Мактаб ўқитувчисининг маоши ижтимоий тармоқларнинг “кундалик” мавзуларидан бири. Муҳокама қилинадиган мавзу қолмаса, яна шу масала ёки бошқа муҳокамалар доирасида буни албатта тилга оладилар. Биз Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан боғланиб, вилоятимизда энг кўп маош оладиган ўқитувчи ҳақида сўрадик. Албатта, бировнинг ҳамёнидаги пулни ҳисоблаш ноқулай, аммо омадни қарангки, қаҳрамонимиз бу ҳақда очиқ гапириш мумкин ва ҳаттоки зарур, деб ҳисоблади.
Зулфия ТАШБЕКОВА – Жиззах шаҳридаги 22-сонли ИДУМнинг биология фани ўқитувчиси, олий тоифали педагог. 2006 йилда Жиззах давлат педагогика институтини, сўнг шу институт магистратурасини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2006 йилда Шароф Рашидов туманидаги 8-сонли ўрта мактабда биология фани ўқитувчилигидан бошлаган. Сўнг Жиззах тиббиёт коллежида, ЖДПУда дарс берган. Икки йилдирки, ихтисослаштирилган мактабда фаолият юритмоқда. Вилоятимизда энг кўп маош оладиган ўқитувчининг педагогик маҳорати, маънавий қиёфаси ва албатта, шунча маошга лойиқ хизматлари Сизни ҳам бефарқ қолдирмаса керак.
- Мен ўрта-махсус, олий таълим тизимида кўп йиллар ишладим, – дейди у. – Аммо халқ таълими шахсни тарбиялаш пойдевори, бола келажаги ва дунёқарашии шакллантириш босқичи эканлиги билан менга жуда ёқди. 22-мактаб жамоаси мени илиқ қабул қилди. Бундан илҳомланиб, химия-биология фанларидан 7-синфдан бошлаб вариатив синфлар яратдим. 11-синфга раҳбарман. Аммо қолган барча синфларимга маънавий онаман десам янглишмайман. Чунки мен ҳар бир ўқувчининг психологияси, ютуқлари ва нуқсонларини ўргандим. Уларга қандай ёндошув самарали бўлишини биламан. Кимдир индамас, кимдир тўполончи, шу хислатларини ўзларига айтиб яхши кўраман. Асосийси, уларни севишимни яширмайман. Улар мен ёқтирмай қолишим учун ўз камчиликларини тузатишга ҳаракат қиладилар. Мени “она” деб чақиришади. Маънавият соати фақат мотивация бериш, ҳурмат, ишонч, рағбат каби мавзуларда ўтади. Ҳаттоки ҳар дарсимда мотивация дақиқаси бўлади. Менинг асосий ёндошувим – бола ўқитувчини севиш орқали фанга муҳаббат қўйиши. Бунга эришиш учун уларга совғалар бериш эмас, ўрнида қаттиққўллик, ўрнида меҳр, ўрнида талабчанлик лозим. Ўқувчи “2” баҳога лойиқ жавоб бердими, ўша заҳоти Kundalik.comга киритаман. Кейинги сафар бу ҳолат такрорланмайди. Конспектларни инфография усулида талаб қиламан. Бу креативликни кучайтиради, ёдда қолишни яхшилайди/ Аввал ўзим ўргатаман, аммо кейинчалик ўқувчиларнинг ижодкорлик билан инфография ясашлари мени ҳайратда қолдиради.

Ўзим ўқитувчи бўламан деб орзу қилмаганман. Академик лицейни математика-информатика йўналишида тамомладим. Аммо тиббиёт йўналишига қизиқишим боис Тошкент Тиббиёт институтига ҳужжат топширдим. Деярли тайёргарлик кўрмай тўлов-шартнома асосида ўқишга кирдим. Оилада олти фарзанднинг каттаси бўлганим, дадам бир ўзи экани боис ўқимадим. Кейинги йил Жиззах давлат педагогика институтига грант асосида ўқишга кирдим. Бу танловимдан ҳеч ҳам афсусланмайман. Агар шифокор бўлсам, шогирдларим, бир талай беморларим бўларди. Бемор фақат жони оғриганида шифокорни эслайди. Ўқитувчини эса шогирдлари ҳар ютуғида эслайди. Худди мен Зарбдор тумани 3-мактабдаги Дилором Номозова исмли она тили-адабиёти фани ўқитувчисини доим эслаганим каби. У ёзги таътилда 6 та бадиий адабиёт ўқишни вазифа қилиб берарди. Сентябрда шу ҳақда иншо ёзардик. Ўша пайти нолиганмиз. Бугун эса нотиқлигимни ривожлантиргани, тил бойлигимни бениҳоя оширгани учун шу инсондан чексиз миннатдорман.
Ойлик маошимнинг таркибини рости билмайман. Аммо бу даражага етиш учун озмунча меҳнат қилдимми? Шу сабаб маошимнинг ҳар бир сўмини қадрлаб ишлатаман. Менинг ўсишимда оиламнинг ҳиссаси жуда катта. Олий таълим давомида, кейинги фаолиятимда ҳам изланишларим учун шароит яратиб беришган. Мустақил тадқиқотчи сифатида илмий иш қилишга киришдим.
Ўқувчиларим ушбу ўқув йилида 7-8-9-10-синфларда биология бўйича билимлар беллашувининг шаҳар босқичида 1-ўринни эгаллашди. 11-синф ўқувчим вилоятда кучли бешталикка кирди ва қайта синов якунига кўра муддатидан олдин ЖДПУ табиий фанлар йўналишига грант асосида ўқишга қабул қилинди. 4 нафар ўқувчим Швейцария, Россия ва юртимиздаги хусусий олий ўқув юртларига тиббиёт йўналишига қабул қилинди. Ўқувчиларимнинг 80 фоизи ўқишга киришини прогноз қилмоқдаман. Уларнинг ютуқ ва камчилик жиҳатларини яхши билганим боис келажак йўналишларини ҳам танлашга кўмаклашиб, олий ўқув юртларини танлашда тавсияларимни бераман.

Асосий мавзу – Зулфия Ташбекованинг ойлик маоши хусусида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Шаҳноза Бозоровага юзландик.
– Зулфия ҳақиқатдан ҳам жуда интилувчан, замонавий талаблар асосида ишлайдиган педагог. “Жиззах тажрибаси” семинарида республика ўқитувчилари ҳам унинг билими, тажрибасига юксак баҳо беришди. Унинг ҳар бир дарси – очиқ дарс. Ўқувчилар устознинг қатъий талабларига мослашган, ўзи сингари билимли. Ёш бўлса-да, Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими вазири жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳар ойлик устама оладиган икки нафар ўқитувчимизнинг бири. Бу устама 5 млн. сўмни ташкил этмоқда. Ўқитувчининг маошига синф раҳбарлиги, биология фанидан миллий сертификатга эгалиги, касбий маҳорати, кимё-биологияга ихтисослашган синфларга дарс ўтиши каби мезонлар асосида устамалар ҳам белгиланган. Натижада ҳар ойда оладиган маоши 12 500 000 сўмга етди. Ўз устида ишлайдиган, фидойи ўқитувчиларнинг маоши кейинги ўқув йилида янада ошиши Президентимизнинг 22 май куни мактабгача таълим ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишувида эълон қилингани бизни бениҳоя руҳлантирди. Яъни, малака сертификати олган ўқитувчиларга 70 фоизгача устама тўланиши, умумтаълим мактабларига бюджетдан ташқари маблағлардан эркин фойдаланиш ҳуқуқи берилгани уларнинг моддий аҳволини яхшилаш ҳамда ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўлаш имконини бериши жуда катта рағбатдир.
Зулфия ойлик маошидан ташқари репетиторлик фаолиятидан оладиган маблағи билан ҳар ойлик даромади 18 млн. сўмгача етишини яширмади.
– Жамиятимиз очиқ ва кучлиларни танлайдиган бўлиб бормоқда. Ўқитувчининг меҳнати қадр топиши учун ўзи ҳам бунга муносиб бўлиши керак. Мақсад сари интилиш, тўғри қарор қабул қилиш, позитивлик, очиқлик ва ўзаро ҳурмат ҳар қандай касбдаги камолни таъминлайди, – деди вилоятимизнинг энг бадавлат ўқитувчиси.
Муқаддас САПАРОВА.