Янги авлод моделлари Жиззахда йиғилмоқда

      “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида ўз фаолиятини бошлаган “АDM JIZZAKH” МЧЖ автомобиль мультибренд холдинги ташкил этилганидан буён мамлакатимиз автомобилсозлик саноатини ривожлантириш учун янги имкониятлар очди. Мазкур компания мамлакатимизда маҳаллийлаштирилган ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, маҳаллий бозорга сифатли ва арзон автомобилларни етказиб беришни мақсад қилган.

Мазкур заводнинг ташкил этилиши Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган “Бир макон, бир йўл” стратегиясининг янги босқичини амалга ошираётган ҳамкор давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда,  Ўзбекистон автомобиль саноатини модернизация қилишда ҳам муҳим роль ўйнайди.

Таъсисчиси “Roodell” компанияси бўлган “АDM JIZZAKH” МЧЖ  нафақат ишлаб чиқариш майдончаси, балки бутун соҳани ўзгартирувчи ижтимоий-иқтисодий лойиҳадир. Доимий янгилаш ва модернизация қилиш жараёнида завод ўз ишлаб чиқариш қуввати ва технологиясини босқичма-босқич такомиллаштириб боради.

“Roodell” мультибренд компанияси “КIA”, “Chery”, “LADA”, “Renault” русумли автомобилларнинг расмий дистрибьютори (етказиб берувчи, таъминотчи) бўлиб, республика бўйлаб 30 та филиални ўз ичига олганлигини  қўшимча қилиш керак.

Технологик тараққиёт ва инновациялар бугун автомобилсозлик муваффақиятининг муҳим омилига айланган дунёда “АDM JIZZAKH” МЧЖ етакчи бўлишга интилади. Завод конвейеридан чиқадиган ҳар бир автомобиль доимий такомиллаштириш ва изланишлар маҳсулидир. Айни пайтда заводда “KIA” (Жанубий Корея) ва “Chery”(Хитой) брендлари остида 16 турдаги модел ишлаб чиқарилмоқда.

Автомобиль заводи Тiggо 8 Pro Мах, Тiggo 7 Pro  ва Аrrizo 6 Pro флагман кроссоверларини кенг миқёсда йиғишни амалга оширмоқда.  Шу билан бирга 75 гектар майдонда  маҳаллийлаштириш даражаси юқори бўлган автомобилларни йиғишнинг тўлиқ циклини амалга ошириш учун инфратузилма жойлаштирилади. Мажмуа барқарор ривожланиш концепциясига мувофиқ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва энергия тежамкор  инновацион муҳандислик ечимларидан фойдаланган ҳолда замонавий ускуналар билан жиҳозланади. Лойиҳага 250 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритилди. Завод  йилига 100 мингдан ортиқ автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, 2024 йилнинг мартида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга корхона фаолияти кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга туртки бўлди.  Бугунги кунда Жиззах шаҳри, Пахтакор ва Шароф Рашидов туманларида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича 500 миллион долларлик 60 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, иқтисодий зонада Америка ва Европанинг етакчи муҳандислик компаниялари билан биргаликда экспериментал лойиҳалаш маркази ташкил этилади.

Йил бошидан буён корхонада иккита тўлиқ сменада иш йўлга қўйилди, бу эса қўшимча 600 та иш ўрни яратиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 3,5 баробар ошириш имконини берди. Агар 2022 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 7351 дона автомобилни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида 10 минг дона автомобиль ишлаб чиқаришга эришилди. Ўтган олти ойда жами киритилган инвестициялар деярли 40 миллион долларни ташкил этди.

Автомобиль заводи раҳбариятининг таъкидлашича, корхонада замонавий технологиялар ва илғор  усуллар қўлланилаётгани сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш имконини бермоқда. 72 та АВВ типидаги роботлар ва юзлаб ишчилар назоратида пайвандлаш цехидаги асосий иш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган.  Қўл меҳнати  асосан модулларни йиғишда, эшиклар, капот ва юкхоналарни ўрнатишда лозим бўлади. Бўёқ цехида ҳам роботлардан кенг фойдаланилади. Ҳозирча автомобиль заводида маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоизга етди.

– “Chery” ва “КIA” автомобиллари Ўзбекистон бозорида   дизайни, шунингдек, нарх ва вариантлар танлашнинг қулай нисбати билан ўзини яхши исботлади. —Шу боис уларга харидорлар томонидан талаб катта, – дейди “АDМ Global” МЧЖ бош директори Дониёр ДАВЛЕТИЯРОВ. –Талабни қондириш мақсадида “АDM JIZZAKH” МЧЖ заводи жамоаси цехга келаётган автомобиль эҳтиётларини йиғиш ва текшириш устида тинимсиз меҳнат қилишмоқда. —Маҳсулотларимиз тезда дилерлик марказларига, кейин эса улар орқали ўз эгаларига эсон-омон юборилишини таъминб, мижозларга, уларнинг хонадонларига  бахтиёрлик ва хурсандчилик олиб кираётганимиздан биз ҳам фахрланамиз.

 

Зоир ЭРГАШЕВ.

(“Жиззах ҳақиқати”)

Руслан ЖАЛИЛОВ.

(Джизакская правда)

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *