“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури орқали Жиззах вилоятида 2024 йилда 5490 нафар фуқарога таълим олиши ва касб-ҳунар ўрганиши учун имконият яратилиши кўзда тутилган. Бу мақсадда Зарбдор туманида фаолият юритаётган “Зирапча” МЧЖнинг ҳам режалари бисёр. Тумандаги ишсиз хотин-қизларга томорқачилик сирларини ўргатиш орқали доимий даромад манбаига эга бўлишларида кўмак кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари ушбу МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда ўз кучи билан камбағалликдан фаровонликка эришган аёл – Комила Жўраева тажрибасини кенг тарғиб қилишга бел боғлашди. Туманлараро марказий йўл бўйида жойлашган 30 сотихли томорқада мевали ва манзарали дарахт кўчатлари мавсум мобайнида, хонаки ва ландшафт гуллари йил давомида сотилади. Бундан ташқари совға учун сунъий гуллар, сайроқи қушлар ҳам харидоргир. Комила опа паррандачилик ва чорвачиликни йўлга қўйди. Тиниб-тинчимас опа яқинда водий вилоятларида бўлиб, сифатли қоқи тайёрлаш сирларини ўрганиб қайтди ва бу йил ўз боғидан 300 кг туршак тайёрлаб бозорга етазди. Ҳали 40 ёшга тўлмаган тадбиркор аёлнинг бу ютуқларига атиги 5 йил олдин ҳеч ким ишонмасди. Чунки у “Темир дафтар”га рўйхатга олинган, етти нафар фарзанди билан уйсиз-жойсиз эди. Унинг оёққа туриш тарихи ҳақида ўзидан эшитсак.

-Оилавий келишмовчиликлар сабаб фарзандларим билан кўчада қолдик. Ҳа, ростдан кўчада қолдик, – дейди Комила Жўраева. – Ҳозир биз турган мана шу томорқа хўжалиги тақир ва ташландиқ ер эди. Шу ерга келиб капа тикдик. Ўша пайтдаги туман ҳокими Ойбек Ашурматов ўтган-қайтганда менинг бу аҳволимни кўриб, чин дилдан ёрдам бергиси келди. Мендан “Нима ёрдам керак?” деб сўраганида “Менга ер беринг, меҳнат қилиб оёққа тураман” деб жавоб қилганман.”Уй керакмасми?” деб қайта-қайта сўраганларида ҳам “Аввал ер керак” деб туриб олдим. Шу капа тиккан жойимиздан ер ажратилди. Аввал битта иссиқхона қурдик. Болаларим билан ўша ерда қишлаган пайтимиз ҳам бўлди. Ўзим биология фанини яхши кўрганман, гулларни, кўчатларни парваришлаш табиатимга яқин юмуш бўлганидан гулчиликда ўз келажагимни кўрдим. Аста-секин яна иккита иссиқхона қурдик. Чор-атрофни айлантириб мевали кўчатлар экдик. Яқинда қудуқ қиздириб сув чиқардик. Қўшнимга раҳмат, унгача уларникидан челаклаб сув ташиб экинларимни кўкартирганман. Туманда бу йўналишда доимий фаолият йўқлиги сабаб тезда кўзга кўриндим. Харидорлар, давлат ташкилотлари буюртмалари кўпайиб қолди. Туман ҳокимлиги кўмаги билан икки хонали уй учун бошланғич тўлов қилинди. Ҳаётим аста-секин изга туша бошлади. Аммо осон бўлган эмас. Ҳозирги туман ҳокимимиз Зафар Рўзиев ҳам яқиндан кўмак кўрсатяптилар. Кадастр қилиш, иссиқхонани газлаштириш орқали фаолиятим олдинлади.

Ҳаёт қийинчиликларини яхшилар кўмагида енгиб ўтиб, ўзини тиклаб олган бу аёлнинг фарзандлари бугун нуфузли таълим масканларида ўқишмоқда. Улар дарсдан сўнг оналарига ёрдамчи. “Ласетти” ва “Трекер” енгил автомобилларини ўзи бошқаради Комила опа. Шу ерга уй солди, ватанли бўлди.
-Шундай чиройли бизнесингиз бор экан, номи нега “Зирапча”?- деб сўрадим.
-Бу ном менга оғир кунларимни ва қатъиятимни эслатиб туради, – дейди жилмайиб Комила опа. – Шу ишни йўлга қўяман деб қанча идораларга бориб сарсон бўлганман. Мени доим мамнун бўлиб кутиб олишмасди, албатта. Банклар кредит беришга қўрқарди. Чунки тайинли гаров объектим ҳам бўлмаган. Ишонасизми, туман ҳокими Ойбек Шодмонқулович менга кафил бўлиб, илк марта кредит олишимга сабаб бўлган. Хуллас, бир ташкилотга борганимда “Зирпачадай бўлиб яна келдими?” деган гапни эшитиб қолдим. “Ҳали “зирапча”нинг кимлигини кўрсатаман сизларга” дея бошлаган ишимга янада маҳкам тирмашдим. Худога шукр, юзим ёруғ бўлиб, бугун туманда мени ҳамма “Гулчи опа” деб танийди. “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг туман босқичи ғолиби бўлдим. Энди вилоят босқичига тайёргарлик кўраяпман.

Комила Жўраева яқинда 100 млн сўм банк кредити эвазига 5 гектар ер олиб, манзарали гул кўчатлари етиштиришни йўлга қўйди. Бу билан яна беш нафар инсоннинг бандлиги таъминланади. Дарвоқе, томорқада “Зирапча” кутубхонаси ҳам ташкил қилинган. Журналист Саид Донишев кутубхонага 20 номдаги бадиий адабиётлар тақдим қилди. Пресс-тур иштирокчилари аёл матонати ва сабри орқали бунёд бўлган ушбу маскандан катта таассурот билан қайтдилар. Ҳар бир туманда мана шундай тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш камбағалликни камайтиришда самарали ва илғор ечим эканлиги таъкидланди.
Муқаддас САПАРОВА.
С.НОРБЕКОВ олган суратлар.