганидан бошим кўкка етади. Тўғрисини айтиш керак, фаолиятим давомида барча қийинчиликларни енгиб ўтишда, оддий тадбиркор аёлнинг муаммосини тинглаб, масаласини ижобий ҳал қилиб берадиган  ҳокимимизга миннатдорчилик билдираман.

Гулҳаё Шоҳимардонова Саритепа маҳалласида ҳам 20 ўринли тикувчилик цехи очди. Ҳунар ўрганаман деб ташриф буюрган қишлоқ хотин-қизларига у устозлик қилишда давом этмоқда.

Зоир ЭРГАШЕВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *