“ТЕМИР ХОТИН” ЎЙЛАБ ТОПИЛМАГАН – У ЁНИМИЗДА

Бозоргул опа одатдагидай 4:30 да уйғонди. Бомдоддан сўнг челакни кўтариб, оғилхонага йўл олди. Зоя – сигири яқинда болалаган, уни эркалаб, силаб-сийпаб ем бергач, соғишни бошлади. Ёғли сут кўпириб, бирпасда  челакни тўлдирди. Янги соғилган сут ҳиди унга атирдек ёқади – бу ҳид унга меҳнат билан ўтган болалигини, ота ҳовлисини эслатади. Бузоқчани бўшатиб юборгач, болалари – уйида очган уй-боғчанинг тарбияланувчилари учун бўтқа тайёрлаш мақсадида сутни пиширишга қўйди.

 

 Унинг кун тартиби шундай. Сутни соғиб олгач, қолган 9 бош қорамолига емиш беради. 40 та қўйи, қуёнларига қарайди. Лимонарийни шамоллатади. Сўнг бирин-кетин кириб келувчи тарбияланувчиларни қабул қилади. Уларнинг нонуштаси тортилгач, ҳамшира, тарбияси ва энаганинг кунлик юмушларини кузатади. Тушлик ва толмачойнинг ташвишини қилади. Газ ўчиб қолса, дарров ўчоққа ўт қалайди. Мева-чевага таъм кира бошлаши билан боғидаги 200 туп мевали дарахт, 200 туп токнинг ҳосилини йиғиб олиш, сотиш, истеъмолдан ортиқчасини қоқи, майиз қилиш билан банд бўлади. Қўллари бир зум тиним билмайди,  қошига ўсма қўйишга вақти бўлмаса-да, бир кафт ерига экиб қўяди. Ҳовлисида анвойи гулларнинг қийғос очилиб ётиши ҳам уйда чаққон ва ораста аёл борлигидан дарак беради.Қаҳрамонимиз – Бозоргул Холиқова Форишнинг Осмонсой қишлоғида туғилиб ўсган ва яшаётган аёл. Яхши қиз қўшнидан ортмади – меҳнаткаш ва тарбияли оиланинг қизини ён қўшниси ҳавас қилиб келин қилди. Эркин ака (раҳматли) ва Бозоргул опа уч фарзандли, 8 неварали бўлишди. Болаликдан меҳнатга ўрганган Бозоргул опа “сув йўқ, газ йўқ, иш йўқ” деб баҳона қилиб ўтирмайди. Қўрасида доим мол, қўй, товуқ бўлган. Бир йили қуён боқди. Баракали аёл эмасми, қуёнлари ҳеч ерга сиғмай кетди. Барини гўштга топшириб, базўр саранжомлади.

Уч йил аввал ҳовлининг бир бурчидан 12х4 метрли ҳандақ қазитиб, 4 туп лимон экди. Ўша йили 500 минг даромад қилган бўлса, кейинги мавсумда ўн баробар кўп фойда кўрди. Ҳозир бозорда бир кило лимон 25 минг, 4 донаси бир кило чиқиб турибди-да. Лимонарийнинг ёқимли ҳиди ва илиқлиги кишининг баҳри-дилини очади.

-Тўғриси, урунчоқлигим сабаб ҳамма ишни қилиб кўргим келади, дейди Бозоргул опа. –  Шу лимон ўстиришни ҳам ҳеч кимдан ўрганмаганман. Унда-бунда эшитганларим бўйича таваккал қилиб ўстириб кўрдим. Кўриб турганингиздай, 2.5 метр ҳандақнинг усти махсус қоплама билан ёпилган, холос. Ҳеч қанақа газ ё бошқа иссиқлик керак эмас. Қуёш нурининг ўзи етарли. Бир йилда бир неча марта ҳосил беради. Фақат вақтида шамоллатиб, қишда иссиқликни сақлаб туриш учун қўй гўнгги бурчакларга тўкиб чиқилади. Лимон кўчати етиштиришни ҳам йўлга қўйдим. Донасини 25-30 мингдан сотаман. Ўзи астойдил ишласанг, уйдан чиққан ҳамма нарсани пулга чақиш мумкин.

Бозоргул опа  Жиззах педагогика техникумини тугатган эмасми, қишлоқдаги боғчада тарбиячи бўлиб ишлади. Сўнг “кўтарилиб”, Осмонсой МФЙ раисининг ўринбосари, хотин-қизлар маслаҳатчиси вазифаларида  ишлади. 2018 йилда уй-боғча очиш масаласи кун тартибига чиққанида ўз ҳисобидан янги уй қуриб, “Янги юлдуз” номли хусусий МТМ очди. Шароитлари, билимли, меҳрибон устозлари, сифатли овқатлантириши сабаб, тарбияланувчилари сони 40 тага етди.

Икки қизи – Элнора ва Рушана ҳам онаси каби чаққон, ишбилармон. Улар ҳам ўз қишлоғига келин бўлган. Саҳар туриб, тугамайдиган уй юмушлари баробарида энг масъулиятли иш – болалар боғчасини юритишда оналарига яқин кўмакчи.

Қишлоқ десам Сиз келасиз кўз ўнгимга

…Асли бу ҳикоямиз қаҳрамони Сизга аллақачон таниш. Қишлоқнинг чанг кўчалари, пода қайтардаги “ҳай-ҳуйт”лар, кечки пайт кучукларнинг тинимсиз ҳуриши, чигиртканинг йўнғичқапоядаги чириллаши, лойқа сувли ариқ бўйларидаги ялпизларнинг ҳаммаси – қишлоқ аёллари сиймосида бизга таниш ва қадрдон. Райҳон шохчасини чаккасига қистириб олган онахонлар, эркаклар тўпланиб турган кўчадан нигоҳини ердан узмай, шошиб-пишиб ўтиб кетадиган қизалоқлар, иссиқ нон тўла саватни кўтариб тандирхонадан чиқиб келаётган келинчаклар – ҳаммаси қишлоқнинг вафодор ва меҳнаткаш  аёлларидир. Бу манзараларнинг секин-аста экзотик тус олаётгани ҳам аслида ўзбекона қадриятлардаги катта йўқотишдир. Клипларда қишлоқи қизни кўрсатаман деб, бачкана бўлиб оладиган, ҳей, “юлдузлар”, ботекс лабингиз, ялтираган тирноқларингиз қуёшдан буғдойрангга кирган юзлар, меҳнатдан ёрилган бармоқларга асло тенг келмайди. Қишлоқ аёлига бағишланган бир кунда ҳам уларнинг асло туганмас ишлари, мудом такрорланувчи юмушлари тўхтамайди. Айтмоқчи, бу юмушларга Аломат ҳам чидолмай, куйиб кетган эди. Аммо қишлоғимнинг чин маънодаги маликалари, гўзаллари, ўзбекойимлари адоқсиз юмушлардан асло чарчамайдилар, ор қилмайдилар. Қайтага бордан йўқ қилиб, даромад топадилар. Керак бўлса, эркаклар билан теппа тенг ўт ўриб, лой қорийди. Аммо ўзи учун, қадри учун курашмайди, буни ор билиб, дардини ичга ютади. Эрталаб яна ҳеч нима бўлмагандай ишига кўмилиб кетади…  

 

 Бозоргул опанинг хусусий МТМ учун гўшт, сут, сариёғ, қаймоқ, қатиқ, ёғ, тухум, мева-чева, сабзавотлар ўз хўжалигидан чиқади. Буларнинг барини ўзи фарзандлари билан етиштиради. Ёшим 50 дан ошди, шунча даромадим бор-ку, деб ўтирмайди. Опа ҳозир Ўзбекистон-Россия қўшма таълим дастури асосида очилган хусусий университетда 2-босқичда сиртқи таълим олаяпти.

 -Жоним бор экан, янгиликка интиламан. Меҳнатдан ҳеч вақт қочмаганман. Болаларимга ҳам шуни ўргатдим. Ҳалол меҳнат – ҳалол даромад – менинг шиорим. Ҳафтада бир бўладиган Осмонсой бозоридан ҳам иккита савдо жойи олганмиз. Хуллас, яхши иш бошласанг, уни доим Оллоҳ қўллайди.    

 Нима учун Бозоргул опага ҳавас қилдим. Меҳнатининг роҳатини кўраётганидан, ёлғиз боши билан ҳаммасини эплаётганидан, руҳи тетиклиги ва кўтаринкилигидан, кўнгли тозалигича қолганидан, меҳнати қадр топиб, туман, вилоят ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилаётганидан… Бундай инсонлар ҳалол меҳнат ва унинг фазилатини тарғиб қилишда ҳаётий мисоллардир.

Тадбиркорликка жалб этилади

-Туманимизда 7987 нафар хотин-қизларнинг бари қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аёллар ҳисобланади, – дейди туман ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар бўлими бошлиғи Элнора Умматова. – Сўнгги йилларда жамиятда хотин-қизларнинг мавқеини ошириш борасида амалга оширилаётган таъсирчан чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Масалан, бу ўқув йилида туманимиздан олий ўқув юртига ўқишга кирган хотин-қизлар йигитларга нисбатан кўпроқ – 48 фоизни ташкил қилмоқда. Халқ орасида юриб, шунга амин бўлмоқдаманки, ҳозир аёлларимизнинг луғатида “мотивация”, “психология”, “юридик маълумотлар” каби замонавий тушунчалар пайдо бўлган. Хоҳ муаммоли, хоҳ ютуқли аёл бўлсин, мана шу сўзлардан фойдаланиб, ўз фикрини баён этади. Бу эса хотин-қизларнинг серқирра ривожланиш босқичига қадам қўяётганига бир белгидир.

 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Mаҳкамаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 15 октябрь санасини “Халқаро қишлоқ аёллари куни” сифатида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифини маъқуллади. Ушбу сана 2007 йилда БМТ Бош Aссамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги 62/136-сонли резолюцияси билан расман тасдиқланган. 5 йилдирки, 15 октябрь юртимиздаги 8 млн. 730 минг нафар қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ва маданий-маърифий тадбирлар тарзида нишонланади. Бу йил ҳам Халқаро қишлоқ аёллари кунида вилоятимиз бўйлаб ҳамкор ташкилотлар иштирокида 400 минг нафарга яқин қишлоқ ҳудудларида яшовчи хотин-қизлар учун байрам тадбирлари, очиқ мулоқотлар, қишлоқ хўжалигида банд аёллар етиштирган маҳсулотлар кўргазмаси ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Тадбирларда уларнинг руҳини кўтариш, муамомоларига ечим топиш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, тадбиркорликка жалб этиш каби масалалар ҳам ўрганилаётир.  

 …Бозоргул опа деярли тиним билмай ўтказган иш кунидан сўнг оромкурсига чўкиб, иссиқ кўк чой ичаркан, телевизордаги хабарларга қулоқ тутди. “15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни” тадбирлари жойларда қизғин ўтди”… Сухандон қизнинг қўнғироқдек овозидан  опанинг юзига табассум югурди. “Тавба, шунақа кун ҳам бор экан-да. Аммо ростдан бизларга ҳайкал қўйса арзийди. Тиним билмаслик майли,  нолишни ҳам билмабмиз-а. Ҳозирги ёшларни ҳам кўпроқ меҳнатга ўргатса, танбаллар камайиб, оилаларда ажралишлар, тушунмовчиликлар ҳам  бўлмасмиди…” дея кўнглидан ўтказаркан, набирасининг уй вазифаларини кўтариб келганига чалғиди…

Муқаддас САПАРОВА.          

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *